Янгиликлар
28
Ҳуқуқий_маслаҳат
САВОЛ: Мен бир автокорхонада ҳайдовчи бўлиб ишлайман. 2020 йил февраль ойидан бошлаб иш берувчи ортиқча ёқилғи сарф қилгансиз деб ойлик иш ҳақимдан ушлаб қолмоқда. Иш берувчининг ойлик иш ҳақимдан менинг розилигимсиз ушлаб қолишга ҳақи борми?
ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 164-моддаси 2-қисми 5-бандида ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаса ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади деб белгиланган.
Мазкур кодекснинг 207-моддасига асосан ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда етказилган зарар суммаси айбдор ходимдан иш берувчининг фармойишига мувофиқ ундирилади. Фармойиш зарар етказилганлиги аниқланган кундан бошлаб бир ой ичида чиқарилиши мумкин. Етказилган зарарнинг ходимдан ундирилиши лозим бўлган суммаси унинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошиб кетса ёки зарар аниқланган кундан кейин бир ойлик муддат ўтган бўлса зарар суд тартибида ундирилади.
Демак, юқоридаги асосга кўра сизлар иш берувчига ёқилғини ортиқча сарфлаб зарар етказган бўлсангиз иш берувчи сизнинг розилигингиздан қатъий назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолишга ҳақли. Аммо мазкур етказилган зарар сизнинг ўртача ойлик иш ҳақингиздан кўп бўлса, суд тартибида ушлаб қолиниши лозим.
Саволга Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳукуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими бош маслаҳатчиси Анвар Раҳманов жавоб берди.
УЙДА ҚОЛИНГ, ЎЗИНГИЗ ВА ЯҚИНЛАРИНГИЗ СОҒЛИҒИНИ ХАВФ ОСТИДА ҚОЛДИРМАНГ!