Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

Прописка бўйича Фармон имзоланди


“Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган доимий прописка қилиш тизимидан босқичма-босқич хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтилади.

Шунга кўра, биринчи босқичда қуйидагилар амалга оширилади:

 “доимий прописка қилиш” ва “турган жойи бўйича ҳисобга олиш” тушунчалари “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” ва “вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчаларига ўзгартирилади;

 фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда эгалигида бўлган уй-жой майдонига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш имконияти яратилади;

 доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин 1 йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда 1 йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши йўқотилиши тўғрисидаги қоида олиб ташланади;

 оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади;

 илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар доимий яшаш учун тегишинча қайтиб келганида, улар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ҳеч қандай тўсиқларсиз қайта доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади;

 тегишли лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқароларга ҳамда республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар учун лавозимни эгаллаб туриш даврига бериладиган доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш ҳуқуқига чеклов бекор қилинади;

 Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган давлат ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини юритаётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади;

 республиканинг бошқа ҳудудларида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларни сотиб олиб, 3 йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини қўллаш тартиби бекор қилинади.

Кўчмас мулк олишда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга
олинганлик талаб қилинмайди

Фармонга кўра, 2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги талаб қилинмайди.

Ўзбекистон фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали “Ягона дарча” тамойили асосида Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширилади. 

 Бунда Ўзбекистон фуқароларини “Манзил” тизими орқали доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш:

 Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида – 2020 йил 1 сентябрдан;

 Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади.

Доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибини бузганлик ҳолати Ўзбекистон фуқароларини тегишли ҳудуд ва манзилдан чиқариб юбориш учун асос бўлиб ҳисобланмайди.

Рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш
муддати 15 кун бўлади

 Фармонга кўра, 2020 йил 1 сентябрдан: 

 Ўзбекистон фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун ҳисобланади;

 доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштириш 1 кун ичида амалга оширилади; 

 Ўзбекистон фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинади;

 Ўзбекистон фуқароларига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинади;

ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан олинишда мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориш тартиби бекор қилинади;

Ўзбекистон фуқароси томонидан солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этилганда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишда уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмайди.

Шунингдек, болага туғилганлик тўғрисида гувоҳномани расмийлаштириш чоғида отаси ёки онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзилига идоралараро электрон ҳамкорлик орқали маълумотларни киритиш йўли билан доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби жорий қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг муайян ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон фуқаролари тегишинча ушбу ҳудуднинг бошқа манзилида истиқомат қилса, турган жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиниши шарт эмас ва паспорт тизими қоидаларини бузган деб ҳисобланмайди.


https://t.me/huquqiyaxborot