Янгиликлар
Янги институт орқали янги имкониятлар сари.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида “Жамият- ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғояни амалда рўёбга чиқариш, аҳолининг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштироки кўламини кенгайтириш, БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини ўрнатиш, шунингдек давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида 2020 йилнинг 16 апрель куни юртбошимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармонга асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрида Жамоатчилик палаталари ташкил этилди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади, жамоатчилик палатаси қандай фаолият юритади ва у ҳаётий заруриятмиди? Унинг демократик “инфратузилмани” бунёд этишда ўрни қанчалик муҳим?
Фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштиришга ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этишга кўмаклашиш Жамоатчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир. Мазкур палата Янги Ўзбекистонда янгича фикрлайдиган ва фаолият юритадиган фуқаролик жамияти асосларини бунёд этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиб гина қолмай вазифа ва функцияларни амалга оширади:
- давлат, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларини мамлакатни ривожлантиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб қувватлабгина қолмасдан бу ишларни юзага чиқариш;
- давлат хусусий шериклик механизмларини ҳаётга татбиқ қилиш учун кенг имкониятлар яратиш;
- жойларда жамоатчиликни ўйлантираётган долзарб масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлис палаталарига, Ҳукуматга таклифлар киритиш;
- норма ижодкорлиги сифатини тубдан яхшилашга кўмаклашиш, жумладан, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта долзарб масалаларга доир норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини жамоатчилик экпертизасидан ўтказиш, уларни жамоатчилик билан маслаҳатлашув ва эшитувлар асосида такомиллаштиришга кўмаклашиш;
- БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда жамоатчилик эшитувларига кенг имконият яратиш кабилар билан шуғулланади.
Фармонга мувофиқ, жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 50 нафар аъзодан иборат бўлиб, уларнинг 18 нафари Президент томонидан тайинланади, 18 нафари маҳаллий ННТлар, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари тақдим этган номзодлар орасидан танлаб олинади ҳамда қолган 14 нафари эса ҳудудий жамоатчилик палаталари вакилларидан тузилади.
Ҳудудий жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 21 нафар аъзодан иборат бўлиб улар ҳудудларда фаолият олиб бораётган ННТлар илмий доиралар, ОАВлар ва кенг жамоатчилик вакилларидан шакллантирилади.
Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари аъзоларининг ваколат муддати 3 йил. Яна бир қувонарли ҳолат шуки, бугунги кунда “Халқ овози” бўлиб хизмат қилаётган “Менинг фикрим” вебпортали жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказилди.
Ўзбекистонда бундай демократик институт янгилик сифатида қабул қилиниши табиий ҳолат. Буни қарангки, ўзини демократик давлат деб ҳисоблайдиган ҳар бир мамлакатда демократик институтлар фаолият кўрсатишига ва уларнинг фаолияти эркин бўлишига шароит яратиш жуда муҳим ҳисобланади.
Жаҳон тажрибаси бу борада нима дейди?
Россия Федерацияси мисолида олиб қарайдиган бўлсак, улар биздан 15 йил олдин худди шу институтни ташкил этганлигини кўришимиз мумкин. Россия Федерацияси Жамоатчилик палатаси Федерациядаги маслаҳат органи ҳисобланиб, палата аъзолари 168 нафар ташкил этиб, улар ўз фаолиятлари учун маош олишмайди, бироқ палатанинг ўзи худди федерал ҳокимият органлари каби давлат бюджетидан молиялаштирилади.
Палата фаолияти “Россия федерацияси жамоатчилик палатаси тўғрисида”ги федерал қонун билан тартибга солиниб, таркиб қуйидагича шакллантирилади:
- Президент фармони билан бевосита тасдиқланадиган 40 нафар вакил;
- ҳудудий жамоатчилик палаталаридан 85 нафар вакил;
- умумроссия жамоат бирлашмалари ва бошқа нотижорат ташкилотларидан ишчи гуруҳ томонидан ўказиладиган электрон овоз бериш жараёнида сайланадиган 43 нафар номзод.
Палата фаолияти ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг энг муҳим муаммоларини ҳал қилиш, миллий хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, конститиуциявий тузум, демократия принциплари шунингдек мамлакатда фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш учун фуқаролар манфаатларини мувофиқлаштиришга, ижтимоий бирлашмалар, давлат ҳокимияти органлари ва жойлардаги ўзини-ўзи бошқариш органларига йўналтирилган.
Жамоатчилик палатаси федерал қонунлар лойиҳалари, шунингдек федерация субъектлари, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан чиқарилган норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларининг ижтимоий аҳамияти юзасидан жамоатчилик экспертизасини ўтказади.
Жамоатчилик палатаси фаолияти Жамоатчилик палатаси томонидан ҳар йили тасдиқланадиган чора-тадбирлар режаси асосида амалга оширилади.
Пировардида, бизда ҳам ташкил этилган янги институт Жамоатчилик палатаси мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг янада ривожланишини таъминлаш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда халқ вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг нуфузи ва ролини оширишда алоҳида аҳамият касб этади.
Шофиркон туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Шоҳрух Саидов