Янгиликлар
Коронавирус инфекциясига қарши курашиш бугунги кунда ҳар бир фуқаронинг энг долзарб вазифасидир.
Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилса, биз бу касалликни, албатта, енгамиз.
Шавкат Мирзиёев.
Дунё яралибдики, у ўз бошидан жуда кўп офатларни кечирди. Бунга Жаҳон урушларини, қўзғалонлар, давлат тўнтаришлари, террорчилик ҳаракатлари, табиий офатларни мисол қилиб келтириш мумкин. Бу даҳшатли ҳодисаларга турли даврларда инсоният ҳаётига даҳшат солган касалликларни қўшса, муболаға бўлмайди.
Ҳозирда дунё аҳли коронавирус инфекциясига қарши курашмоқда. Даставвал, Хитойда пайдо бўлган ушбу касаллик, кўп ўтмай сайёранинг барча қитъасига тарқалиб улгурди.
Бугунги кунда бутун дунё, инсоният оғир кунларни бошидан кечирмоқда. Коронавирус инфекцияси 190 дан зиёд мамлакатга тарқалиб, пандемияга айланди. 30 март ҳолатида дунё бўйича касалланганлар сони 722 мингдан ортиқ, вафот этганлар сони эса 33 мингдан ошди.
Афсуски, ушбу касаллик мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Бугунга келиб вирус билан касалланганлар сони 149 нафарни ташкил этиб шулардан 2 нафар бемор бевақт куз юмди. Ҳозирда Бош вазир раҳбарлигида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилган бўлиб, пандемияга қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш учун жамғармага 10 триллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилди. Бу офатдан халқимизни асраш бўйича мамлакат миқёсида таъсирчан чоралар кўрилмоқда. Хусусан, касаллик аниқланган илк кунданоқ барча таълим ва диний муассасалар фаолияти, халқаро ва ички жамоат транспортлари қатнови тўхтатилди. Одамлар гавжум бўладиган жойлар, хусусан, барча буюм бозорлари, умумий овқатланиш шохобчалари вақтинча ёпилди. Мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона ва ташкилотлар ходимларига таътил берилиб, масофавий ишлашга ўтказилмоқда. Мамлакатнинг барча тиббиёт муассасалари кучайтирилган иш режимига ўтказилиб, 11 та тиббиёт муассасаси ва 97 та сиҳатгоҳ, оромгоҳ ва ётоқхоналар карантинга ихтисослаштирилди. Ушбу вирусли инфекцияни жиловлаш, тарқалишининг олдини олиш ҳамда профилактика қилиш мақсадида уй шароитида 80 мингга яқин, стационарда 12 минг нафар фуқаро карантинга олинган.
Бугунги кунда деярли бутун дунё ўтиришга мажбур. Жумладан Ўзбекистон аҳли ҳам карантинда ўтиришга мажбур. Карантин баъзиларга бир жазодек кўринаётган бўлиши мумкин. Аммо карантин касаллик тарқалишига тўсиқ бўлиб хизмат қилади. Ҳукумат томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган қарорга кўра:
- дунёнинг барча давлатлари билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида мунтазам авиақатновлар тўхтатилди,
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган шахсларни 14 кун давомида махсус ажратилган тиббиёт муассасаси ёки карантин тадбирларини ташкил этишга мослаштирилган базалар ёхуд уй шароитида карантинга олиш талаби белгиланди,
- республика ҳудудида барча кўнгилочар объектлар, шу жумладан тунги клублар, дискотека, ресторан, кафе, ошхона, чойхона, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти тўхтатилди,
- Республика ҳудудида барча турдаги оммавий тадбирлар, шу жумладан байрам тадбирлари, халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари, шунингдек, театр, кино ва концерт дастурлари ҳамда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилиши (дафн маросимлари 10 — 15 кишидан кўп бўлмаган ҳоллар бундан мустасно) тўхтатилди.
Бутун дунё бу касалликка қарши кураш олиб бораётган бир пайтда ваҳимага тушмасдан, белгиланган тартиб қоидаларга риоя қилган ҳолда зарурат бўлмаганда уйдан чиқмасдан, ҳозирда амал қилишимиз керак бўлган чораларни қанчалик сабр-тоқат билан қабул қилсак, короновируснинг мамлакатимизда тарқалиши шунчалик чекланади ва ушбу чекловлар тез фурсатларда ечилиши имконияти ортади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, башарият ва юртимиз бошига иш тушган бугунги кунларда, ҳар бир фуқаро ўзининг масъулиятини намоён этса, бошқа давлатларда юз бераётган вазиятлар юзага келмаслигига ишонамиз.
Бухоро вилояти юридик коллежи Ёшлар билан
ишлаш бўйича директор ўринбосари А.Қ.Ҳусенов.