Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

Бутун Жаҳон сўзсиз таслим бўлган дард...


Бутун Ер шарини яралаган, дунёнинг барча эшикларини маҳкамлашга мажбур қилган бедаво дард-хавфли офат қаршисида бутун Жаҳон сўзсиз таслим бўлди. Бу эса бу пандемиянинг қанчалик даҳшатли қудратга эга эканлигини кўрсатиб турибди. Бутун дунё каби Ўзбекистон ҳам бу хавфли вирус  жароҳатларидан азият чекмоқда. Давлатимиз раҳбари, ҳукуматнинг диққат –эътибори бу хавфли вабодан қандай қутулиш, унинг асоратларини йўқотиш, бу касалликнинг кенг тарқалмаслигининг олдини олиш чораларини кўриш, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини ижтимоий ҳимоялаш, зарур дори-дармонлар, тиббий анжомлар билан таъминлаш каби муҳим вазифалар ечимига қаратилган.

Бу офат қўлини осмонга узатса етадиган мана–ман деган даҳоларни ҳушёр торттирди, энг ривожланган бақувват давлатларнинг “шохини зирқирратди”, нормал ҳаёт ва турмуш тарзи тамоман ўзгариб кетди. Албатта, бу пандемия натижасида дунёдаги бир қатор гегемон давлатларда ҳам бир қатор муаммолар, жумладан, ишсизлик, аҳолининг аксарият қисми даромадсиз қолиши ва очарчилик каби салбий ҳолатлар рўй бериб, натижада давлатларнинг иқтисодий  устунлари қулаш арафасида. Ҳатто АҚШ нинг энг нуфузли шаҳарларидан бири - Нью Йорк каби дунё молиявий марказида ҳам тиббиёт ходимлари учун етарли ҳимоя воситалари мавжуд эмаслиги, қўшни Қирғизистонда эса тиббиёт ходимлари ўртасида ушбу пандемияга чалиниш ҳолатлари тобора ошиб бораётганлиги бу офатдан ҳеч ким на молу давлат, на катта сармоя билан қутулиб қололмаслигини исботлаб турибди.

Охирги маълумотларга кўра, ҳозирда дунё бўйлаб ушбу касалликка чалинганлар сони 2 миллиондан ошиб, унинг натижасида вафот этганлар сони эса 126 минг кишини ташкил этмоқда. Бу борада рекорд кўрсатгичларда АҚШ, Испания ва Италия давлатлари етакчилик қилаётган бўлиб, энг ачинарлиси, ушбу пандемиядан вафот этаётган кимсаларни “охирги йўл”га кузатиб қўйиш ва инсонийлик тамойилларига кўра уларни дафн қилишда ҳам бир қатор муаммолар юз бермоқда... Бу эса инсон учун, инсоният учун жуда ачинарли  ҳолдир!

Юртимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш, бир сўз билан айтганда, СОVID-19 пандемияси таъсирини юмшатиш борасида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Карантин даврида “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи жорий этилиб, заруратсиз уйдан ташқарига чиқмаслик кескин тақиқланиб, транспорт воситаларининг фақатгина махсус рухсатнома (стикер) асосида ҳаракатланиши жорий этилган бўлишига қарамасдан, ижтимоий тармоқлардаги айрим “ўзига бино қўйган” ёки “кун қаҳрамони” га айланишга ҳаракат қилаётган ёшларимизнинг қилмишлари кишини ўйлантириб қўймоқда. Бу эркатойлар вазиятнинг нечоғлик жиддийлигини ва қалтислигини наҳотки, тушунмаётган бўлса?! Ахир бундайлар бу ҳатти-ҳаракатлари билан нафақат ўз саломатлигини, балки яқинлари, оила аъзоларининг, атрофдагиларнинг ҳаётини таҳлика остига қўяётганлигини наҳотки сезмаётган бўлса?!

Ҳар бир  воқеа, ҳар бир ташвиш ёки мусибатнинг сабоқ бўладиган, дарс олишимиз мумкин бўлган жиҳатлари бўлиши табиий албатта. Карантин даврида барчамиз оиламиз даврасида кўпроқ қолишликни, уларга янада меҳрибон бўлишни, ширин фарзандларимиз билан ҳамсуҳбат бўлишни, уларнинг саволларига жавоб беришни ўргандик, бу яхши албатта.

 Эл бошига иш тушганда, оғир кунларда инсонгарчилик, одамийлик, хайру саховат туйғулари кўпроқ кўнгилларни эгаллаши табиий. Чунки ҳимояга муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш халқимизнинг шарқона, аниқроғи,  ўзбекона улуғ қадриятларидан  бири саналади. Сўнгги маълумотларга кўра, карантин даврида фақатгина Бухоро вилоятида  жами 8 515 та хонадонларга бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган. Биз ҳам, томошабин бўлиб турмасдан, имкон қадар кам таъминланган қўни-қўшниларимиз ва яқинларимизга ёрдам қўлини чўзишни  инсоний бурчимиз деб тушунимиз керак.

Зеро, асл куч - бирликда, ҳамжиҳатликда! Биргаликдаги  ҳаракатларимиз билан бу  кўзга кўринмас балони енгишимиз мумкинлигини унутмайлик! Барча хавотирлардан холи бўлишимиз, соғлигимиз ва яқинларимиз ҳаётини хатарга қўймаслик учун  эса биздан фақатгина “уйда қолинг”  принципига ва карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз  талаб этилади.  Илтимос, уйда қолинг, кўчага чиқишни бас қилинг?


Бухоро шаҳар адлия бўлими бошлиғи А.Бафаев