Янгиликлар
Карантин... Янги ислоҳотлар даври
Коронавирус... Кейинги ойларда бу сўзни эшитмаган, билмаган ёхуд эшитиб, воҳима ва таҳликага тушиб, қўрқиб кетмаган, ўз ҳаётида кутилмаган турли чеклов, таъқиқ ва чегараларни жиддий ҳис этмаган инсон қолмади ҳисоб.
Ҳақиқатдан ҳам, дастлаб Хитойнинг Ухан шаҳрида аниқланган ушбу пандемия, қисқа бир фурсат ичида нафақат Евроосиё материгини, балки бутун Ер юзини ўз домига тортиб, ҳали ҳанузгача жаҳон айвонида шоҳона ҳукм сурмоқда. Дунёни қўлсиз, оёқсиз ўз чангалида ушлаб турган бу вабо ҳозиргача 165 164 кишининг ҳаёт билан видолашишига сабаб бўлди.
Афсуски, мамлакатимизда ҳам ушбу офатга йўлиққанлар ва ҳатто ҳаётдан кўз юмганлар ҳам бор. Лекин юртимизда, хусусан Бухоро вилоятида бу касалликдан фориғ бўлаётганларнинг тобора кўпайиб бораётганлиги, ҳозирда ушбу кўрсатгич юртимизда 240 нафардан, Бухорода эса 69 нафардан иборат эканлиги кишини қувонтиради албатта.
Тан олишимиз керак, коронавирус натижасида ҳаётимизда, жумладан, жаҳон иқтисодиётида ҳам туб бурилишлар, кутилмаган ўзгаришлар рўй бериб, нефть нархи кескин тушиб кетди, туризм, савдо-сотиқ соҳасидаги халқаро ҳамкорликлар батамом тўхтаб қолиб, қатор давлатлар инқироз ёқасига келиб қолди.
Лекин, шуни ҳам эътироф этиш жоизки, ҳозирга қадар инсон ўз қобиғида ривожланиб, ўзининг ҳою ҳавасларига, зарарли “орзу-умид”лар тўрига боғланиб, моддий бойлик орттиришга ружу қўйиб, барча нарсани пул билан ўлчаб, ўзаро меҳр-оқибат, иймон ва инсоф деган муқаддас тушунчаларни унутиб қўйганлиги ва бу ҳаётимизда анча-мунча эврилишларга сабаб бўлганлиги аён эди.
Энг ачинарлиси, кейинги йилларда инсон она табиатга, ҳайвонот ва наботот оламига ҳам шафқатсизларча муносабатда бўлиб, унга катта зарар етказганлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Табиатга ваҳшийларча аёвсиз муносабатда бўлиш натижасида муайян турдаги ноёб ҳайвонлар турининг йўқолиб кетиши, табиат ва инсон ўртасидаги мувозанатнинг бузилиши турли фожиаларга сабаб бўлди. Инсон “қўли” ва “ақл-заковати” билан авваллари тоза сув оққан ариқларда бугун чиқинди уюмлари оқа бошлади, оқибатда инсон ҳаёти ва саломатлигигига сабий таъсир кўрсатадиган глобал экологик муаммолар юзага келди.
Шу ўринда, пандемия натижасида деярли барча давлатларда карантин жорий қилинганлиги муносабати билан табиатда ҳам бир қатор ижобий ўзгаришлар бўлганлигини алоҳида қайд этиш лозим. Жумладан, Италиянинг Венеция шаҳридаги каналларга балиқлар ва дельфинлар қайтган бўлса, юртимиздаги Сирдарё дарёсида эса пеликанларни кузатиш мумкин.
Бундан ташқари, эколог мутахассисларнинг таъкидлашича, карантин натижасида транспорт воситалари ва катта-катта саноат корхоналаридан чиқадиган чиқиндилар ва заҳарли газларнинг чиқарилмаслиги ҳисобига атмосферадаги диоксит азоти миқдори анча камайиб, ер шаридаги ҳаво ҳам тозаланган. Демак, Она сайёрамиз тоза ҳаводан тўйиб нафас олмоқда.
Карантин даври ҳар биримиз ўзимизнинг ўтган умримизга назар ташлаб, йўл қўйган хато ва камчиликларимизни танқидий баҳолашимизга имкон берди. Биз салкам хаёл тезлигида ўтаётган умримизда нималарни топдигу, нималарни йўқотдик, деган саволлар қаршисида бироз ўйланиб қолдик. Топган жавобларимиз ва хулосаларимизда эса келгусида нафақат табиатга бўлган муносабатимизни, балки инсонга яъни яқинларимизга, ён -атрофимиздагиларга бўлган муносабатни ҳам ўзгартиришимиз зарурлигини англаб етдик. Инсон нафақат руҳий, балки ақлий, маънавий ва маърифий жиҳатдан ҳам ўзини ислоҳ қилиши, юксак мақсадларни кўзлаб, пандемиядан кейинги ҳаётда чин инсонийлик, меҳр-мурувват, адолатпарварлик ва яхшилик каби самимий туйғулар билан ўзини қайта қуриши даркор. Чунки бугун маънавиятимиз, тафаккуримиз, онгу шууримиз янги ислоҳотларга жуда муҳтож.
Шу билан бирга, ҳозирги шароитда карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда, соғлом турмуш тарзимизни давом эттиришимиз, фарзандларимиз тарбияси билан яқиндан шуғулланиб, онлайн дарсларини ўзлаштиришларида ҳамкор бўлишимиз, фақатгина ҳамжиҳатликда инсоний қалб билан ушбу офатни енгишимиз мумкинлигини чуқур ҳис этишимиз ва бунга мустаҳкам ишонч ҳосил қилишимиз керак. Зеро, бу ишонч барча синовлардан ўтишимизда бизга қанот бўлиши аниқ.
Абдураҳимхўжа БАФАЕВ, Бухоро шаҳар адлия бўлими бошлиғи