Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

27

САХОВАТ КЎНГИЛДА ЯШАЙДИ


Инсон кўнгли –энг сирли маъво, унинг ўз қуёши, юлдузлари, ўз бўронларию тошқинлари бор. Айтадиларки, бу дунёда ёмон одамнинг ўзи йўқ, эл ёмон атаган ҳар бир кишининг қалбида заррадай бўлса ҳам, эзгулик уруғи бор. Асли тоза, кўнгли дарё инсонлар эса оғир кунларда халққа елка тутадилар, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзадилар. Улар буни ўз молу давлатларини кўз-кўзлаш учун эмас, азбаройи одамгарчилик учун қилишади. Ўз мурувватларини бировларга айтиб мақтанмайдилар, шунчаки ўз бурчини бажарган аскардай яна тинчгина яшайверадилар.

  Коронавирус пандемияси карантини кўпчиликни уйга қамаб қўйди, аммо у меҳру саховат, мурувват булоқларининг кўзини очди. Халқимиз оғир аҳволга тушган юртдошларимизни ташлаб қўймади, уларга ҳар ким имкон доирасида кўмак беришга шошилмоқда. Пайғамбаримиздан қолган бир ҳикматли сўз бор: ўнг қўлинг берганини чап қўлинг кўрмасин... Яъни, берганингни кўз-кўз қилма, миннатлама, саховат яширин бўлса, савоби кўпроқ тегади. 

  Давлатимиз раҳбарияти ҳам ана шу ўгитдан келиб чиқиб, ғоят ибратли ва мукаммал тизим ишлаб чиқди: ҳар бир ҳудудда махсус марказлар ташкил этди, саховатпеша инсонлар ўз хайру эҳсонларини одамларнинг ўзларига эмас, балки ана шу марказларга топширадилар, марказ эса йиғилган маблағ ёхуд маҳсулотни муҳтожларга тенг тақсимлаб беради. Адолат тарозиси бехато ва тўғри ишлайди. Икки ёқлама ибрат: олган киши маълум бир инсондан эмас, давлатдан, бутун халқдан миннатдор бўлади, дуо қилади. Берган киши ҳам муҳтожнинг жовдираб, уялиб, миннатдорчиликдан ёшланиб турган нигоҳларини кўрмайди, хижолатдан қутулади. Биргина фалончига эмас, бутун халққа ёрдам қўлини узатганидан фахрга тўлади.

  Олот тумани марказидаги мусиқа ва санъат мактабида ҳам ана шундай марказ ишлаб турибди. У ерга келиб хайру эҳсон қилувчилар тобора кўпайиб боряпти. Бир қарашда уларнинг номларини келтириш ўзларига ёмаслиги мумкин, беминнат, худо йўлида эҳсон қилаётган киши буни истамаслиги аниқ. Аммо, масаланинг бошқа тарафи ҳам бор: фалончи ҳақида гап кетганда айримлар “Мол-дунёси кўп, қаерга сарфлаётганини худо билади...” қабилида гапиришлари ҳам мумкин. Мана шундай оғир кунларда улар нечоғлик саховат кўрсатаётганликлари кўпчиликка ибрат бўлиши турган гап. Шундай бўлса-да, биз бу ўринда маълум бир фуқаронинг исми-шарифини келтиришдан тийилдик. Майли, хижолат бўлишмасин, миннатдай бўлиб туюлмасин.

Аниғи, улар орасида сенаторлар, вилоят ва туман Кенгаши депутатлари, тумандаги бошқармалпар, тадбиркорлар, фермерлар ва оддий одамлар бор. Ун, ёғ, макарон, чой, гуруч, картошка, пиёз, сабзи, тухум ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, нақд пул маблағлари тортиқ этган юртдошларимиз талайгина. Шу йилнинг 22 апрелидаги маълумотларга кўра, марказга ҳозиргача 140 миллион 452 минг сўмлик маҳсулотлар инъом этилган.

Саховат инсон кўнглида яшайди. У мақола бошида таъкидланган ўша сирли манзилда, қалб аталган сеҳрли ўлкада пинҳон. Унинг юзага чиқиши учун албатта бирор офат юз бериши шарт эмас. Самимий, сахий, баракали, меҳри дарё инсонлар кўнглида у ҳамиша булоқдай қайнаб туради. Синовли кунлар ўтади, аммо ана шу машаққатли даврда меҳр кўрган кемтик диллар ўша саховатпешаларни бир умр дуо билан ёд этишади.

  Халқ –имконияти чегара билмайдиган улкан қудратдир. Халқ бир луқмадан берса тўйдиради, бир муштдан урса –ўлдиради. Меҳрга муштоқ қалбларга нур берган муруввватли юртдошларимиз бор бўлишсин!

Олот туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Умид Ҳамдамов