Янгиликлар
Фамилия-исмингиз тўғри ёзилганми?
Исм-фамилиянинг русча талаффуз билан хато айтилиши билан шу ҳолатда ёзилишига кўп дуч келганмиз. Бундай камчиликлар нафақат оддий ҳужжат алмашинувларида, балки расмий ҳужжатларда ҳам кузатилиши ачинарли ҳолдир. Шахснинг исм-шарифига нисбатан бундай ҳурматсизлик нафақат унинг маъносини ўзгартириб юбориши, балки келажакда яна бир қанча ноқулайликларни ҳам туғдириши мумкин.
Расмий ҳужжатларда исм ва фамилиянинг нотўғри ёзилиши собиқ Cовет давридан қолдирилган мерослардан биридир. Ўша даврда расмий идоралардаги мутасадди шахслар исм-фамилияни расмийлаштиришда қандай эшитса, худди шундай қайд этган. Аммо бу чалкашликлар тўғриланмаса бир кун келиб фуқароларга муаммо туғдириши аниқ.
Маълумотларга қараганда, исм-фамилияси ҳужжатларда нотўғри қайд қилинганларнинг 82 фоизи ҳужжатга ўзгартириш киритишни ортиқча ташвиш, деб ҳисоблагани учун ҳам хатони била туриб ўзгартирмасликни афзал кўради ва фақат зарурият туғилганда хатони тўғрилашга киришади.
Жумладан, Жондор туман адлия бўлимига фуқаро Генжаева Хумор Рўзибоевна, Астанов Рўзи Тошович, Валиходжаева Санобархон Базарбаевна, Болтаева Ражабой Эргашовналар мурожаат қилиб муқаддам ишлаган ширкат хўжаликларида фамилияси ва исми билан боғлиқ иш ҳақи дафтарларида нотўғри ёзувлар қайд этилганлиги сабабли, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Жондор туман бўлими томонидан уларга ёшга доир пенсия тайинлашда ҳисобга олинмаганлигини маълум қилишган.
Шунга асосан адлия ходимлари томонидан мурожаатлар батафсил ўрганиб чиқилганда:
- фуқаро Генжаева Хумор Рўзибоевна тумандаги “Ўзбекистон” ширкат хўжалигида иш ҳақи дафтарларида 1982 йилдан 1985 йилгача ишлаган иш даврида исми Нигора деб, 1986 йилда Хумор-Нигора деб, 1987 йилдан 1999 йилгача фамилияси Кенжаева деб юритилганлиги, аслида, “Ўзбекистон” ширкат хўжалиги томонидан иш ҳақи ҳисоблаш дафтарларида фуқаро Генжаева Хумор Рўзибоевна деб юритилиши лозим ҳисоблансада иш ҳақи ҳисоблаш дафтарларида исми Нигора ва фамилияси Кенжаева деб нотўғри ёзувлар қайд қилинганлиги;
- фуқаро Астанов Рўзи Тошович тумандаги “Ўзбекистон” ширкат хўжалиги ва собиқ “Мохонкўл” совхозида иш ҳақи дафтарларида 1978 йилдан 2000 йилгача ишлаган иш даврида исми Рўзибой, фамилияси Остонов деб юритилганлиги, аслида, “Ўзбекистон” ширкат хўжалиги ва собиқ “Мохокўл” совхози томонидан иш ҳақи ҳисоблаш дафтарларида фуқаро Астанов Рўзи Тошович деб юритилиши лозим ҳисоблансада иш ҳақи ҳисоблаш дафтарларида исми Рўзибой ва фамилияси Остонов деб нотўғри ёзувлар қайд қилинганлиги;
- фуқаро Валиходжаева Санобархон Базарбаевна тумандаги “Т.Ҳотамов” ширкат хўжалигида иш ҳақи дафтарларида 1989 йилдан 2005 йилгача ишлаган иш даврида исми Санобар деб, фамилияси Валижўжаева деб юритилганлиги, аслида, “Т.Ҳотамов” ширкат хўжалиги томонидан иш ҳақи ҳисоблаш дафтарларида фуқаро Валиходжаева Санобархон Базарбаевна деб юритилиши лозим ҳисоблансада иш ҳақи ҳисоблаш дафтарларида исми Санобар ва фамилияси Валихўжаева деб нотўғри ёзувлар қайд қилинганлиги;
- фуқаро Болтаева Ражабой Эргашовна тумандаги “Н.Ражабов” ширкат хўжалигида иш ҳақи дафтарларида 1988 йилдан 1999 йилгача ишлаган иш даврида исми Ражабгул деб юритилганлиги, аслида, “Н.Ражабов” ширкат хўжалиги томонидан иш ҳақи ҳисоблаш дафтарларида фуқаро Болтаева Ражабой Эргашовна деб юритилиши лозим ҳисоблансада иш ҳақи ҳисоблаш дафтарларида исми Ражабгул деб нотўғри ёзувлар киритилганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида” низомнинг 80-бандида агар иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжатда кўрсатилган исми, отасининг исми ёки фамилияси паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома бўйича исми, отасининг исми ёки фамилияси билан мос бўлмаса ушбу ҳужжатнинг мазкур шахсга тегишлилиги ҳолати фақат меҳнат дафтарчасини ёки иш стажи тўғрисидаги бошқа ҳужжатни биринчи марта берган ташкилот томонидан тасдиқланиши мумкинлигини, бошқа барча ҳолларда ҳужжатларнинг тааллуқлилиги суд томонидан белгиланиши шартлиги қайд этилганлигини ҳамда юқоридаги собиқ ширкат хўжаликлари тугатилганлигини инобатга олиб ФИБ Ромитан туманлараро судига туман адлия бўлими томонидан аризачи шахсларни манфаатларини кўзлаб юридик фактни белгилаш ҳақидаги аризалар киритилди ва суд томонидан қаноатлантириб берилди.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Б.Нишонов