Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

06

Огоҳлик давр талаби!


Ўзбекистон Республикаси Конституциясида халқимиз миллий урф-одатлари ҳамда муқаддас қадриятларига мос келадиган эзгу мавзулар мужассамдир. Жумладан, кўпмиллатли Ўзбекистонимизда турли диний эътиқодлар вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатлик ҳуқуқий мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, унга кўра “Барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, диний эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар қонун олдида тенгдир”. Диний эътиқод ҳамда миллий ҳаётга, фуқароларнинг миллий ҳис-туйғуларига дахлдор муҳим аҳамиятга эга қатор тамойиллар белгилаб қўйилганига ишонч ҳосил қиламиз.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда кишиларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги қонун йўли билан таъминланган бўлиб, диний ташкилотларнинг фаолият кўрсатишларига кенг имкониятлар яратилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасига кўра ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланган ва ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгадир. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Шу нуқти назардан, юртимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқлари нафақат қонунан мустаҳкамлаб қўйилганини, балки амалиётда ҳам ушбу мезонлардан келиб чиқувчи тамойилларга қатъий риоя қилинаётганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Ҳозирги кунда дунёда миссионерлар ўз ташкилий асосларини яратишда кўпинча нашриётлар, хайрия ва нодавлат нотижорат ташкилотлар мақомидан фойдаланишга уринишмоқда. Айниқса бутун дунёда коронавирус пандемияси хавф солиб турган бир вақтда миссионерлар томонидан хайрия ташкилотлари орқали жамиятнинг маълум бир қатламидаги моддий ва маънавий кўмакка муҳтож бўлган оилаларга ёрдам қўлини чўзиш ниқоби остида кириб бориш эҳтимоли йўқ эмас.

Шуни унутмаслик лозимки, диний бағрикенг мамлакатимизда миллатни ичидан бўлиб ташлашга қаратилган ғаразли мақсадларни ўз олдига устувор вазифа деб билган миссионерлик фаолияти учун қонунчилигимизда белгиланган жавобгарлик мавжуд.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 240-моддасига асосан бир конфессияга мансуб диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм) ва бошқа миссионерлик фаолияти учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 216-2-моддасига асосан Диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиб, бир конфессияга мансуб диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм) ва бошқа миссионерлик фаолияти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Халқимизнинг хусусан ёшларимизнинг онгини миссионерлар томонидан турли хил ғоялар билан заҳарлаш таъсиридан сақлаш, теран фикрли, ҳуқуқий маданиятли фарзандларни тарбиялаш ҳар биримизнинг асосий мақсадимизга айланмоғи лозим. Зеро, эртанги кунимиз қандай бўлиши бугунги амалларимизга боғлиқ.

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими