Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Ваҳима тарқатганлик учун кимлар жавобгар бўлади?


Сўнгги кунларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган COVID-19 коронавируси билан зарарланган беморлар сони вирус аниқланган ҳудуд Хитойда ўсиш суръати камайган бўлсада, дунёнинг бошқа мамлакатларида ушбу вируснинг тарқалиш даражаси кун сайин ошмоқда, коронавирусга чалинган беморлар сони эса юқори суръатларда ўсмоқда.

Дарҳақиқат, Италияда 21 мингдан, Эронда – 12 мингдан, Жанубий Кореяда эса 8 мингдан ортиқ аҳоли мазкур вирус билан зарарланган ва ҳозирда мазкур ҳолат дунёнинг 142 та давлатида аниқланган.

Ўзбекистонда ҳам жорий йилнинг 15 март куни Республика Вирусология институти лабораториясида Францияда бўлиб қайтган бир нафар Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланган. Шунга кўра юртимизда айни пайтда эпидемиологик суриштирув ҳамда касалликни тарқалиб кетмаслиги учун барча профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Бош вазири А.Арипов коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадида ўтказилган шошилинч йиғилишда коронавирус сабаб Ўзбекистондаги барча ОТМ талабалари, мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига 16 мартдан таътил берилиши ҳамда Наврўз умумхалқ сайллари, оммавий маросимлар, жумладан, улоқ-кўпкари, кураш ва бошқа одамлар кўп тўпланадиган тадбирлар вақтинча ўтказмаслик белгиланди. Шу билан бирга 16 мартдан Ўзбекистоннинг чет эл давлатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилмоқда. Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга қайтишлари мумкин бўлади, бироқ қайтгандан кейин 14 кунлик карантинда бўлишлари талаб этилади.

Албатта, янги хавфли инфекцияни эътиборсиз қолдириш мумкин эмас, аммо масаланинг бошқа жиҳатлари ҳам борки, буни асло ёддан чиқармаслик керак. Мисол учун, тадқиқотларда аён бўлмоқдаки, интернетда, хусусан, ижтимой тармоқларда ҳар куни миллионлаб ёлғон хабарлар тарқатилмоқда. Уларнинг оқибатлари ҳам турлича. Баъзилари ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаса-да, айримлари ишонарлилиги билан кишини ташвишга солиб қўяди. Айни пайтда баъзилар турли мақсадларни кўзлаб, ёлғон ва асоссиз маълумотларни тарқатишга ҳаракат қилишлари мумкин. Унутмаслик лозимки, "ёлғон ва текширилмаган ҳамда одамларда ваҳима яратадиган хабарлар тарқатадиган шахсларга нисбатан амалдаги қонунчилик доирасида жавобгарлик чоралари кўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1-моддасига кўра

- аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;

- аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;

- юқоридаги ҳаракатлар:
* олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан;
* хизмат мавқеидан фойдаланиб;
* диний ташкилотлардан, шунингдек чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб;
* оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ёлғон ахборот қанчалик тез тарқалса, ҳақиқий ҳолат тўғрисида ахборотнинг қабул қилиниши ва тарқалиши қийинлашади, чунки бунгача кишилар ёлғон ахборотга асосланиб, тегишли хулосалар чиқариб бўлишади.

Шунга кўра ОАВлар, блогерлар COVID-19 коронавирус инфекцияси тўғрисида маълумотларни тайёрлаш ва тарқатишда расмий маълумотларга таянган ҳолда олиб боришлари ва айни пайтда масъул мутассадиларимизни ҳар бир ҳолат бўйича тезкорлик билан расмий муносабат билдиришлари лозимдир. Фуқароларимиздан эса ваҳима ва қўрқувга берилмасдан вирусдан ҳимояланишнинг оддий, элементар қоидаларига риоя қилиб, турли асоссиз маълумотларга ишонмасликлари тавсия этилади.

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Б.Нишонов