Янгиликлар
Хатонинг йўлдоши — жазо.
Фуқаролар Ш.Алаева ва З.Муҳаммадоваларнинг Бухоро вилоят адлия бошқармасига меҳнат ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақида қилган ёзма мурожаатлари Бухоро шаҳар адлия бўлими ходимлари томонидан ўрганиб чиқилганда Бухоро шаҳар 28-сон ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти мудираси томонидан 2020 йил 3 январ кунидан бошлаб фуқаро Ш.Алаеванинг розилигисиз 0,7 ҳисса кечки энага вазифаси мурожаат муаллифининг розилигисиз 0,6 ҳиссага, худди шундай, фуқаро З.Муҳаммадова ҳам унинг розилигисиз тарбиячи ёрдамчиси вазифасидан 0,8 ҳисса кечки энагалик лавозимига ўтказилганлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 89-моддасига мувофиқ, иш берувчи истисно ҳоллардан ташқари ходимнинг иш хажмини ва унинг меҳнат ҳақи миқдорини унинг розилигисиз ўзгартириш учун қуйидагиларни амалга ошириши шарт:
- айрим тоифадаги ходимлар учун меҳнат шартларини ўзгартириш хусусида корхонадаги ходимларнинг вакиллик органлари билан олдиндан маслаҳатлашиб олади;
- меҳнат шартларидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида ходимни камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб тилхат олиши шарт, кўрсатилган муддатни қисқартиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.
Шунингдек, Меҳнат кодексининг 92-моддасига асосан, бошқа доимий ишга ўтказишга (ходимнинг меҳнат вазифаларини ўзгартиришга) — унга бошқа мутахассислик, малака, лавозимга оид ишни топширишга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилиши мумкин.
Натижада аниқланган қонунбузилишлар юзасидан бўлим томонидан киритилган тақдимнома ва маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги таклиф билан Бухоро шаҳар 28-сон ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотининг тегишли буйруқлари бекор қилиниб, айбдор шахс меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун жавобгарликка тортилди.
Бухоро шаҳар адлия бўлими бошлиғи Абдурахимходжа Бафаев