Янгиликлар
27
Ҳуқуқий_маслаҳат
САВОЛ: Мен бир корхонада 27 йилдан бери ишлаб келаман. Яқинда корхонамиз айрим сабабларга кўра тугатилди ва иш берувчи томонидан мен билан тузилган меҳнат шатномаси бекор қилинди. Хозирда 53 ёшга тўлдим. Меҳнат стажим 27 йил эканлигини инобатга олиб муддатидан олдин пенсияга чиқишим мумкинми?
ЖАВОБ: “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасида ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига:
эркаклар — 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;
аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар деб кўрсатилган.
Мазкур Қонуннинг 14-моддасида технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахслар:
эркаклар — 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда;
аёллар — 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар деб белгиланган.
Демак, юқорида келтирилган асосларга кўра, сизнинг иш стажингиз 27 йил эканлиги ва сиз билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодекси 100-моддаси 2-қисми 1-банди билан бекор қилинганлигини, аёл киши эканлигизни инобатга олсак сиз 53 ёшдан пенсияга чикиш ҳуқуқига эгасиз.
Саволга Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳукуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими бош маслаҳатчиси Анвар Раҳманов жавоб берди.
УЙДА ҚОЛИНГ, ЎЗИНГИЗ ВА ЯҚИНЛАРИНГИЗ СОҒЛИҒИНИ ХАВФ ОСТИДА ҚОЛДИРМАНГ!