Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

06

Карантин тартибини бузиш – жиноят!


Бугунги кунда мамлакатимизда коронавирус хавфи кенг тарқалиб, авж олаётган бир пайтда карантин тартиб қоидаларини бузиб келаётган фуқароларимиз йўқ эмас.

Карантин шароитида касаллик тарқалишини олдини олишнинг энг муҳим шарти - тегишли қоида ва тавсияларга сўзсиз риоя этишдир.

Шундан келиб чиққан ҳолда 2020 йил 26 март куни Ўзбекистон Республикасининг 613-сонли Қонуни қабул қилинди.

Қонунга кўра, Жиноят кодекси 244-5-модда билан тўлдирилди. Инсон учун хавфли бўлган юқумли касалликлар ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш қуйидагича жазоларни юзага келтириш мумкин:

·       44 млн 600 минг сўмгача жарима;

·       300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;

·       2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.

Бундай маълумотларни нашр қилиб, кўпайтириб, ОАВ, Интернет орқали тарқатганлар бадални икки ҳисса кўпроқ тўлайди – 89 млн 200 минг сўмгача жарима! Бу ҳолат учун ҳатто 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жиноий жавобгарлик белгиланди.

Мақсад, биринчи навбатда, асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олишдир. Ваҳиманинг олди олинсагина жамоат хавфсизлиги таъминланади, мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун шароит яратилади.

Тиббий мажбурлов чораси

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тиббий мажбурлов чораси қўлланилишини назарда тутувчи модда билан тўлдирилди.

Тиббий мажбурлов чораси шахсни маъмурий жавобгарликдан озод этадими? Йўқ. Яъни карантин шароитида қоидаларни бузган шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланса, у жарима тўлабгина қолмай, бир пайтнинг ўзида 30 суткагача муддатда тиббий мажбурловни ҳам ўтайди.

Амалдаги кодексда мажбурий тиббий чоралар қўллаш учун ҳуқуқий асослар мавжуд эмас эди. Ушбу чоралар санитария ва эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузган ва айни пайтда касалликнинг янада кенгроқ тарқалишига сабабчи бўлиши мумкин бўлган шахсни жамиятдан ажратган ҳолда мажбурий равишда даволаш имкониятини беради. Ушбу чоралар айнан карантинли ва инсон учун хавфли юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида қўлланади.

Ниқобсиз юрганга – 1 миллион сўмдан ортиқ жарима!

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси ниқобсиз юрганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қисм билан тўлдирилди.  

Карантин шароитида жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш 1 млн 115 минг сўм миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу чорага касаллик “занжирини узувчи” восита сифатида қараш ўринли. Катта жарима тўламаслик учун ҳам ниқоб тақилади, касалликнинг тарқалиш географияси тўсилади, ўз-ўзидан атрофдагилар хотиржамлигига эришилади.

     Бутун инсоният катта синовни бошдан кечирмоқда. Қонуний тартиблар қатъий ўрнатилгани билан, ҳамма гап одамларнинг онгли равишда тўғри қарор қабул қилишида қолади. Барча-барчаси жамоавий хавфсизлик учун ўз шахсий масъулиятини ҳис этиш ва виждонан ҳаракат қилишга боғлиқ. Кичкина масъулиятсизлик туфайли халқ ҳаёти ва саломатлигини хавф остига қўймайлик.

Қоракўл туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси В.Б.Ҳазратқулов