Янгиликлар
Мурожаат қаноатлантирилди.
Бухоро вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳузуридаги “Ягона ҳисоб китоб маркази” ДУК Когон филиалининг 6 нафар ходимлари меҳнатга оид бузилган ҳуқуқларини тиклаш тўғисидаги мурожаати асосида Когон шаҳар адлия бўлими томонидан батафсил ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида филиал томонидан жами 6 нафар ходимларнинг бажарган меҳнатлари учун 2020 йилнинг 1 мартига қадар жами 31 666 998 сўмлик ойлик иш ҳақлари тўлаб берилмаганлиги аниқланган.
Айни пайтда мамлакатимизда эпидемия тарқалишининг олдини олиш мақсадида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб қувватлаш ҳамда камбағалчиликка қарши кураш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилаётган бир пайтда филиал маъмуриятининг лоқайдлиги сабабли ўз ишчи-ҳодимларнинг моддий-ижтимоий аҳволини оғирлашишига йўл қўйиб берганлиги ғоятда ачинарли аҳвол.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддасида меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланиши ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги, ходимларнинг айрим тоифалари учун алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан иш ҳақи тўлашнинг бошқа муддатлари белгилаб қўйилиши мумкинлиги, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли барча суммаларни тўлашлиги, жамоа шартномасида иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечикканлиги учун жавобгарлик назарда тутилиши мумкинлиги белгиланган.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда фуқароларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида хар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатиб ўтилган.
Шунга кўра Когон шаҳар адлия бўлими томонидан мурожаат муаллифларининг хуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича тақдимнома ҳамда ФИБ Когон туманлараро судига иш ҳақи тўловларини суд буйруғи тартибида мажбурий ундиришни сўраб ариза киритилди.
Когон шаҳар адлия бўлими бошлиғи Исматов Исматилло