Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

ХАВФСИЗ ХАЙРИЯ ЁКИ “ҚОШ ҚЎЯМАН ДЕБ КЎЗ ЧИҚАРМАСЛИК” ЧОРАЛАРИ


Жамиятда мавжуд ижтимоий муносабатлар қонунчилик билан, камида ахлоқ нормалари билан тартибга солинган. Шундай ижтимоий муносабатлардан бири хайрия (ҳадя) бўлиб, ўзбек менталитети ракурсида ҳам миллий ҳам диний нуқтаи назардан муҳим социал ҳодиса сифатида эътироф этилади.

Айниқса, COVID-19 пандемияси муносабати билан эълон қилинган карантин даврида инсонийликнинг муҳим сифатларини кўрсатувчи хайрия тадбирлари бутун Ўзбекистон бўйлаб авж олди. Аммо, эпидемиологик хавфсизлик нуқтаи назаридан мазкур муносабат салбий оқибат таҳдиди билан парадокс аҳамият касб этмоқда. Яъни, мавжуд вазиятда ночорларга хайрия қилиш йўли билан яхшилик қилиш мақсадида қилинган ишлар, башарти санитария (карантин) қоидаларига амал қилинмасдан ўтказилган, оқибатда касаллик кўпайиши ёҳуд бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, бундай хайрия жамият томонидан қаттиқ қораланади. Зеро, мақсад воситани оқламаслиги барчага маълум.

Келинг, ушбу ҳолатларга, яъни хайрия ва эпидимиологик осойишталикка даҳлдор қонун ҳужжатлари нормаларини эслаб ўтсак!

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 511-моддасида умумфойдали мақсадларда қилинган ҳадя хайр-эҳсон ҳисобланиши, хайр-эҳсон фуқароларга, даволаш, тарбия, ижтимоий ҳимоя муассасаларига ва шунга ўхшаш бошқа муассасаларга, хайрия, илмий ва ўқув муассасаларига, фондларга, музейлар ва бошқа маданият муассасаларига, жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотларга, шунингдек давлатга ва бошқа фуқаролик ҳуқуқи субъектларига қилиниши мумкинлиги қайд қилинган.

Демак, мол-мулкни тасарруф қилиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролик ҳуқуқи субъекти Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 82-моддасига кўра эркин ҳаракатдаги ҳар қандай ашёни (нарса, буюм, озиқ-овқат в.б) фуқаролик ҳуқуқи субъектларига умумфойдали мақсадда ҳадя қилиши мумкин.

Бундан ташқари, 26.08.2015 йилда қабул қилинган “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасида фуқаролар аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши ҳамда бошқа фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ва қулай яшаш муҳитига бўлган ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлувчи ҳаракатларга йўл қўймаслиги шартлиги кўрсатилган.

Хулоса қилиш мумкинки, ҳар қандай хайрия тадбирлари, айниқса карантин чоралари амал қилиши даврида санитария-эпидемиологик қоидаларига мувофиқ бажарилиши зарур.

Бинобарин, жорий йилнинг 1 апрелидан якка тартибда хайрия тадбирларини ўтказиш вақтинча тақиқланиб, эҳтиёжманд оилаларга хайрия ёрдамларини марказлаштирилган ҳолда етказишнинг алоҳида механизми ишлаб чиқилди.

Бундан мақсад хавфсиз хайрия тадбирларини ташкил қилиш, халқчил изоҳлаганда, қош қўяман деб кўз чиқармасликдир. Чунки, якка тартибдаги хайрия тадбирларининг санитария-эпидемиологик қоидаларга мувофиқ ўтказилишикафолатли бўлмай, алоҳида мехнизмда эса, бу чоралар мукаммал даражада ишлаб чиқилди.

Хусусан, эҳтиёжманд кишиларга хайрия ёрдамларини манзилли етказилишида кўмаклашиш учун бундай тадбирлар қуйидаги марказлашган тартибда амалга оширилиши белгиланган:

  • Тошкент шаҳрида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази Ўзэкспомарказ Миллий кўргазма мажмуаси таркибидаги павильонда ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларида шундай механизм жорий этилади;
  • Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлимлари жойлардаги эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатлами ҳақидаги маълумотни ҳудудий тегишлилиги бўйича Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига тақдим этади;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг беғараз ёрдамлари Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали сантитар-гигиеник талабларга мувофиқлиги кўрикдан ўтказилиб, карантин талабларига қаътий риоя этилган ҳолда (махсус кийим бош ва шаҳсий ҳимоя воситалари билан таъминланган ҳолда) эҳтиёжмандларга етказиб берилади;
  • аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламига хайрия ёрдамларини шахсан етказиш истагида бўлган нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда саҳоватпеша инсонлар ва кўнгилли (волонтёр) лар ушбу хайрия тадбирларида яқиндан ҳамкорлик қилиш ва жараёнда қатнашишга таклиф этилади;
  • эҳтиёжманд оилаларга берилган хайрия ёрдамлари ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликка мунтазам етказиб борилади.

Бу тадбирлар пировардида барча хайрия тадбирлари санитария нуқтаи назаридан хавфсиз ўтказилиб, кўзланган мақсад ҳам восита ҳам эзгуликка хизмат қилади. 

Ғиждувон туман адлия бўлими бошлиғи Дилшод Нарзуллаев