Янгиликлар
Эл омон — яхши замон.
Айни пайтда бутун дунёда, жумладан, бизнинг юртимизда ҳам коронавирус деган бало билан кураш давом этмоқда ва ҳозирда инфекция тарқалганлиги учун бирон-бир инсонни, тузумни айблаб ўтириш ноўрин. Кўриб турибмизки, бу офат на миллат, на дин, на жамият, на иқлим танлаётир – унинг олдида ривожланган давлатлар ҳам, ривожланаётган давлатлар ҳам, бойу камбағал ҳам, машҳур ва оддий инсонлар ҳам, ҳатто мансабдору оддий фуқаро ҳам бир хил.
Дарҳақиқат, ҳозирда эпидемияга қарши кураш ва аҳоли саломатлигини сақлаш ҳар бир давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланмоқда. Акс ҳолда бу давлат келажаги учун жиддий хавф солиши мумкин. Хусусан, коронавирус инсоният ҳаётини жисмонан йўқ қилиши билан биргаликда давлат иқтисодиётига ҳам жиддий зарба беришни бошлади.
Ҳаттоки дунёдаги энг ривожланган ва етакчи давлатлардан бири бўлмиш Испанияда ҳам коронавирус эпидемияси соғлом ақлларни шошириб қўймоқда. Оптимистик прогнозларга қарамасдан, Испанияда короновирус инфекцияси авжига чиқиши афсуски, давом этмоқда. Мамлакатда қарийб 220 мингга яқин аҳоли короновирусни юқтириб олган ва 22 мингдан ортиқ аҳоли вафот этди. Пандемия ва қаттиқ карантин тартибларидан азият чекаётганлар орасида ўз бизнесларини йўқотган тадбиркорлар шунингдек асосий зарбани қабул қилиб олган шифокорлар ва яна кекса аҳоли вакиллари ҳам бор. Энг даҳшатлиси, Испанияда қариялар короновирус тестидан ўтказилмаяптилар, шунингдек уларга шифохоналарда даволаниш учун жой ажратилишининг имкони бўлмаяпти. Ўлимга олиб борувчи инфекцияни юқтириб олиш хавфи остида кексалар ўзларини тўлиқ ташқи дунёдан ажратишга мажбур бўлаяптилар. Бунинг натижасида баъзан ҳимоясиз, ёрдамга муҳтож ҳолда уйларида қолиб кетаяптилар. Каталония ҳукумати охирги кунларга келиб ўлимлар статистикасини йиғишни бошлаб юборди. Статистиканинг ўзига хослиги шундаки унга фақат шифохонага етиб боришга улгурганлар эмас, уйнинг ўзида вафот этганлар ҳам киритилаётган экан. Фақат Каталония вилоятининг ўзида бунақа ҳолатлар билан қўшиб ҳисоблаганда ўлимлар 8000 дан ортиқроқни ташкил қилаяпти. Бу билан мен қайсидир давлатни қоралаш ёки кимнидир қўрқитиш ниятидан йироқман, фақатгина айрим лоқайд фуқаролармизни огоҳликка даъват этдим холос.
Ўзбекистонда эса айни пайтда 25 апрель ҳолатида вирусни юқтириб олганлар 1836 нафар фуқарони ташкил этиб, шундан 621 нафари бутунлай соғайган ва афсуски 8 нафар фуқаро вафот этган. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов баёнотига таянадиган бўлсак, ҳозирда мамлакатда коронавирус инфекциясига чалиниб даволанаётган ўрта аҳволдаги ҳар бир бемор учун 32 миллион сўмдан, оғир аҳволдаги жонлантириш бўлимида ётган ҳар бир беморга ўртача 64 миллион сўмдан маблағ сарфланмоқда. Карантинда бўлиб турган фуқароларнинг ҳар бири учун 14 кунлик карантин даври учун 2,4 миллион сўмдан, коронавирусдан тузалиб, реабилитацияга олинган ҳар бир бемор тикланиши учун эса 2,8 миллион сўмдан маблағ сарф қилинаяпти. Бу давлатимизнинг аҳоли саломатлигини ўйлаб амалга ошираёган чора-тадбирларнинг бир қисми холос. Мамлакатимизда эпидемияга қарши кураш ва унинг оғир оқибатларга олиб келмаслиги учун жуда кенг кўламда ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак ҳар биримиз карантин тартибига риоя этишимиз, ижтимоий тармоқларда турли майда гапларни бир четга суриб, синовли дамда баҳамжиҳат бўлишимиз зарур. Эпидемияга қарши кураш аслида жуда оддий, яъни, мутахассислар қайта-қайта айтаётган тавсияларга амал қилиб, бошқаларни ҳам шунга даъват этсак кифоя. Уйда қолинг ва ўзингиз ҳамда яқинларингиз соғлигини асранг!
Шофиркон туман адлия бўлими бошлиғи Шариф Ражабов