Янгиликлар
Уйда қолинг!
Бугунги кунда мамлакатимизда коронавирус хавфи кенг тарқалиб, авж олаётган бир пайтда айрим “Қаҳрамонларимиз” карантин тартиб қоидаларини бузиш бўйича ким ўзарга пойга ўйнаётгандек гўё. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа бир қатор мутасадди шахслар томонидан карантин қоидаларига риоя этиш юзасидан жуда кўплаб тушунтиришлар ва тарғиботларга қарамасдан айрим фуқаролар томонидан карантин қоидаларига риоя қилмаслик ҳоллари тез-тез учраб турмоқда. Биргина 29 мартнинг ўзида Ўзбекистонда 2134 марта мазкур қоидаларнинг бузилганлиги фикримизнинг яққол исботидир. Тадбир бошидан 30 март кунига қадар фуқароларимиз томонидан карантин қоидаларига риоя этилмаслигини сарҳисоб қилар эканмиз мутасадди органлар томонидан жами
12 484 ҳолатда ҳуқуқбузарликлар аниқланганлигини гувоҳи бўлишимиз мумкин. Энг ачинарлиси эса мазкур ҳуқуқбузарликларнинг 1100 дан ортиғи
(қарийб 10 фоизи) касаллик юқиш эҳтимол юқори энг хавфли қатлам 50 ёшдан ошган фуқароларимиз томонидан содир этилган.
Карантин шароитига қилинмаса, мамлакатда касаллик тарқалишига қарши кураша олмаймиз, энг тўғри йўл тегишли қоида ва тавсияларга сўзсиз риоя этишдир.
Айни пайтдаги ҳолатдан келиб чиқиб 2020 йил 26 март куни Ўзбекистон Республикасининг 613-сонли Қонуни қабул қилинган бўлиб, Қонунга кўра, Жиноят кодекси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-1-моддасига асосан Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёхуд одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келган жиноятни содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади. Мазкур қилмишлар одамнинг ўлимига сабаб бўлса икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан агар ўша қилмиш одамларнинг ўлимига сабаб бўлса етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддасига асосан Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш, яьни карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга, агар карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жавобгарликни кучайтирилганлиги шунчаки кимнидир жазолаш мақсадида эмас, балки фуқароларимизни карантин қоидаларига қатъий равишда амал қилишлари орқали мамлакатда инфекция тарқалишини олдини олишдир. Бутун инсоният катта синовни бошдан кечирмоқда. Қонуний тартиблар қатъий ўрнатилгани билан, ҳамма гап одамларнинг онгли равишда тўғри қарор қабул қилишида қолади. Худбинлигимиз ва масъулиятсизлигимиз туфайли яқинларимиз ва келажак авлодни хавф остига қўймайлик азизлар!!!.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Б.Нишонов