Янгиликлар
Карантин даврида меҳнат таътилининг ўзига хос хусусиятлари
Коронавирус пандемияси жамиятимиз одатий ҳаётининг ҳар бир соҳасига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Фуқароларимиз ҳаёт тарзида ижтимоий жиҳатдан жиддий ўзгаришларни бошдан кечираётган бир пайтда уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сонли Фармон қабул қилинди.
Мазкур Фармоннинг 18-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йил 25 мартдаги 8-2020/Б-сон-сонли буйруғи билан “Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилганда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасалари бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида”ги Низоми тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, меҳнат таътили коронавирус пандемияси тарқалишини олдини олиш чора-тадбирларини амалга ошириш вақтида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилган даврда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиси – боланинг ва умумтаълим муассасаларининг бошланғич синф ўқувчиси, яъни 1-дан 4-синфгача бўлган ўқувчининг ота-она (васий, ҳомий)сига берилади.
Шунингдек, меҳнат таътили берилганда меҳнат таътили олти ой ишлагандан кейин берилишини инобатга олган ҳолда, биринчи йил ишлаётган ходимга ушбу таътил бериш қоидалари қўлланилмайди, шу билан бирга меҳнат таътили ходимнинг хоҳишига кўра ташкилот томонидан тасдиқланган таътиллар жадвалидан қатъий назар навбатдан ташқари берилади.
Шу билан бирга, меҳнат таътили учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади. Аммо, агар меҳнат таътили ариза берилган кундан кейинги кун ёки кейинги икки кун ичида талаб қилинган ҳолатларда, иш берувчи уни меҳнат таътили олиш учун ариза олинган кундан бошлаб уч иш куни ичида тўлаши шарт ва меҳнат таътили ҳақини ходимнинг яшаш жойига етказиб берилишини таъминлаши ёки иш ҳақи ва даромадлар билан боғлиқ бошқа тўловларни олиш учун мўлжалланган ходимнинг банк картасига тўлаш орқали амалга оширади.
Хулоса қилиб айганда юқоридаги Низом карантин даврида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг фарзадлари уй шароитида таълим олиш билан бирга ота-оналарнинг ижтимоий манфаатдорлигини таъминлайди.
Бухоро туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси С.Рахматуллаев