Янгиликлар
Пандемия cоясидаги ҳаёт
Ҳаммамизга маълум, дастлаб Хитойнинг Ухан шаҳрида аниқланган янги турдаги коронавирус COVID-19 инфекцияси қисқа вақт ичида бутун дунёни забт этди. Натижада, ушбу пандемияга чалинмаган ёки ундан азият чекмаган давлат ёки миллат қолмади ҳисоб.
Ушбу тилсиз ажал натижасида қўшни Тожикистон давлатида мактаб ва боғчаларда таътил эълон қилиши билан карантин билан боғлиқ чора тадбирларини киритилаётган айни бир вақтда, бир қатор давлатлар хусусан Германия ва Чехияда карантин чоралари, Саудия Арабистонида эса комендантлик соати қисман бекор қилиниб, ҳувиллаб қолган кўча ва хиёбонларга ҳаёт қайтмоқда.
Айрим давлатларда ушбу инфекцияга чалиниш ҳолатлари анча мунча камайган бўлсада, бироқ бу пандемия устидан ғалаба қозонилиги дейилгани эмас. Фикримизни, айни вақтда коронавирус оқибатида вафот этганлар дунё миқёсида 200 мингдан ошиб кетиб, ўлим ҳолати бўйича сўнгги рақамлар эса 202.368 тани ташкил этиши тасдиқлаб турибди.
АҚШ коронавирус пандемияга чалиниш ва унинг натижасида ўлим ҳолати бўйича энг ёмон кўрсатгичга эга бўлиб, айни вақтда ушбу касалликка чалинганлар 933.933 нафарни ташкил этса, касалликдан вафот этганлар 53.549 нафарни ташкил этмоқда. Энг ёмон ҳолат Нью-Йорк мегаполисида кузатилаётган бўлиб, вафот этганларнинг 32 фоизи айнан шу ҳудудга тўғри келади. Кейинги ўринда, мамлакатда 195.351 нафар бемор ва уларнинг 26.384 нафари ёки 13,5 фоизи вафот этиши билан Италия, давлатда 223.759 киши касаллиниши ва уларнинг 22.902 нафари ёки 10,2 фоизи вафот этиши билан Испания, жами 159.957 киши коронавирусга чалиниб, шундан 22.648 киши ёки 14 фоизи вафот этиши Франция ҳамда коронавирусга чалинганлар 149.559 киши ва улардан 20.381 нафари ёки 13,6 фоизи эса вафот этиши Буюк Британияда кузатилган.
Коронавирус пандемияси натижасида ўлим ҳолатлари бўйича кўрсатгичлар бўйича Бельгия (6.917), Германия (5.873), Эрон (5.651), Хитой (4.636) ва Нидерландия (4.424) ҳам ёмон кўрсатгичларга эга.
Буларнинг барчаси дунё кўрсатгичлари. Келинг, юртимиздаги ҳолатни ҳам таҳлил қилсак. Ўзбекистонда 2020 йил 26 апрель соат 00:00 гача бўлган ҳолатда, COVID-19 билан оғриган жами беморлар — 1862 (+58) тани ташкил қилиб, тузалганлар — 707 (+86), вафот этганлар эса — 8 (+0) тани ташкил қилиб, айни айни пайтда даволанишда — 1147 (–28) та беморлар қолмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, юртимизда ўлим ҳолатларининг нисбатан камлиги албатта бизнинг карантин чора тадбирларини ўз вақтида жорий этилгани, фидойи тиббиёт ходимларининг тезкор саъй ҳаракатлари ва энг асосийси бу борада Президентимизнинг бевосита ғамхўрлиги натижаси десак, асло муболаға бўлмайди. Хусусан, тиббиёт ходимлари ва санитария эпидемиология хизмати ходимларини рағбатлантиришга оид қатор қарорлар қабул қилиниши бу борада ижобий натижаларга импульс бўлиши тайин.
Юртимиздаги карантин талаблари ҳозирги вазият, қишлоқ хўжалигида экин тадбирлари ва стратегик объектлар фаолияти билан боғлиқ ҳолда Республика махсус комиссиясининг тегишли қарори билан юмшатилиб, қатор тадбиркорлик субъектлари фаолият юритишига рухсат берилган бўлсада, аммо бу карантин чора–тадбирлари бекор қилинди дегани эмас. Шу муносабат билан, барчамиздан “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзига амал қилиш, заруратсиз кўчага чиқмаслик, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, фаолият кўрсатилишига рухсат этилаётган объектларда эса бир қатор чекловлар билан бирга, санитар эпидемиологик талабларга оғишмай амал қилиш жуда муҳим бўлиб, буларнинг барчаси барчамизнинг карантиндан муваффақиятли ўтишимиз ва касалликка чалинмаслигимизнинг муҳим омили саналади.
Бухоро шаҳар адлия бўлими бошлиғи Абдурахимхўжа Бафаев