Янгиликлар
Бюджет харажатлари мақбуллаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларини мақбуллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимларига айрим тўловлар ҳисобланиши тўхтатиб турилади.
Мазкур қарорга кўра Вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг:
Бюджет ташкилотларида (тиббиёт, тиббий-ижтимоий муассасалари, меҳрибонлик уйларидан ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг 1-3 разрядлари қўлланиладиган ходимлардан ташқари) ишлайдиган ходимларга 2020 йилнинг 16 апрелидан 1 октябрига кадар моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланишини тўхтатиб туришга;
Республика бюджетида ҳамда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида кўзда тутилган харажатларни мақбуллаштиришга;
Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бюджетлари харажатларини мақбуллаштиришга;
Республика бюджетининг 2020 йил II чораги учун режалаштирилган харажатларни 2020 йилнинг иккинчи ярим йиллигига ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.
Шунингдек, қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига иқтисод килинган маблағларни маҳаллий бюджетларнинг даромаддар прогнозининг бажарилмаган қисмини қоплашга йўналтириш тавсия қилинган.
Бундан ташқари, молия вазирлиги тегишли вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда барча бюджет ташкилотларида (тиббиёт ва тиббий-ижтимоий муассасалари ҳамда меҳрибонлик уйларидан ташқари):
асосий воситаларни харид қилиш ва капитал таъмирлаш билан боғлиқ харажатларни жорий йилнинг 1 июлига қадар тўхтатиш (молиялаштириш бошланган чора-тадбирлар бундан мустасно) ва ушбу мақсадлар учун II чоракда режалаштирилган маблағларни қисқартириш ёки 2020 йилнинг иккинчи ярим йиллигига ўтказишга;
коммунал хизматлар, озиқ-овқат, қоғоз ва бошқа канцелярия товарлари харид қилиш, тадбирлар ўтказиш, жорий таъмирлаш ва бошқа харажатларни қисқартиришга;
Ўзбекистон ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишларини молиялаштириш ҳажмини жорий йилнинг II чорагида 3,0 трлн сўмдан оширмаслик бўйича амалий чораларни кўрилиши белгиланган.
Қарорда иқтисодий тарақкиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда мақбуллаштирилган маблағлар ҳисобига 2020 йилда Ўзбекистон ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастуридан чиқариладиган лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини шакллантириб, уч кун муддатда Вазирлар Маҳкамасига кириш;
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд ва прокуратура органлари, вазирликлар ва идоралар икки ҳафта муддатда уларнинг солиқлар, мажбурий йиғимлар, божлар ва жарималар хисобидан жамланадиган бюджетдан ташкари жамғармалари ҳисобида жорий йил 16 апрель ҳолатига мавжуд қолдиқ маблағлари, шу жумладан, тижорат банкларидаги депозит ҳисоб-рақамидаги миллий ва хорижий валютадаги қолдиқ маблағларининг 50 фоизини республика бюджетига ўтказади хамда ижроси юзасидан 2020 йилнинг 5 майига қадар Вазирлар Маҳкамасига ахборот бериш;
Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоровга 2020 йилнинг 1 майидан бошлаб жамғармаларга солиқлар, мажбурий йиғимлар, божлар ва жарималар ҳисобидан тушадиган тушумдан (ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва қонунчиликда белгиланган моддий рағбатлантириш харажатларини чегирган ҳолда) республика бюджетига 50 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда ажратма белгилаш ваколати берилган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган акциядорлик жамиятларининг - йирик корхонапарнинг кузатув кенгашлари таркибини қайта кўриб чиқиш ва уларнинг таркибига Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қискартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги вакилларини киритиш чораларини кўриш белгланган.
Хўш нима учун бюджет харажатлари оптималлаштиришни талаб қилади?
Макроиқтисодиёт китобларига назар ташласак, идеал ҳолатда давлат иқтисодиётга фақат инқироз пайтида аралашиши керак. Аралашиш деганда давлат бюджети орқали қўшимча харажатларни амалга ошириш орқали ялпи талабни яратиш назарда тутилади. Иқтисодиёт ҳаракатга келиши учун кимдир ҳаражат қилиш керак бўлади. Инқироз пайтида эса давлатдан бошқа иқтисодий агентлар — хусусий сектор, одамлар — харажатларини камайтиради.
Шунинг учун, бугун дунёнинг барча давлатлари жуда катта миқдорда қўшимча бюджет харажатларини амалга оширмоқда. Халқаро валюта жамғармаси дунё бўйича жами фискаль чора-тадбирлар миқдори 8 трлндан ошганини қайд этди. Бироқ, мазкур миқдор тақсимотига назар ташласак, харажатларнинг катта қисми ривожланган давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Нима учун ривожланган давлатлар бундай катта миқдордаги харажатларни амалга ошириши мумкин-у, лекин ривожланаётган давлатлар бундай қила олмайди?
Қисқа жавоб – кеча Молия вазиримиз таъкидлагандек, бунинг учун давлат бюджети етарли фискаль буфер (fiscal space)га эга бўлиши керак. Фискаль буфер дегани – давлат бюджетидан қилинадиган ортиқча харажатлар макроиқтисодий барқарорликка путур еткизмаслиги зарур. Яъни, қўшимча харажат натижасида – инфляция суръати ошмаслиги, давлат қарзи барқарор бўлишлиги керак.
Ривожланган давлатларда инфляция суръати жуда пастлиги ва энг муҳими давлат қарзлари асосан ўзларининг миллий валютасида эканлиги – триллионлаб долларлик харажатларни амалга ошириш имконини бермоқда. Шунинг учун ҳам Япония, АҚШ, Буюк Британия сингари мамлакатларнинг давлат қарзи уларнинг ЯИМга нисбатан жуда юқори. Бироқ, бу ҳеч қандай муаммони келтириб чиқармайди. Сабаби, суверен давлат ўзини валютасида дефольт бўлиш эҳтимоли жуда-жуда паст, йўқ деса ҳам бўлади. Шунинг учун мазкур давлатлар 3 ой олдин кўплаб иқтисодчиларнинг тушига ҳам кирмаган чоралага қўл урмоқда – АҚШ тўғридан-тўғри аҳолига пул тарқатмоқда ёки штатлар чиқарган облигацияларини сотиб олмоқда, Буюк Британия Марказий банки эса ҳукумат чиқарган давлат облигацияларини тўғридан-тўғри сотиб олиб, давлат бюджети қарзини монетизация қилмоқда.
Бироқ, ривожланаётган давлатлар бундай “премиум” чора-тадбирларни амалга ошира олмайди. Сабаби, мазкур давлатларда асосий муаммо – давлат қарзи асосан хорижий валютада. Қўшимча фискал харажатлар, албатта, валюта курсига босим ўтказмасдан қолмайди. Шунинг учун, ривожланаётган давлатлар катта миқдорда фискаль чораларни кўра олмайди ва харажатларни оптималлаштиришга мажбур бўлади. Шунинг учун ҳам бўлса керак бизда ҳам харажатларни қайта кўриб чиқишга қарор қабул қилинди.
Вобкент туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Шерзод Мубинов