Янгиликлар
Тил - миллат кўзгуси ёҳуд "Тубон қонуни"
Давлат тили — сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда маълум бир давлатда интеграция (бирлаштирувчи) вазифасини амалга оширадиган, шунингдек ушбу давлатнинг рамзи саналадиган тилдир. Мана шуни чуқур англаган Франция ҳукумати 1994 йил 4 август куни бутун дунёга шов-шувли ва асрга татигулик кун сифатида ёдда қолдириб, давлат тили тўғрисидаги қонун кучга кириб, мамлакатда француз тили гегемонлигига эришилди. Келинг ҳаммасини бошидан бошлай қоламиз!
Ҳаммаси 1993 йил 31 мартда сиёсий фаолиятдаги илк қадамлардан бошланган эди. Ўшанда Жак Тубон исмли ватанпарвар Франция маданият вазири этиб тайинланган. Маданият вазирлигидан ташқари француз тилида гаплашувчи давлатлар билан алоқалар ҳам унинг қўлида эди. Француз тилида гаплашувчи мамлакатлар учун ўтказиладиган анъанавий Франкафония кечасида сўзлаган нутқида биринчи маротаба француз ва инглиз тиллари аралашмасидан воз кечиш ҳамда бунинг учун уларнинг ўрнини тўлдирувчи соф французча атамалардан фойдаланиш таклифини илгари сурди ва шундай атамалар рўйхатини ташқи ишлар вазирлигига тақдим этди. Жак Тубон кейинчалик ўз номи билан аталадиган қонунга асос солган ватанпарвар сифатида машҳурликкка эришган. У томонидан илгари сурилган “Давлат тили тўрисида”ги қонун расмий давлат идораларида ва ҳукумат тарафидан чоп этиладиган реклама нашрларида фақат давлат тилидан фойдаланишни назарда тутар эди. Қонун Франция конституциясига асосланган ҳолда, “Республика тили-Француз тили” деган банд бор эди. Қонун Конституциявий кенгаш томонидан кўриб чиқилгандан сўнг 1994 йил 29 июл куни қабул қилинди ва шу йилнинг 4 августида кучга кирди. Қонунга кўра Конституцияга мувофиқ, давлат тили француз тили ҳисобланиб, у Франциянинг характери ва маданий мулкининг асосий элементи ҳисобланади ва жамоат жойларидаги барча ёзувлар ва эълонлар, очиқ жойлардаги ва жамоат транспортларидаги барча ўқийдиган рекламалар француз тилида баён қилиниши лозим. Қонун бузилиши жисмоний шахслар учун 700, юридик шахслар учун 3750 евро миқдоридаги жаримага сабаб бўлади. Ҳаттоки Франция Меҳнат кодексига мувофиқ, ходимлар француз тилида иш юритишлари мажбурийдир.
Энди эса куни-кеча Адлия вазирлиги томонидан regulation.gov.uz порталида муҳокамага қўйилган қонун лойиҳасига тўхталсак, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддаси 2-қисм билан тўлдирилиб, Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, – мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилмоқда. Лойиҳадаги талаб жуда оддий ва тушунарли бироқ айрим фуқароларимиз томонидан киритилаётган ўзгартиришларни нотўғри талқин қилиш орқали масалага сиёсий тус бермоқчидек гўё. Ҳар бир давлатнинг ўз ишини аввало давлат тилида, қонунда қайси тил давлат тили деб кўрсатилган бўлса, ўша тилда юритиши шарт — бу энг оддий ҳақиқат. Бу қонун нормаси қайсидир тилни камситиш мақсадида қабул қилинмаяпти, аксинча давлат ташкилотларининг расмий ҳужжатлари давлат тилида бўлиши ва айни пайтда муқобил тарзда бошқа тилларда бўлишига тўсқинлик қилинмаяпти. Масалан, битта ташкилот ҳам ўзбек, ҳам рус тилида ҳужжат тайёрлади. Марҳамат, бунга ҳеч қанақа қаршилик йўқ. Бироқ ўша ташкилот қарорларини фақат рус тилида қабул қилсаю, унинг ўзбекчаси бўлмаса, ана шундагина жарима келиб чиқиши мумкин. Яъни агарда бирорта давлат ташкилоти иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаса, ўша ташкилотнинг мансабдор шахсига маъмурий жарима солинади. Эътибор қаратган бўлсангиз жарима фақат давлат ташкилотининг мансабдор шахсига нисбатан қўлланади, оддий аҳоли нисбатан эмас, яъни фуқаролар исталган тилида гапириши, исталган тилида давлат органларига мурожаат йўллаши, исталган тилида одамлар билан мулоқот қилиши мумкин. Бу уларнинг тўла Конституцион ҳуқуқи ва бунга ҳеч қанақа тўсиқ ёки жарима қўлланмайди. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, Фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар.
Хулоса ўрнида юқоридаги гапни яна бир бор такрорлаш зарар қилмас — Давлат ўз ишини аввало давлат тилида, қонунда қайси тил давлат тили деб кўрсатилган бўлса, ўша тилда юритиши шарт. Ўзбек тили халқимизнинг маънавий ёдгорлигидир. Уни сақлаб қолиш ва келажак авлодга етказиш ватанпарварликнинг олий намунасидир.
Шофиркон туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Шохрух Саидов