Янгиликлар
Ўзбекистон Республикасида Коронавирус инфекциясига қарши курашиш ишлари давом этмоқда.
Коронавирус пандемияси дунё бўйлаб таҳдид солиб турган бир пайтда, юртимизда ушбу инфекция тарқалишининг олдини олиш борасида тезкор ва қатъий чоралар кўрилмоқда. Президентимизнинг топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг жорий йилнинг 28 март кунидаги қарори билан Республика бўйлаб бир қатор чекловлар ўрнатилган бўлиб унга кўра 30 март соат 00:01 дан 20 апрель 00:01 га қадар Ўзбекистондаги мавжуд барча аэропортлар ёпилади ва авиақатновлар бутунлай тўхтатилиши белгиланди.
Шунингдек, 30 март соат 06:00 дан 20 апрель соат 00:01 га қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари орқали ҳаракатланиш Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида амалга ошириладиган бўлди.
2020 йил 30 март куни Республика махсус комиссияси йиғилиши қарори билан Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатнома расмийлаштиришнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди.
Вақтинчалик тартибга кўра, рухсатнома ариза берувчининг тегишли автотранспорт воситаларига вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш ҳуқуқини беради. Бунда, рухсатномага илова қилинган стикер автотранспорт воситасининг олд ойнаси пастки ўнг бурчагига ўрнатилади.
Рухсатнома ДХМлар томонидан берилади.Рухсатнома берилганлиги учун тўлов ундирилмайди.Ариза берувчи рухсатнома олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП)да рўйхатдан ўтади ва мустақил равишда сўровномани электрон шаклда тўлдиради.
Сўровномага рухсатнома олиш учун асос бўлган ҳужжат нусхаси (лицензияланадиган фаолият тури бўйича лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат, ходимнинг меҳнат дафтарчаси ва лавозимга тайинланганлиги тўғрисида буйруқ, автотранспорт воситаси ижара ёки ишончнома асосида фойдаланилганда ижара шартномаси ёки ишончнома) илова қилинади.
Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Зангиота туманларида, Тошкент шаҳрининг Олмазор, Чилонзор ва Яшнобод туманларида барпо этилаётган шифохона ва хиёбонлар қурилишига жалб этилган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли М1 тоифадаги автотранспорт воситалари учун тегишли туман ҳокимлигининг ва Қурилиш вазирлигининг хати илова қилинади.ДХМ ариза расмийлаштирилгандан сўнг 8 иш соати ичида QR-код қўйилган рухсатномани ёки рухсатнома беришни рад этиш хабарномасини шакллантириб, ариза берувчини ахборот-коммуникация технологиялари орқали хабардор қилади.Ариза берувчи хабарнома олгандан кейин 1 иш куни ичида ДХМга рухсатномани олиш учун ўзи келиб мурожаат этади. Бунда, ДХМ томонидан юборилган хабарнома ариза берувчининг автотранспорт воситасида ДХМгача ҳаракатланишига асос ҳисобланади. ДХМга келган ариза берувчига муҳр босилган рухсатнома ва стикер рухсатномалар реестрида имзо қўйдирган ҳолда тақдим этилади.
Республика махсус комиссияси йиғилиши қарори кўра қуйидаги ҳолларда вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш учун махсус рухсатнома талаб этилмайди:
· Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотларнинг, тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситалари.
· Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг хизмат автотранспорт воситалари.
· Фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситалари. Бунга қуйидаги ҳоллар кириши мумкин: ҳомиладорлик, туғруқ, тан жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар.
· Йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксиларга (ўзларининг рўйхатдан ўтган маъмурий ҳудуди доирасида ва йўловчиларсиз фақат етказиб бериш хизматини кўрсатиш мақсадида. Инсон ҳаётига хавф туғдирадиган ҳолатларда ва кечиктириб бўлмайдиган тиббиёт муолажаларни олаётган бемор йўловчиларни ташиш мумкин.
· Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар (газ, электр энергияси, иссиқлик таъминоти, совуқ сув, сув оқава, чиқинди)нинг хизмат автотранспорт воситалари, яъни шаҳарларнинг энг ҳаётий зарур инфратузилмаси ишини самарали ишини таъминлаш мақсадида.
· Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хизмат ва ходимларнинг шахсий автотранспорт воситалари.
· Суд ва прокуратура органлари хизмат ва ходимларнинг шахсий автотранспорт воситалари.
· “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Uzbekistan Airways”АЖ, “Uzbekistan Airports” АЖ ва уларнинг тизимига кирувчи корхона ва ташкилотлари “Ўзаэронавигация” агентлигининг хизмат автотранспорт воситалари.
· Ҳисоб палатаси, Бизнес-омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, Савдо-саноат палатаси раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари хизмат автотранспорт воситалари.
· Вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар ва бошқа давлат
· ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарларининг хизмат автотранспорт воситалари.
· Марказий банк ва ҳудудий бошқармалар хизмат автотранспорт воситалари.
· Тижорат банклари хизмат автотранспорт воситалари.
· Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раислари ва уларнинг ўринбосарлари, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари хизмат автотранспорт воситалари.
· Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хизмат автотранспорт воситалари.
· “Республика инкассация хизмати” ДУК хизмат автотранспорт воситалари.
· Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва халқаро ташкилотлар хизмат автотранспорт воситалари.
· Алоқа хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар, “Ўзбекистон почтаси” АЖ, “Ўзбектелеком” АК ва унинг ташкилотлари ҳамда “ЎЗИНФОКОМ” ягона интегратори” МЧЖга тегишли хизмат автотранспорт воситалари.
· N1, N2 ва N3 тоифага кирувчи автотранспорт воситалари.
· “Тошшаҳартрансхизмат” АК таркибига кирувчи автобус саройларининг М2 ва М3 тоифага кирувчи автотранспорт воситалари.
· Дафн маросимларида хизмат кўрсатувчи махсус автотранспорт воситалари (фақат дафн маросимлари хизматини кўрсатиш мақсадида).
· Йўл-патрул хизмати автомобиллари ёрдамида кузатилаётган автотранспорт воситалари.
· Мавсумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчи автотранспорт воситалари.
Шуни алоҳида айтиш жоизки махсус рухсатнома асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситалари фақатгина шу муассаса ва ташкилот ёки орган фаолияти билан боғлиқ ҳолда ҳаракатланишига рухсат берилган. Улардан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш қатъиян ман этилади. Mахсус рухсатнома асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситалари фақатгина шу муассаса ва ташкилот ёки орган фаолияти билан боғлиқ ҳолда ҳаракатланишига рухсат берилган.
Хулоса ўрнида автотранспорт қатновини чеклаш бу бугунги шароитда республикада коронавирусни тарқалиб кетишини олдини олишга қаратилган жуда кескин чорадир, чунки бундай чорани қўллашни бугунги кундаги шароит тақозо этмоқда.
Албатта ноқулайлик туғдиради, лекин бу энг мақбул ва самарали йўлдир. Мақсад автотранспортларни чеклаш эмас, мақсад аҳолини уйда қолишини таъминлаш. Агар ҳар хил йўллар билан, ўйлаб топилган сабаблар билан яна кўчага интилса ҳурматли ҳайдовчилар, унда бу карантин самараси жуда паст бўлади.
Бухоро вилояти юридик коллежи ўқитувчиси А.С.Музаффаров