Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

30

Юқумли касаллик ҳақида ёлғон маълумот тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди



“Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” Қонун
(ЎРҚ–613, 26.03.2020 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонунга мувофиқ, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида аҳоли орасида асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун шароит яратиш мақсадида Жиноят кодекси 244-5-модда билан тўлдирилди.

Унга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш:

• БҲМнинг 200 бараваригача (44 млн 600 минг сўм) миқдорда жарима;

• 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;

• 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Мазкур маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ, шунингдек Интернет орқали тарқатиш:

• БҲМнинг 200 бараваридан (44 млн 600 минг сўмдан) 400 бараваригача (89 млн 200 минг сўм) миқдорда жарима;

• 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;

• 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;

• 3 йилгача озодликни чеклаш;

• 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, қонунга кўра, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилиб, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида давлат санитария назорати органларининг:

• тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш;

• карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ҳамда ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик;

• касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ҳамда бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаганлик одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёхуд одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса, бунинг учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

(Ҳозирга қадар ушбу муддат 3 йилгача бўлган)

Агар ўша ҳаракатлар одамнинг ўлимига сабаб бўлса, озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати 5 йилдан 7 йилгача этиб, бир қанча одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, – 7 йилдан 10 йилгача этиб белгиланди.

(Илгари ушбу муддатлар тегишлича 3 йилдан 5 йилгача ҳамда 5 йилдан 8 йилгача бўлган)

Бундан ташқари қонун билан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча киритилиб, тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида қўллашни назарда тутувчи 29-2-модда билан тўлдирилди.

Унга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузган шахсга нисбатан давлат санитария назорати органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилиши мумкин.

Тиббий мажбурлов чораси 30 суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан бирга қўлланилади.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларининг ижроси давлат санитария назорати, ички ишлар ва Миллий гвардия органлари томонидан таъминланади.


Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими