Янгиликлар
“Biz birgamiz” ижтимоий ёрдам лойиҳаси доирасида хайрия ишлари Бухорода давом этди.
Жорий йилнинг 26 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз ҳудудида коронавирус инфекцияси Covid-19 тарқалишининг олдини олиш масаласига тўхталиб: "Коронавирус пандемияси бутун инсоният учун Яратганнинг берган синовидир. Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда, уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилсалар, биз бу касалликни, албатта енгамиз!" таъкидлар экан, давлатимиз раҳбари вазият тўлиқ давлат назоратига олинганини қайд этди.
Дарҳақиқат, айни пайтда коронавирус хавфи мамлакатда кенг тарқалиб, авж олаётган бир пайтда жамиятнинг ҳар бир аъзоси синовдан ўтиб, кимнинг кимлиги, яъни ҳар кимнинг асл қиёфаси намоён бўлиб бормоқда. Ким ўз юртини, она Ватанини, халқини, миллатини том маънода севади, унга юраги ачийди, унинг дардини ўзининг дарди сифатида қабул қилади ва уни енгиллаштириш учун имкони борича ҳаракат қилади, курашади, кимдир эса мусибатдан фойдаланган ҳолда даромад олиш илинжида ўз манфаати йўлида ҳаракат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда ICF — Халқаро Шодиев фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорликда Ўзбекистондаги муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакат бўйлаб барча кекса ёшдагилар ва кам таъминланган оилаларни озиқ-овқат маҳсулотлари ва дезинфекция воситалари билан таъминлаш кенг кўламли хайрия ишлари амалга оширилмоқда.
Ҳар бир вилоятда “Биз биргамиз” ижтимоий ёрдам лойиҳаси доирасида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида тайёрланган махсус ижтимоий ёрдам тўпламлари ҳудудий адлия ходимлари орқали ёрдамга муҳтож оилаларга белгиланган тартибда тарқатилиши таъминланмоқда.
Жумладан, Бухоро вилоятида жорий йилнинг 28-29 март кунлари адлия ходимлари томонидан ҳудуддаги жами 156 та кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, якка ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга шаҳар ва туманлар кесимида хонадонма-хонадон тарқатилиши таъминланди.
Мазкур лойиҳа доирасида фуқароларимизни кузатар эканмиз уларнинг юз-кўзларидан мамнунликлари ҳамда эртанги кунга ишончлари мустаҳкамланиб, синовли кунлардан омон-эсон ўтиб олиш иштиёқи янада ортганини гувоҳи бўлдик.
Зеро, оқил ва доно, матонатли ўзбек халқи ҳамжиҳатликда бу хатарни енгиб ўтишига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Бухоро вилоят адлия бошқармаси Ҳукуматнинг мамлакат бўйлаб коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларини самарали қўллаб-қувватлашга бор куч ва имкониятларини сафарбар этиб, фуқароларимиздан вирусли инфекция пандемияси шароитида зарур қоидаларга амал қилишга даъват этади.