Янгиликлар
КОНСТИТУЦИЯ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ - ДЕМОКРАТИК ЖАМИЯТ АСОСИДИР ЁХУД ПРОПИСКА ТИЗИМИДА КЕСКИН БУРИЛИШ
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
28-моддасида Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Мамлакатда янги қабул қилинаётган ва айни кунда амалда бўлган қонун ҳужжатларининг Ўзбекистон Конститутциясига тўла мослигини таъминлаш давлат ҳуқуқий ислоҳотларининг асосий мезонини ташкил этмоқда.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси юзасидан масъул вазирлик ва идоралар томонидан прописка тизимини ислоҳ қилишга доир Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур лойиҳа “Тараққиёт стратегияси” Маркази ўзининг расмий сайтида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳаларни тайёрлашда фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва илғор хорижий тажриба чуқур ўрганилиб, инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қоидалар ва кафолатларни белгилашга асосий эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур қонун лойиҳаси президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белигланган вазифаларнинг ижроси доирасида ишлаб чиқилган.
Таҳлилилар шуни кўрсатмоқда-ки, 2019 йилда Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган кўчмас-мулк объектларини сотиб олиш билан боғлиқ бўлган битим тарафларининг 68 фоизи ёки 163,3 мингта вақтинча рўйхатга олинган шахсларнинг аксариятида уй-жой бировнинг номига расмийлаштирилган.
Бироқ, мазкур кўчмас мулк объектлари Тошкент шаҳрида доимий пропискаси бўлган шахсларнинг номига расмийлаштириб олинган. Бунинг натижасида турар-жой билан боғлиқ низоларнинг оширилишига, сунъий бюрократия тартиби мавжудлиги сабабли жамиятда коррупция ҳолатларининг вужудга келишига шароит яратган.
Хусусан, 2012–2019 йилларда Тошкент шаҳрида жами 219 604 нафар, Тошкент вилоятида 76 912 нафар фуқаролар прописка қилинган.
Эълон қилинган лойиҳада кўпчилик фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган “прописка” тушунчаси ўрнига “рўйхатдан ўтказиш” тушунчаси киритилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш ҳамда янги қурилган уйларнинг олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини тўлаш ҳақидаги талаблар бекор қилинмоқда.
Фуқароларнинг биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи назарда тутилмоқда.
Бошқа ҳудудларда доимий рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Тошкент шаҳри ва вилоятида уйни умумий мулк ҳуқуқи асосида олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя, рента, умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга бериш, гаровга (ипотекага) қўйиш, кўчмас мулкдан воз кечиш ва кўчмас мулкни ўзгага беришнинг бошқа усулларига оид битимларни нотариал тасдиқлашда ҳам ижтимоий норма тўғрисидаги қоидалар инобатга олиниши лозимлиги белгиланмоқда.
Доимий прописка учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидаларни қонунчиликдан чиқариб ташлаш кўзда тутилган.
Илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади.
Шундан келиб чиқиб, вакиллик органларига сайланган, тегишли давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва республика аҳамиятидаги бошқа давлат ташкилотларига тайинланган ходимлар учун доимий рўйхат бўйича лавозимни эгаллаб туриш даврига оид чеклов ҳам олиб ташланмоқда.
Бундан ташқари, оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади.
Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 1 йилдан 5 йилгача узайтирилмоқда.
Айни вақтда, фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан, яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилади.
Шу билан бирга, доимий ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади ҳамда унинг муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилади.
Доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиш ва мазкур жараёнларни рақамлаштириш кўзда тутилмоқда.
Доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби, ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилиниб, ушбу жараёнлар идоралараро электрон дастур орқали амалга оширилади.
Туғилган болага Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида туғилганлик гувоҳномасини расмийлаштириш вақтида уни отаси ёки онасининг доимий рўйхат манзили бўйича идоралараро автоматлашган тизим орқали доимий рўйхатга олиш тартиби киритилмоқда.
Юқоридагилардан ташқари, масъул идораларга фуқароларнинг ўз хоҳиши билан рўйхатда туришини рағбатлантириш, доимий рўйхат талаб этиладиган давлат хизматларини вақтинчалик рўйхат орқали амалга ошириш имкониятини яратиш бўйича зарур топшириқлар берилган.
Мазкур лойиҳаларнинг қабул қилиниши “прописка” тизимидан халос бўлишдаги илғор қадам ҳисобланиб, қуйидагиларга олиб келади:
Тошкент шаҳрида “яширин” тарзда истиқомат қилаётган фуқаролар қонуний тарзда мол-мулк сотиб олишади ва коррупциоген ҳолатлар бартараф этилади
фуқароларнинг эркин кўчиб юриш ва хусусий мулк соҳасидаги конституциявий ҳуқуқлари таъминланади;
вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати 1 йилдан 5 йилгача узайтирилиши ҳамда фуқароларни ўз хоҳиши билан рўйхатдан ўтишга ундайдиган механизмларнинг яратилиши – вақтинча турган жойи ва доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан туриш ўртасидаги фарқни олиб ташлашга кўмаклашади;
ҳужжатларни йиғишга кетадиган ўртача 3 кун, идоралар ўртасидаги оворагарчиликларга барҳам берилади;
“Ягона дарча” тамойилининг киритилиши натижасида ички ишлар органларига 1 марта (олдин 2 марта) борилади, мудофаа (олдин
2 марта) ҳамда кадастр (олдин 1 марта) бўлимларига бориш эса умуман зарурат бўлмайди;
рўйхатга олишнинг электрон тизими яратилади ва идораларнинг тегишли электрон базалари шаклланади.
Мазкур лойиҳаларнинг мазмунига таклиф ва мулоҳазалар билдириш жорий йил 11 апрелга қадар давом этади.
Халқ манфаатининг ифодаси аввало шу юртда қабул қилинаётган қонунларнинг ижтимоий адолатли тамойиллар асосида ҳал этилишига боғлиқ. Қонуннинг ижтимоий адолатли мезонларда қабул қилинишини эса Сизнинг мазкур қонун лойиҳасига билдирадиган таклиф ва мулоҳазангизга боғлиқдир.
Зеро, юртнинг равнақи ва келажаги йўлида янги қабул қилинаётган қонунларга нисбатадан дахлдорлик маънавий юксак шахснинг мисолидир.
Когон шаҳар адлия бўлими бошлиғи И.Исматов