Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

08

Прописка тизимида кутилаётган ислоҳотлардан хабардормисиз?


Барчамизга маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович 2020 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга ва Ҳукуматга прописка тизимини ислоҳ қилиш юзасидан топшириқ бериб, урбанизация жараёнларини жадаллаштирган ҳолда, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш кераклигини ва мазкур йўналиш доирасида 7 та йирик шаҳар, шу шаҳарга туташ бўлган 12 та йўлдош шаҳарча танлаб олиниб, уларни ривожлантириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини устувор вазифа этиб белгилаб берган эдилар. Ушбу вазифаларни амалга ошириш йўлида асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудларимиз ўртасида тафовут мавжудлиги, бунинг ечими – ички миграцияни эркинлаштириш мақсадида Парламент ва ҳукумат олдига 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозимлигини таъкидлаб ўтган эдилар.

Шунга кўра масъул вазирлик ва идоралар томонидан прописка тизимини ислоҳ қилишга доир Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳалари ишлаб чиқилиб, лойиҳаларни тайёрлашда фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва илғор хорижий тажриба чуқур ўрганилиб, инсон ҳуқуқ-ларини таъминлашга қаратилган қоидалар ва кафолатларни белгилашга асосий эътибор қаратилмоқда.

Хусусан фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда жорий йилнинг 4 апрель куни “Тараққиёт стратегияси”  Марказининг расмий сайти(http://2020.strategy.uz/)да прописка тизимини ислоҳ қилишга доир қонун лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилган бўлиб, лойиларда қуйидагилар назарда тутилган:

Жумладан, кўпчилик фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган “прописка” тушунчаси ўрнига халқаро тажрибага асосланган ҳолда “рўйхатдан ўтказиш” тушунчаси киритилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш ҳамда янги қурилган уйларнинг олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини тўлаш ҳақидаги талаблар бекор қилинмоқда.

Фуқароларнинг биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи назарда тутилмоқда.

Бошқа ҳудудларда доимий рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Тошкент шаҳри ва вилоятида уйни умумий мулк ҳуқуқи асосида олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя, рента, умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга бериш, гаровга (ипотекага) қўйиш, кўчмас мулкдан 

воз кечиш ва кўчмас мулкни ўзгага беришнинг бошқа усулларига оид битимларни нотариал тасдиқлашда ҳам ижтимоий норма тўғрисидаги қоидалар инобатга олиниши лозимлиги белгиланмоқда.

Доимий прописка учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидаларни қонунчиликдан чиқариб ташлаш кўзда тутилган.

Аввал Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади.

Шундан келиб чиқиб, вакиллик органларига сайланган, тегишли давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва республика аҳамиятидаги бошқа давлат ташкилотларига тайинланган ходимлар учун доимий рўйхат бўйича лавозимни эгаллаб туриш даврига оид чеклов олиб ташланмоқда.

Бундан ташқари, оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади.

Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 1 йилдан 5 йилгача узайтирилмоқда.

Айни вақтда, фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан, яшаш муддати 10 кундан 15 кун-га ўзгартирилади.

Шу билан бирга, доимий ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади ҳамда унинг муддати 3 кундан 1 кунга  қисқартирилади.

Доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари  ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиш ва мазкур жараёнларни рақамлаштириш кўзда тутилмоқда.

Доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби, ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилиниб, ушбу жараёнлар идоралараро электрон дастур орқали амалга оширилади.

Туғилган болага Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида туғилганлик гувоҳномасини расмийлаштириш вақтида уни отаси ёки онасининг доимий рўйхат манзили бўйича идоралараро автоматлашган тизим орқали доимий рўйхатга олиш тартиби киритилмоқда.

Муҳокама жорий йил 11 апрелга қадар давом этади ва шунга кўра ҳар биримиз ўзимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларимизга даҳл қилувчи мазкур норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларига бефарқ бўлмасдан, мазкур бўлиб ўтаётган жараёнда фаол иштирок этишимизга даъват этамиз.

Шу ўринда Президентимизнинг Олий мажлис ва Ҳуқуматга қилган мурожаатларида: “Менинг энг катта ниятим шуки, Ватанимиз ичра ҳар бир инсон ўзининг “кичик ватани”га – уй-жойига эга бўлса, биздан халқимиз ҳам, Яратган ҳам рози бўлади”- деб айтиб ўтган сўзларини ёдга олишни жоиз деб билдим.


Қоракўл туман адлия бўлими бошлиғи Умид Турдиев