Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

07

Масофавий меҳнат-ҳаётий зарурият


Ҳар кун, ҳар дақиқа, ҳар сония эшитадиганимиз, ўйлайдиганимиз бир нарса. Пандемия. Коронавирус пандемияси. Хўш, ҳозирча вакцина билан боғлиқ ҳеч қандай ижобий янгилик йўқ экан, ўзимизни, ўзгаларни, бутун халқни ҳимоя қилишнинг ягона йўли фақат ва фақат карантин режимига қатъий амал қилиш экан-да!

Шундай шароитда кўз олдимиздан нари борса бир ой олдинги ҳаётимиз ўтиши кўпчиликка аён. Ўшанда ишга қатнардик ёхуд ҳар кунлик фойдали  машғулотимиз билан шуғулланардик. Эндичи...?!

Ҳозир ҳам бунинг иложи бор. Вақтимизни беҳудага сарфламасдан, юртимиз бугуни, эртаси равнақи учун жавлон уришимизга имконият етарлича, назаримда. Қандай қилиб дейсизми?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига 2020 йил 25 мартда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг “Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида”ги 3228-сон билан Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтган буйруғи қабул қилинди.

Буйруққа илова қилинган низомнинг 3-бандида масофадан ишлаш тушунчасига қуйидагича таъриф берилади: Масофадан иш деганда, ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилган меҳнат мажбуриятларини иш берувчининг жойлашган ҳудудидан ташқарида, бевосита ёки билвосита назоратида бўлган доимий иш жойи, ҳудуд ёки объектдан ташқарида бажариладиган иш усули тушунилади.

Масофавий иш усулида, мослашувчан иш жадвалида ёки уйда ишлашга ўтиш ҳуқуқидан биринчи навбатда ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган ходимлар фойдаланади.

Ходимни масофавий ишга вақтинчалик ўтказишда иш берувчи томонидан вақтинчалик ишга ўтказиш ҳақида муддати кўрсатилган буйруқ чиқарилади.

Ходимни масофавий ишга вақтинчалик ўтказиш тўғрисидаги буйруққа иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасига киритилган ўзгартиришлар асос бўлади.

Ходим иш вақтининг давомийлиги ва тартибини ишлаб чиқариш топшириғининг ҳажми ва меҳнат шартномасида кўрсатилган бошқа шартлардан келиб чиққан ҳолда мустақил равишда белгилайди. Иш жадвали тарафлар келишувига биноан белгиланади.

Масофавий ишга ўтказиш юзасидан ходим билан тузилган меҳнат шартномасига киритиладиган ўзгартиришларда Меҳнат кодексининг
73-моддасида
назарда тутилган шартлар билан бир қаторда қуйидагилар кўрсатилади:

иш берувчи ва ходим ўртасида электрон ҳужжат алмашинуви бўйича ўзаро алоқалар тартиби;

ходимнинг меҳнат мажбуриятларини амалга ошириш учун зарур бўлган жиҳозлар ва/ёки техника воситаларидан фойдаланиш тартиби, агар томонлар тарафидан ходимга тегишли жиҳозлар ва/ёки техника воситаларидан фойдаланиш тўғрисидаги келишув мавжуд бўлса;

иш берувчи билан доимий алоқаларини таъминлаш мақсадида ходимни алоқа воситалари билан таъминлаш, шу жумладан Интернет тармоғидан фойдаланиш шунингдек, низомад кўрсатилган бошқа шартлардан иборат бўлади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари буйруқда алоҳида келтириб ўтилган.

Масофавий ишга вақтинчалик ўтказилган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади:

меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида — ходимнинг масофавий ишга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда;

меҳнатга ҳақ тўлашдаги ишбай асосида — ўрнатилган нархлардан келиб чиққан ҳолда.

Шу ўринда яна бир савол, кўпчилик карантин шароитида уйда қолган. Биз ўз уйимизда ишимизни давом эттира оламизми? Бунга ҳуқуқий асослар мавжуд?

Бунга юқоридаги низомнинг 4-боби жавоб бўлади. Ходимнинг хоҳишига кўра ва иш берувчининг розилиги билан ходим вақтинчалик уйда ишлаши учун уй меҳнати шаротига ўтказилиши мумкин. Уйда ишлашни ташкил этишга, иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ уйда ишлашни амалга ошириш учун зарур бўлган шароитлар, шу жумладан турар-жойи бўлган тақдирда йўл қўйилади. 

Хорижий амалиёт

Бизда бу тартиб, меҳнатнинг бу тури унчалик оммавий аҳамият касб этмаган эди, шу пайтгача. Пандемия тарқалиши мобайнида биз бу жараёнга босқичма-босқич ўтаяпмиз. Бу борада хорижий мамлакатлар, хусусан Франция Республикасида етарлича ҳуқуқий амалиёт  мавжуд эканки, бундан кўп нарса ўргансак бўлади.

Франция Республикаси меҳнат кодексининг 1222-9-моддаси масофавий меҳнат тушунчасини қуйидагича таърифлайди:

“Масофавий меҳнат меҳнатни ташкил қилишнинг исталган усули бўлиб, унда ишчи меҳнат фаолиятини иш берувчининг ҳудудида ёки ундан ташқарида ўз хоҳишига кўра, информацион ва коммуникацион технологиялардан фойдаланган ҳолда олиб боришидан иборат бўлади”.  Демак, масофавий меҳнат-интернет алоқаси орқали масофадан туриб бажариладиган фаолият, экан.

Франция Республикасида худди бизда бўланидек, мулкчилик туридан қатъий назар барча корхоналарда масофавий меҳнат фаолияти қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. У жамоа шартномасида кўзда тутилган ёки иш берувчи ва ижтимоий иқтисодий масалалар бўйича кенгашнинг ўзаро маслаҳатлашувлари натижасида тузилган хартия доирасида кўрсатилган бўлиши лозим. Юқоридаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам иш берувчи ва ишчи масофавий меҳнат фаолиятини олиб бориш тўғрисида келишувга эришишлари мумкин. Лекин, улар бу келишувни ўзларининг танловларидан келиб чиққан ҳолда албатта расмийлаштиришлари лозим бўлади. Электрон почта орқали юборилганда ҳам расмийлаштирилган ҳисобланар экан.

Мустасно ва форс-мажор ҳолатлар мавжуд бўлмаганда, ишчи масофавий меҳнатга рози бўлиши керак. Шу билан биргаликда масофавий меҳнат фаолияти олиб боришга розилик билдирмаслик ишдан бўшашга асос бўлмайди.

Франция меҳнат қонунчилигида, масофавий меҳнат фаолиятини олиб бораётган ва корхонанинг ўзида ишлаётган ходимларнинг бир хил ҳуқуқларга эга бўлишлари белгиланган.

Шундай қилиб, масофадан ишловчилар ҳам ишхонада ишловчилар сингари мукофот олишлари, ҳақ тўланадиган меҳнат таътилига чиқишлари, иш вақти борасида иш берувчи билан музокара олиб бориш ҳуқуқларига  эгалар.

Улар ҳамма каби ижтимоий ҳимоя пакетидан улуш олиш, шунингдек нафақага чиққанда, нафақа олиш ҳуқуқларига ҳам эгалик қиладилар. Шунингдек, меҳнат шартларига риоя қилишмаган тақдирда интизомий жавобгар ҳам бўлар эканлар.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни хоҳлардимки, шундай синовли кунларда барчамиз, муҳтарам Президентимизни қўллаб-қувватлаб, каратинда уйда қолиб, тун-у кун ҳормай-толмай масофадан меҳнат фаолиятини олиб бориб, юртимиз ривожига ҳисса қўшайлик.   


Шофиркон туман адлия бўлими бошлиғи Ш.Ражабов