Янгиликлар
Мурожаат онлайн тарзда, уйда қолинг!
Бутун дунёни ларзага солган “COVID-19” инфекцияси тарқалиши, бизнинг мамлакатимизга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қўймади албатта. Бироқ, ўзбек халқи минг йиллар давомида ҳар қандай машаққатни чидамлилиги, аҳил ва матонатли халқ эканлиги ҳамда меҳнатсеварлиги билан енгиб ўтган.
Дунё мамлакатларида ушбу офатни бартараф этиш борасида олиб борилаётган ишлар солиштирилганда, халқпарвар ҳукуматимиз томонидан карантин даврида фуқароларнинг саломатлигини асраш, уларга қулайликлар яратиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар таҳсинга сазовордир.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатадиган давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ бўлимлари ва давлат нотариал идоралари томонидан хизматлар карантин муносабати билан онлайн тарзда амалга оширилиши жойларда фуқароларнинг тўпланиб қолишини олдини олиш, касаллик тарқалишига қарши кураш ҳамда фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида жорий этилган бўлиб, бу эса ўз навбатида фуқароларнинг ортиқча сарсон бўлишининг ҳам олдини олмоқда.
Дарҳақиқат, эндиликда фуқароларимиз ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалалар бўйича тушунтириш ва маслаҳатлар олиш учун уйларидан чиқишлари шарт эмас. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг телеграм мессенжеридаги huquqiy_maslahatbot боти орқали ёки Бухоро вилоят адлия бошқармасининг телеграмм мессенжеридаги саҳифаси ёҳуд фейсбук тармоғидаги саҳифаси орқали ўзларини қизиқтирган саволларга малакали мутахассислар томонидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар олишлари мумкин.
Бундан ташқари, нотариал ҳаракатларни онлайн тарзда амалга ошириш мақсадида e-notarius.uz портали ташкил этилган бўлиб, портал жуда кенг имкониятларга эга ва мурожаат қилувчилар ўзларига керакли барча нотариат соҳасидаги хизмат турлари: нотариус қабулига электрон тарзда ёзилиш, картадан энг яқин нотариус ёки нотариал идорани қидириш, электрон мурожаатни қолдириш, хизматлар бўйича керакли маълумотларни олиш, нотариус ҳақида фикр қолдириш ва унинг хизматини баҳолаш каби очиқ маълумотлар фойдаланиш имкониятлари мавжуд.
Мазкур портал шуниси билан қулайки, исталган нотариал ҳаракатнинг турига қараб, ҳужжатни расмийлаштиришда амал қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати, нотариал ҳаракатнинг таснифи, керакли ҳужжатлар рўйхати, нотариал ҳаракат иштирокчилари, ҳаракатни расмийлаштириш учун тўланадиган божлар турлари, расмийлаштириш учун сарфланадиган вақт, бошқа шартлар, ҳаттоки калкулятор тугмаси орқали жами тўлов суммасини аниқлаш имконияти ҳам мавжуд. Шундай экан, фуқароларимиз зарур бўлган ҳаракатларни амалга ошириш учун ўз уйларидан чиқмаган ҳолда керакли ҳужжатларни электрон тартибда юбориш ва кейинчалик нотариуснинг чақируви билан ҳужжатларни расмийлаштириш учун боришлари мумкин.
Ўз навбатида ҳукуматимиз томонидан фуқаролар учун келгусида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш мақсадида яратилаётган қулайликлар ва энг асосийси “COVID-19” инфекцияси тарқалмаслиги учун барча чора-тадбирлар кўрилаётган бир пайтда ҳар бир фуқаронинг ҳам карантин қоидаларига қатъий риоя қилишлари ва уйда қолиб эпидемияга қарши кураш борасида ўз ҳиссаларини қўшишлари давр талабидир.
Зеро, Давлатимиз раҳбари айтганларидек:“Улуғ халқ қудрати жўш урган замон”да халқимиз бир бўлиб, аҳилликда, метин ирода билан бу машаққатни албатта енгиб ўтади.
Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга
солиш бўлими бош маслаҳатчиси Зарнигор Имомова