Янгиликлар
Қатъий интизом – ҳар қандай вазият ечими ёхуд иқтисодий барқарорлик асосидир.
Aйни дамда бутун дунёни оғир аҳволга туширган коронавирус пандемияси туфайли кўплаб давлатларда қатъий карантин чоралари жорий этилиб, одамларни эркин ҳаракат қилиши чекланган. Хизмат кўрсатиш ва туризм, авиация ва транспорт соҳалари, кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Натижада бутун дунё иқтисодиёти катта зарар кўрмоқда, бир неча ўн миллионлаб инсонлар ўз иши ва даромадини йўқотиб, иқтисодий оғир вазиятга тушиб қолмоқда.
Алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон Президенти ва Ҳукумат томонидан коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга, аҳоли фаровонлиги ва турмуш тарзига салбий асоратларини камайтириш мақсадида илк кунларданоқ амалий ҳаракатлар бошланиб, чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 19 мартда ва 3 апрелдаги фармони асосида миллий иқтисодиётнинг таянчи бўлган тадбиркорлик субъектлари, саноат корхоналари, туризм ва хизмат кўрсатиш субъектлари, экспортёрларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 32 триллион сўмлик чора-тадбирлар белгиланди.
Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун солиқ имтиёзлари, уларнинг кредит тўловларини кечиктириш, банкларнинг ликвидлик даражасини ошириш, зарур истеъмол товарлари учун божхона божлари ва акциз солиқларини бекор қилиш, ижтимоий нафақа олувчилар сонини ва муддатини кенгайтириш каби чора-тадбирларга қўшимча маблағлар йўналтирилиши кўзда тутилди.
Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни глобал инқироз ва пандемия шароитида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга яна бир бор алоҳида тўхталиб, Республикамизда ҳам касалликка чалинганлар сони тобора кўпайиб бораётгани бутун халқимиздан ҳушёрлик ва огоҳликни кескин кучайтиришни, карантин билан боғлиқ жорий этилган барча тартиб-қоидаларга сўзсиз ва қатъий амал қилишга чақирдилар.
Амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз ҳамда шифокорларимизнинг қаҳрамонона меҳнатлари эвазига бугунгача ушбу касалликка чалинган 110 нафар юртдошимиз тўлиқ тузалди, карантинга олинган 222 минг нафар кишидан 141 минг нафари ундан чиқарилди.
Covid-19 пандемияси глобал иқтисодиётга олдиндан айтиб бўлмайдиган даражада таъсир кўрсатди.
Турли давлатлар иқтисодиёт ва бозорларни барқарорлаштириш учун энг жиддий чоралар, жумладан, молиявий аралашув йўли билан инфекцияга қарши курашишга ҳаракат қилмоқда.
Вирус устидан ғалаба ҳали қозонилмаган бўлса-да, аксарият мамлакатлар учун соғлиқни сақлаш тизимидаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш ва ҳеч бўлмаганда иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш устувор мақсадлар қилиб белгиланмоқда.
Уларнинг тахминларини яхшироқ тушуниш учун FM Global суғурта компанияси томонидан тузилган «Иқтисодий хавфсизлик индекси-2019»га кўз ташлаш керак.
Ушбу индекс рейтингидан турмуш даражаси, ишбилармонлик муҳити ва тикланиш имкониятлари ҳисоб-китоб қилинган 130та давлат жой олган. Бундан ташқари, рейтинг сиёсий барқарорлик, корпоратив бошқарув муваффақияти, рискларнинг юзага келиш шартлари, савдо занжирларининг мураккаб логистика механизмлари ва ишбилармонлик муҳитининг шаффофлиги каби омилларга асосланиб тузилган.
Мамлакатларнинг пандемияга қарши дастлабки ҳаракатлари билан рейтингини таққослаб, инқироз даврида иқтисодий барқарорликни юқори даражада сақлаб қолиш эҳтимоли бўлган давлатлар аниқланди.
Жумладан, Дания - тадқиқотларига кўра, коронавирус туфайли юзага келган мураккаб вазиятдан Дания биринчилардан бўлиб чиқиб кетади.
Ушбу мамлакат таъминот тизимини назорат қилишнинг юқори кўрсаткичлари ва ҳукуматда коррупция даражасининг пастлиги туфайли «Иқтисодий хавфсизлик индекси-2019»да иккинчи ўринни эгаллади.
Covid-19 пандемияси бошланганда, Дания ҳукумати қатъият билан ҳаракат қилди ва тезда ижтимоий масофани жорий қилди. 11 март куни мактаблар ва иккинчи даражали маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган турли корхоналар ёпилди. 14 март куни эса коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолати унча кўп бўлмаса ҳам, барча чет элликлар учун мамлакатга кириш тақиқланди.
Кўрилган қатъий чора-тадбирлар ўз самарасини бергани Дания мисолида аллақачон исботланди. «Ўтган йил билан таққослаганда одатий грипп билан касалланиш 70 фоизга камайди, бу ҳукумат томонидан кўрилаётган чоралар яхши самара берганини англатади.
«Аввалига, ҳукумат жорий қилган чекловларга шубҳа билан қарадим, кейин бошқа давлатлар ҳам шу чекловларни жорий қилаётганини кўрганимдан сўнг, энди бизнинг ҳукуматимиз ҳамма нарсани тўғри бажарган деб ўйлайман», дейди Копенгагендаги Pissup Tours сайёҳлик агентлиги бошқарувчиси Расмус Кристиансен.
Данияликлар ўз ҳукуматига ишонишга одатланган ва ҳар доим умумий иш учун курашишга тайёр — бу жорий этилган чоралар самарадорлигини оширади.
«Ҳозир Дания ОАВ ва ижтимоий тармоқларида янги «samfundssind» (бу сўз «фуқаролик туйғуси» ёки «фуқаролик бурчи» маъноларини англатади) сўзи кўп қўлланяпти. Бугун кўпчилик данияликлар жамият учун ахлоқий мажбуриятни ҳис қилишади, бутун жамият саломатлиги учун нимадандир воз кечиш, керак деб ўйлашади.
Дания ҳукумати олиб борган чора-тадбирлар, масалан, ишини вақтинча йўқотган соатбай ишлайдиган ишчиларга иш ҳақининг 90 фоизи ва ҳафталик иш ҳақига ишлайдиганларга 75 фоиз тўлаб бергани аллақачон бутун дунёда намуна сифатида тан олинган.
Сингапур- «Иқтисодий хавфсизлик индекси-2019» рейтингида 21-ўринни эгаллаган. Бу мамлакат кучли иқтисодиёт, сиёсий хавф-хатарлар, мукаммал инфратузилма ва коррупция даражаси пастлиги туфайли 130та мамлакат орасида 21-ўринда.
Мамлакатда коронавирус тарқалишини олдини олиш бўйича тезкор чоралар кўрилди.
«Биз ҳукуматимизга ишонамиз, инқирозда улар томонидан амалга оширилган ҳар бир иш жуда шаффоф тарзда олиб борилди. Ҳукумат қандай чораларни кўрса ҳам, аҳоли шунга қатъий риоя қилади.
Умуман олганда, ҳукумат аҳоли билан ҳамжиҳатликда ишлайди. Шунинг учун қандайдир сабаб билан жамиятда тартибсизликлар юз бериши, одамлар кўчаларда ўлиб кетиши ёки иқтисодиётда беқарорлик келиб чиқиши ҳолатлари кутилмаяпти.
АҚШ - ушбу мамлакатнинг ҳудуди катталиги ва аҳолисининг кўплигидан келиб чиқиб унинг кенг жуғрофий қамровини аниқроқ акс эттириш учун «Иқтисодий хавфсизлик индекси-2019» уни ғарбий, марказий ва шарқий минтақаларга ажратди ва ҳар учаласи ҳам рейтингда анча юқори, мос равишда 9, 11 ва 22 ўринларни эгаллади. АҚШда касаллик ўчоғи Нью-Йорк шаҳри. Вируснинг Нью-Йорк каби мегаполисларда тарқаб кетишининг олдини олиш айниқса қийин бўляпти. Мамлакатда ишсизлик даражаси аллақачон рекорд кўрсаткичларни кўрсатмоқда — март ойининг охирида 6,6 миллион киши. Бугун АҚШ штатларининг ярмидан кўпида ҳамма жой, шу жумладан, ресторан ва кафелар ҳамда чакана савдо дўконлари, шунингдек, ташқаридан ташриф буюрадиган харидорларга хизмат кўрсатадиган бошқа корхоналар ёпилган.
Goldman Sachs ва Morgan Stanley халқаро компаниялари мутахассислари иқтисодиётнинг V шаклидаги ривожланишини тахмин қилишади — аввал кескин пасаяди, кейин эса йилнинг иккинчи ярмида жуда тез тикланади.
Одатий ҳолатга қайтишни тезлаштириш учун АҚШ президенти маъмурияти мамлакатни икки қисмга бўлди. Бир қисми вирус камроқ таъсир қилган ҳудудлардан ташкил топган бўлса, иккинчи қисм вирус кўпроқ зарар етказгани учун тезроқ ёрдам бериш лозим бўлган ҳудудлардан ташкил топди.
«Ушбу чоралар кучли тикланиш учун зарур шарт-шароитларни яратишда катта аҳамиятга эга деб ҳисоблайман. Бизга имкон қадар нафақат мамлакат ичида, балки бутун дунё бўйлаб пуллар, товарлар, хизматлар, меҳнат захиралари ва ғояларнинг тезкор ҳаракатланиши керак», — дейди Америка иқтисодий тадқиқотлар институти, нотижорат тадқиқот таҳлилий маркази илмий ходими Питер Эрл.
АҚШда умумий соғлиқни сақлаш тизимининг самарали ишлай олмаслиги инқироз кунларида кўп танқид қилиняпти. Кўпчиликнинг фикрига кўра, мамлакат келажакда бундай пандемиядан яхши ҳимояланишни истаса, соғлиқни сақлаш тизими қайта кўриб чиқиши ва ундаги муаммолар ҳал қилиниши лозим.
«Янги уруш» янгича стратегик кўзлов ва тактик ёндашувларни талаб қилади. Ҳозир ҳар бир давлат ўз имкониятлари ва вазиятидан келиб чиққан ҳолда турли ечимларга қўл урмоқда. Улардан қайси бирлари энг самарали эканини аниқлаш осон иш эмас.
Жорий йилнинг 15 апрелида давлат Раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор имзоланди.
Президент қарорида таъкидланишича, карантин даври Ўзбекистонда асосан жорий йилнинг II чорагига тўғри келиши ва шу даврда иқтисодий фаолликнинг сезиларли пасайиши Давлат бюджети барқарорлигига хавф туғдирмоқда. Шунинг учун касаллик тарқалишини максимал даражада локализация қилиш ва карантин муддатлари чўзилиб кетишининг имкон қадар олдини олиш муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эгадир.
Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича муҳим тадбирларни, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсия ва нафақалар ҳамда устувор давлат дастурларини ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар қабул қилинди. Хусусан, давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва бюджет харажатларини мақбуллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш;
муҳим ижтимоий харажатларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш;
жаҳондаги ва республикадаги ижтимоий-иқтисодий фаоллик аҳволи таҳлили ва муҳимлик даражасидан келиб чиққан ҳолда долзарб ҳисобланмаган лойиҳа ва харажатларни кейинги даврларга кўчириш;
давлат дастурларига бажаришга йўналтириладиган бюджет маблағларини қисқартиришда лойиҳаларнинг устуворлиги ва ижтимоий йўналтирилганлигини инобатга олиш;
давлат ички ва ташқи мажбуриятларининг, шу жумладан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича мажбуриятларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш;
бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг харажатларни мустақил камайтириш бўйича масъулиятини ошириш.
Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли даражадаги бюджет тушумларини, шунингдек, республика бюджетидан ажратилаётган трансфертларни, акциз солиғи бўйича ўтказмаларни, бюджет ссудаларини ҳамда бошқа маблағларни биринчи навбатда қуйидагиларни молиялаштиришга йўналтириши кўрсатилди:
коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларга, жумладан дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сотиб олиш, тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва уларни жиҳозлашга;
иш ҳақи, пенсиялар, стипендия ва нафақаларни ўз вақтида тўлашга;
озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш, коммунал тўловлар ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган харажатларни қоплашга;
Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг қарорига асосан бошқа тадбирлар ва харажатларга.
Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон Президенти томонидан кўрилаётган бу чора-тадбирлар эпидемиологик вазиятнинг миллий иқтисодиётимизга салбий таъсирини камайтириш, иқтисодиётни зарур молиявий ресурслар ва ликвидлик билан таъминлаш ҳамда булар орқали қисқа фурсатларда иқтисодий барқарорликни кафолатлаш мақсад қилинган.
Хулоса ўрнида шуки, ҳеч қачон унутмаслигимиз керак бугунги синовли дамлардан омон-эсон чиқиб олишимиз, энг аввало қабул қиладиган қарор ижросини тўғри ташкил этишга боғлиқ бўлиб, ота-боболаримиз асраб бизгача етказган мана шу юрт, ватан, халқ олдида шахсий масъулиятимизни ҳис эта олишимиз, дахлдорлигимиз ва албатта садоқатимизни намоён эта олишимизга боғлиқдир.
Когон шаҳар адлия бўлими бошлиғи Исматилло Исматов