Янгиликлар
Мурожаат қаноатлантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 150-моддасига асосан иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил ҳар қандай ҳолатда ҳам ходимнинг аризасига асосан – унинг ихтиёри билан берилади.
Шунга кўра, агар ходимлар ариза ёзмаса, ёки ҳохиш билдирмаса, уларни мажбуран иш ҳақи сақланмаган таътилга яъни “ўз ҳисобидан таътилга” чиқариш мумкин эмас.
Дарҳақиқат, ҳозирги вазиятда юртимизда эпидемияга қарши курашиш мақсадида бир қатор норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинаётган бўлсада давлат ташкилот ва муассасаларида иш берувчи ва ходимлар ўртасида келишмовчиликлар учраб турибди.
Жумладан, Ғиждувон туманида яшовчи фуқаро О.Олимова жорий йилнинг
26 март куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг "1008" қисқа рақамли "Ишонч телефони"га мурожаат қилиб, Ғиждувон туман 5-сонли умумтаълим мактабида ҳамшира лавозимида ишлаётганлигини маълум қилиб, карантин туфайли туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ойлик иш ҳақисининг маълум бир қисми тўланиб, уни иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилга чиқаришмоқчи эканлигидан норози бўлиб шикоят қилган.
Мурожаат адлия ходимлари томонидан ўрганилганда мурожаат муаллифи ишлаб келган мактаб фаолияти Республика махсус комиссиясининг таълим муассасаларида карантин жорий қилишга оид қарорига асосан вақтинча тўхтатилганлиги аниқланиб, ўрганиш давомида ходим ва иш берувчи ўртасида имзоланган меҳнат шартномасига ўзгартириш киритилиши, яъни ходим иш ҳақига мос равишда Ғиждувон туман марказий поликлиникаси УАШ бўлими патронаж ҳамшира вазифасига ўтказилиши таъминланди.
Эслатиб ўтилади, ходимнинг хоҳиш-истагига қарши ва унинг аризасини олмасдан туриб, мажбуран иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқариш, иш берувчи томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва бундай ҳуқуқбузарликлар учун мансабдор шаҳс саналган иш берувчи – раҳбарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига мувофиқ жавобгарлик чоралари қўлланилади.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Туйғун Азимов