Янгиликлар
Нотариал округда чекланмаган миқдорда хусусий нотариуслар ташкил этилиши мумкин
“Нодавлат нотариал фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” Ҳукумат қарорига билан Нотариал округдаги нотариуслар лавозимларининг энг кам сонини белгилаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
Унга кўра, нотариал округда хусусий нотариуслар сони тегишли округда нотариуслар лавозимларининг белгиланган энг кам сонидан кам бўлган тақдирда давлат нотариуси лавозими таъсис этилади.
Нотариал округда нотариуслар лавозимларининг энг кам сони Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.
Нотариал округда хусусий нотариуслар сони чекланмаган миқдорда ташкил этилиши мумкин.
Ҳар бир нотариал округда камида битта нотариус фаолият юритиши шарт. Нотариуслар лавозимларининг энг кам сонини белгилашда қуйидаги мезонлар ҳисобга олинади:
- нотариал округ нотариуслари томонидан охирги 3 йилда амалга оширилган нотариал ҳаракатларнинг ўртача ойлик сони (битта нотариусга 300-400 нотариал ҳаракат);
- нотариал округдаги аҳоли сони:
• Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказлари чегараларида белгиланган нотариал округларда – 10 мингдан кўп бўлмаган аҳолига бир нотариус;
• вилоят бўйсунишидаги шаҳарлар чегараларида белгиланган нотариал округларда – 25 мингдан кўп бўлмаган аҳолига бир нотариус;
• қишлоқ туманлари чегараларида белгиланган нотариал округларда – 30 мингдан кўп бўлмаган аҳолига бир нотариус.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими