Янгиликлар
Прописка тизимини ислоҳ қилишга оид лойиҳалар жамоатчилик муҳокамасига қўйилди
Хабарингиз бор, прописка тизимини ислоҳ қилишни назарда
тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, муҳокама учун эълон (https://regulation.gov.uz/uz/document/15922) қилинган эди.
Фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда лойиҳа қайта кўриб чиқилди ва жорий йилнинг 4 апрель куни прописка тизимини ислоҳ қилишга доир қонун лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди (http://2020.strategy.uz/).
✅ Лойиҳаларда қатор янгиликлар назарда тутилмоқда.
Биринчидан, “прописка” тушунчаси ўрнига халқаро тажрибага асосланган ҳолда “рўйхатдан ўтказиш” тушунчаси киритилмоқда.
Иккинчидан, Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш ҳамда бирламчи бозордан уй олишда давлат божининг алоҳида ставкасини тўлаш талаби бекор қилинмоқда.
Учинчидан, фуқароларнинг биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи назарда тутилмоқда.
Тўртинчидан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтишда Ҳукумат томонидан белгиланадиган истисноларни инобатга олган ҳолда бир киши учун турар-жой майдонининг ижтимоий нормаси тўғрисидаги қоидаларга риоя этилиши шартлиги кўзда тутилмоқда.
Бешинчидан, доимий прописка учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин 1 йил давомида биргаликда яшаш шарти ва 1 йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар чиқариб ташланмоқда.
Олтинчидан, илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади.
Шундан келиб чиқиб, вакиллик органларига сайланган, тегишли ташкилотларга тайинланган ходимлар учун доимий рўйхат бўйича лавозимни эгаллаб туриш даврига оид чеклов олиб ташланмоқда.
Еттинчидан, оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади.
Мисол учун, 2019 йилда Тошкент шаҳрида 236 та, Тошкент вилоятида 14 та бола патронатга олинган.
Саккизинчидан, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 1 йилдан 5 йилгача узайтирилмоқда.
Тўққизинчидан, фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилмоқда.
Ўнинчидан, доимий ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади ҳамда унинг муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилмоқда.
Ўн биринчидан, доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиш ва мазкур жараёнларни рақамлаштириш кўзда тутилмоқда.
Ўн иккинчидан, доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби, ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилиниб, ушбу жараёнлар идоралараро электрон дастур орқали амалга оширилиши белгиланмоқда.
Лойиҳаларда қатор бошқа масалалар ҳам ўз аксини топган.
❗️Муҳокама жорий йил 11 апрелга қадар давом этади.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими