Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

07

Ўзбекистонда прописка тизими ислоҳотлари


Прописка – доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш бўлиб, миграцион ҳодисаларни кузатиш, бошқариш мақсадида жорий қилинган ўзига хос тизимдир.

Мазкур тизим барча ривожланган давлатлар билан бир қаторда Ўзбекистонда ҳам доимий ривожланувчи ижтимоий муносабатлар сирасига киради.

Барчамизга маълумки Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир.” деб эътироф этилган.

Конституцион нормада қамраб олинган миграцион муносабатлар 2011 йил 14 сентябрдаги “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонунлар ҳамда қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган.  

“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сонли Фармонида кенг жамоатчилик учун муҳим бўлган прописка тизими хусусида алоҳида таъкидланган.

Ушбу Фармонга кўра прописка тизимини ислоҳ қилиш назарда тутилиб, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси, ИИВ, ТИВ, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Адлия вазирлиги, вазирлик ва идоралар олдига қатор вазифалар юклатилган.

Жумладан:

  • 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкка эга бўлишда доимий прописка мавжудлиги ҳақидаги талабни бекор қилиш;
  • Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги қурилган кўчмас мол-мулкни олди-сотди шартномаларини тасдиқлаганлик учун ундириладиган давлат божининг алоҳида ставкасини бекор қилиш;
  • илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудлар ўртасида тафовутни бартараф этиш ва ички миграцияни эркинлаштириш нуқтаи назаридан, прописка тизимини ислоҳ қилиш назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Шунга кўра, жорий йилнинг 16 март куни “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини янада соддалаштириш тўғрисида”ги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун интернет тармоғи (regulation.gov.uz)га жойлаштирилган бўлиб, жамоатчилик фикрини ўрганиш натижаларига кўра мазкур лойиҳага қатор ўзгартиришлар киритилди ва қайта муҳокамага қўйилди (2020.strategy.uz).

   “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини янада соддалаштириш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳасида қуйидаги асосий ўзгартириш ва янгиликлар назарда тутилган:

- Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳар қандай кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий рўйхатда бўлиш шартига боғлиқ қоидалар чиқариб ташланмоқда;

- вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилик аризасига қараб белгиланиши ҳақидаги қоида ўрнатилмоқда. Бунда мазкур муддат 5 йилдан ошмаслиги керак;

- Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшаш жойи бўйича доимий рўйхатда туриш тартибини ички ишлар органларига бормасдан туриб, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириш механизми жорий этилмоқда;

- фуқароларга яшаш жойи бўйича доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиётидан воз кечилмоқда ва доимий рўйхатга эга бўлиш жараёнлари рақамлаштирилмоқда;

- фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшаш жойи бўйича доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан, яшаш муддати 10 кундан 15 кунга узайтирилмоқда;

- доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинмоқда;

- ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатни расмийлаштиришдан олдин мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориш тартиби бекор қилиниб, ушбу жараённи идоралараро электрон маълумот алмашинуви дастури орқали амалга ошириш йўлга қўйилмоқда;

- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг муайян ҳудудида доимий рўйхатда бўлган фуқаро тегишинча ушбу ҳудуднинг бошқа манзилида истиқомат қилса, бу ҳолат паспорт тизими қоидаларини бузиш деб ҳисобланмаслиги ҳақидаги қоида киритилмоқда;

- Туғилган бола Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан унга туғилганлик тўғрисида гувоҳномани расмийлаштириш чоғида отаси ёки онасининг доимий рўйхатдан ўтган манзилига идоралараро автоматлаштирилган тизим орқали маълумотларни киритиш йўли билан доимий рўйхатга олиниши тартиби киритилмоқда;

- мулкдорнинг ижтимоий норма асосида доимий рўйхатга олинган фуқароларни яшаш жойи бўйича доимий рўйхатга олинганлигини бекор қилиш ҳуқуқи киритилмоқда (ижтимоий норма қўлланмайдиган фуқаролар бўйича уларнинг розилиги ёки суд тартибида амалга оширилади);

- бошқа ҳудудларда доимий рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида уйни умумий мулк ҳуқуқи асосида олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя, рента, умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга бериш, гаровга (ипотекага) қўйиш, кўчмас мулкдан (кўчмас мулк бир қисмидан) воз кечиш ва кўчмас мулкни ўзгага беришнинг бошқа усулларига оид битимларни нотариал тасдиқлашда ҳам ижтимоий норма тўғрисидаги қоидалар инобатга олиниши лозимлиги ўрнатилмоқда;

- Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳаракатларни идоралараро электрон ҳамкорлик орқали “Ягона дарча” тамойили асосида “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга ошириш белгиланмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида муҳокама қилинаётган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискани эркинлаштириш амалдаги нисбатан чекланган тартибга кўра, яъни 2010-2019 йилларда Тошкент шаҳрига кўчиб келганлар сони 203554 нафарни ташкил қилиб (stat.uz), бошқа маъмурий ҳудудий-тузилмаларга нисбатан энг юқори кўрсаткич эканлиги лойиҳанинг муҳимлигини кўрсатади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, прописка тизимини бу тарзда ислоҳ қилиш фуқароларнинг Республиканинг исталган жойида кўчиб яшаши, мулкдор бўлиши билан боғлиқ ҳуқуқ ва эркинликларини тўсқинликсиз амалга оширишлари учун ҳуқуқий асос бўлиб, прописка қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни олдини олишга хизмат қилади.

Ғиждувон туман адлия бўлими бошлиғи Дилшод Нарзуллаев