Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

Коронавирус пандемиясини жиловлашда хорижий давлатлар тажрибаси


    Бугунги кунда бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси билан кураш ҳар бир давлатнинг биринчи навбатдаги вазифаси бўлиб турибди. Бу вазифани турли давлатлар ўз имконият ва тажрибаларидан келиб чиқиб амалга оширмоқдалар. Қуйида биз баъзи давлатларда коронавирус эпидемиясини жиловлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида тўхталиб ўтмоқчимиз.

Жанубий Корея

     Пандемия чўққисига чиққан бир вазиятда Жанубий Кореяда вирус билан зарарланганлар 10738 тани, вафот этганлар сони 243 тани, соғайган беморлар сони эса 8764 (81 % ) нафарни ташкил этмоқда. Бунга ниманинг ҳисобига эришилди?

     Бугун COVID–19 вирусининг ўчоғига айланган Италия, Испания, Франция ва Германияда вирус билан касалланган ва вафот этганлар сони кескин ошаётгани кузатилмоқда. Шу сабабдан мазкур давлатлар ўз чегараларини ёпаётган бир даврда АҚШда вирусдан зарарланганлар сонини ҳам тахмин қилиш мумкин. 50 миллион аҳолига эга бўлган Жанубий Кореяда коронавируснинг тарқалишини олдини олиш борасида эришилган ютуқлар эътирофга сазовор ва бошқа мамлакатлар учун ўрнак олишга молик. Хитойдан фарқли равишда Жанубий Кореяда бутун бир шаҳарларни карантинга олиш тажрибаси кузатилмади. Корея университети юқумли касалликлар бўйича мутахассис Ким У Чу Жанубий Корея демократик давлат бўлгани боис ҳам шаҳар ва қишлоқларни изоляцияга олиш учун чоралар кўрмади. Шу маънода Жанубий Корея тажрибаси вируснинг тарқалишини олдини олиш учун бошқа давлатларга ўрнак бўлиши керак.

     Жанубий Корея тиббиёти вирусга чалинганларни мамлакат миқёсида яхши ташкил этилган тестдан ўтказиш, касалланганларни изоляцияга олиш ва касалланганлар билан алоқада бўлганларни ҳам карантинга юбориш чоралари билан муваффақиятга эришди. Жанубий Корея 270 мингдан ортиқ ватандошларидан тест олди. Бу эса ҳар бир миллион одамга 5 200 тест тўғри келди дегани.

    Ҳозирда Жанубий Корея ҳукумати асосан эътиборни COVID–19 нинг ўчоғи бўлган Исо Масиҳ Синчхонжи черковига қаратгани келажакда қандай натижалар бериши билан асосланмоқда. Жанубий Корея ҳукуматининг вирус ёйилган бошқа вилоятларга эътиборини сусайтиргани мамлакатда эпидемия яна ёйилиши хавотирларини ҳам юзага чиқариши мумкин.

     Ўтган ҳафтадан бошлаб Сеул ва унга яқин атрофда жойлашган туманларда вируснинг янги 129 ўчоғи аниқланишига олиб келди. Бу ҳудудларда эса тахминан 23 миллион аҳоли истиқомат қилиши эътиборга олинса, Жанубий Кореяни вирусга қарши курашишда янги «жанглар» кутиб турибди.

     Бугунда Жанубий Кореяда касалликни машинадан тушмасдан ташхис қиладиган 43 та марказ ишламоқда. Бу эса ҳар куни 15 мингдан зиёд короновирус таҳлиллари юритилмоқда дегани. Жанубий Кореядан ўрнак олган ҳолда АҚШ, Канада, Буюк Британия давлатлари ҳам мазкур ишни бошлаб юборди. Ички ишлар вазирлиги эса махсус мобил илова ёрдамида карантинга олинган инсонлар устидан назорат ўрнатди.

      Жанубий кореялик олимлар касалликнинг илк даврларида ташхисни аниқлаш борасида ҳали қилинадиган ишлар бор, бу эса вируснинг ижобий даволанишига катта ёрдам беришига умиқ қилмоқда.

Япон олимларининг COVID–19 га қарши малҳами самаралими?

    Хитой соғлиқни сақлаш ходимлари япон тиббиёт олимлари яратган дори – фавипиравир коронавирусга қарши курашда яхши натижа бергани, бу дори воситаси коронавирус билан касалланганларни соғайишини 11 кундан 4 кунгача қисқартириши мумкинлиги ҳақида маълумот берди, деб ёзади The Guardian нашри.

     Хитой расмийлари берган баёнот натижасида фавипиравир малҳамини яратган Fujifilm Toyama Chemical компанияси акциялари қимматлади. Япон матбуотида олимларнинг коронавирус билан касалланганларда фавипиравир дори воситасининг қўлланилиши гриппнинг янги штаммларини даволашда самара бергани ҳақида хабар қилди.

      Хитой фан ва техника вазирлиги вакили Чжан Синьмин Fujifilm Toyama Chemical компаниясининг фавипиравир малҳами Ухань ва Шэньчжэнда 340 коронавирус билан оғриган беморларда татбиқ этилганда ижобий натижа бергани ҳақида маълум қилди.Шэньчжэнда мазкур дори воситаси қўлланилгандан кейин тўрт кун ичида коронавирус билан оғриган беморлар аҳволи мусбат натижа берган. Бундан ташқари рентген таҳлиллари 91 фоиз беморда ўпка фаолиятининг яхшиланганини кўрсатган. Бу эса бошқа препаратларни қабул қилган 62 фоиз бемор натижаларига солиштирганда ижобий натижа, дейди хитойлик тиббиёт вазирлиги вакили.

    Fujifilm Toyama Chemical компанияси аввалроқ 2014 йилда авиган номи остида мазкур препарат яратилганини айтган бўлса-да, бошқа изоҳларни келтирмади. Аммо Хитой расмийларининг баёнотидан сўнг япон компаниясининг акциялари сезиларли равишда ошди. Япон олимлари ҳам коронавирусга чалинган беморларни даъволашга эътибор бераётган бўлса-да, уларнинг назарида мазкур препарат коронавируснинг оғир кечиши кузатилаётган беморларда самара бермаётганини таъкидламоқда.

     Япон тиббиёт ходимларининг эътироф этишича, мазкур тиббий малҳам аввалроқ ВИЧ инфекциясига қарши антиретровирус малҳам сифатида лопинавир ва ритонавир билан биргаликда қўлланилган, ҳаттоки фавипиравир Гвинеяда авж олган Эбола инфекциясига қарши курашда малҳам сифатида етказиб берилган.

Бутун дунё коронавирусга қарши курашда Хитойдан нималарни
ўрганиши лозим?

     Буюк Британиянинг The Nature нашри Хитой вирусни йўқ қилиш учун эмас, аксинча, унинг кенг миқёсда ёйилишини олдини олиш борасида кескин чоралар кўргани ҳақида ёзади. Хитой ҳукумати вирус ёйилишини олдини олиш учун мисли кўрилмаган даражада эҳтиёт чораларини қўллади. Бу чоралар вирус эпицентри бўлган Ухань шаҳри ва 60 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Хубэй вилоятининг бошқа 15 шаҳарлари билан транспорт алоқасини узиб қўйиш, авиа парвозларни бекор қилиш, темир йўл ҳамда авто қатновларни тўхтатишни ўз ичига олди.

     Ҳукумат изоляцияга олинган шаҳарлар аҳолисига фавқулодда ҳолатларда – озиқ-овқат олиш учун кўчага чқишни тавсия қилди. The New York Times нашри маълумотларига кўра, эпидемия бошланган вақтда 760 миллион аҳоли – бу қарийб Хитой аҳолиснинг ярми деганидир – изоляцияга олинди.

    Бу воқеалардан икки ой ўтган бўлса-да, ҳамон Хитойда изоляция ҳолати сақланиб турибди. Шунга қарамасдан ҳар куни ўнлаб вирус билан касалланганлар аниқланмоқда. Ҳарҳолда бу рақамлар эпидемия бошланган даврдаги минглаб одамларнинг зарарланишидан анча кам. Миннесота университети юқумли касалликлар бойича олим Майкл Остерхол Хитой татбиқ қилган кескин чоралар вирусга қарши курашда муваффақиятли бўлганини таъкидлайди.

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса мисли кўрилмаган чоралари орқали Хитой касалланганларнинг миқдори кўпайишини олдини олишга муваффақ бўлгани билан табриклади.

      Бугун коронавирус пандемияси бутун дунё бўйлаб тарқалишда давом этар экан, дунё ҳамжамияти қандай чоралар вируснинг олдини олишга ёрдам беришини билишга ҳақли.

      Аммо айрим олимлар назарида касаллик билан кўп ҳолатлар аниқланмаган бўлиши мумкин. Бунинг биринчи сабаби вирус аломатлари оғир кечмаган ва касалланган одамлар тиббий ёрдамга мурожаат қилмаган. Иккинчи сабаби эса касалликни аниқлаш бўйича тестлар ўтказилмаган. Оксфорд университетининг эпидемиологи Кристофер Дай назарида бу вақтда Хитой ҳукумати татбиқ қилган чоралар самара бера бошлаган. Касаллик билан оғриган беморлар сони ўсишда давом этган бўлса-да, чоралар натижасида касалликни маълум ҳудудда ушлаб туриш имконини берган.

Хитой сафарларга қўйган тақиқ чиндан натижа бердими?

   Кўплаб тадқиқот натижаларига кўра, Хитой ҳукуматининг Хубэй вилоятидан чиқиш ва унга киришга қўйган та’қиқлари: хоҳ у ҳаво йўллари орқали, хоҳ темир йўл , хоҳ енгил автомашина бўлсин, вируснинг олдини олишга тўсиқ бўлди, аммо узоқ муддатга эмас.

    The Science журналида чоп этилган тадқиқотларда италиялик, хитойлик ва америкалик олимлар Уханни изоляцияга олиниши вируснинг Хитойнинг бошқа шаҳарларига тарқалишини бор ёғи тўрт кунгагина кечиктирган бўлса, вируснинг бошқа мамлакатларга ёйилишини 2–3 ҳафтага кечиктирганини аниқлади. Олимлар назарида қатновларни чеклаган ҳолатда қўшимча чора-тадбирлар кўрилмаса, вируснинг тарқалишини олишда сезиларли натижа бермаслигини эътироф этмоқда.

     Балтимордаги Жон Хопкинс университети эпидемиологи Жастин Леслер назарида, ҳукуматлар ўз ватандошларининг ишончини қозониб, сўнг сафарларга тақиқ ўрнатилсагина, бу вирус тарқалишини олдини олиши мумкинлигини айтди. Бошқа ҳолатларда одамлар ёлғон гапиришга ёки тақиқни четлаб ўтишга уринадики, бу ҳаракатларни самарасиз қилади.

    Европа, Америка, Африка ва Осиёнинг кўплаб давлатларида бугунги кунда сафарларга тақиқ қўйилмода. Шунга қарамасдан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти инфекциянинг юқишида бу кўп ҳам самара бермаётганини ва бошқа самарали усуллар татбиқ қилинишидан чалғитаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда. Шунингдек, бундай тақиқлар ёрдам кўрсатиш, техник қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда мамлакатларнинг саноатига ҳам зарар келтирмоқда.

Касаллик билан курашаётган мамлакатлар бундан қандай сабоқ
олишлари керак?

    Тейтем ва Лей таҳлллларига кўра, инфекцияни эртароқ аниқлаш, Хитойдаги каби инфекция ўчоғини изоляция қилиш, халқаро сафарларга тақиқ қўйиш каби мутаносибликда олиб борилган тадбирларгина инфекциянинг тарқалишини камайтириши мумкин. Агар бундай тадбирлар қўлланилмаганда эди, февраль ойи охирларига бориб 8 миллион одам вирусга чалиниши мумкин эди.

     Эрта ташхис Сингапур мисолида яхши натижа берди. Сингапур Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Вернона Ли сўзларига кўра, инфекцион касалликларга қарши курашувчи гуруҳ «номаълум пневмония» билан оғриган беморлар шахсини аниқлаш, уларни изоляцияга олиш ва уларнинг мулоқот доираларини тезкорлик билан аниқлаш ижобий натижа бермоқда. Сингапурда бугунда COVID–19 вируси аниқланган 250 та ҳолат мавжуд бўлса-да, Сингапур ҳукумати Хитойдаги каби кескин чораларни қўлламади. Айрим умумхалқ тадбирлари бекор қилинди, COVID–19 билан касалланган беморлар карантинга олинди ва аҳоли ўртасида скрининг олиб борилмоқда.

Хитойда мактабларнинг карантинга ёпилгани натижа бергани номаълум. Болалар ҳам инфекция юқтириб олишга мойил, аммо ҳозирча болалар вирус ташувчими ёки йўқ аниқлангани йўқ. Агарда аниқланса, мактабларнинг карантинга ёпилгани касалликни тарқалишини олдини олиш борасида самарали бўлган бўлар эди.

    Кўриниб турибдики, Хитой вирусни буткул йўқотмади, аксинча, тарқалишининг олдини олди. Хитой инсонларнинг ҳаракатланишига тақиқ қўйиб, ижобий қандай натижаларга эришди ёки эришмади батафсил таҳлил қилиш учун яна икки ой вақт керак. Бугун Хитойда тақиқларни бекор қилиш борасида қизғин мунозаралар бошланган, агарда бу тақиқлар бекор қилинадиган бўлса, вирус тарқалишининг иккинчи тўлқини бошланиши мумкин.

Касаллик тарқалишининг олдини олиш, аввало, ҳукуматлар тақиқларига эмас, инсонларнинг шахсий жавобгарлиги ва гигиена талабларига қай даражада риоя қилаётг анлигига кўпроқ боғлиқ бўлиб қолмоқда. Пандемия шароитида АҚШ ва кўплаб бошқа мамлакатлар коронавирусга қарши жуда секин ва самарасиз ҳаракатларни амалга оширгани танқид қилинмоқда. Тайвань, Жанубий Корея ва Канада каби мамлакатлар эса аксинча, эпидемияни жиловлаш учун нисбатан муваффақиятли чораларни қўллашди.

Тайвань провинцияси

   Тайванда коронавирус юқтириб олган илк бемор 21 январь куни аниқланди. Аммо мамлакат касалликка чалинганлар сонини паст даражада ушлаб туришга эришди. 1 апрель ҳолатига Тайванда 329 бемор аниқланган бўлиб, улардан 5 нафари вафот этган. Тайвань Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) аъзоси эмас. Чунки бу ташкилот ўз таркибига фақат БМТ аъзоларини қабул қилади. Тайвань эса мустақил давлат сифатида БМТ томонидан тан олинмаган. Бироқ, ҳукумат Уҳанда сирли касаллик пайдо бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалиши билан ҳаракатни бошлади.

    Хитойдан атиги 100 мил узоқликда жойлашган Тайвань 31 декабрдан бошлаб, мамлакатга ташриф буюраётган сайёҳларни текшира бошлади. Шунингдек, карантинга олинган шахсларни кузатиб бориш, назорат қилиш тизимини ишлаб чиқди. Январь ойида эса тиббий ускуналар ишлаб чиқариш ҳажмини оширди. Бундан ташқари, ниқоблар ва бошқа тиббий буюмлар экспортини тўхтатди. Тайваннинг жуда эрта, аммо самарали ҳаракатлари аввалги тажрибаларидан келиб чиқмоқда. Мамлакат 2003 йилда атипик пневмония эпидемияси хуружига учраган эди. Ўша пайтда Хитой томонидан тарқатилган ёлғон хабарлар, ҳарбий таҳдид, ҳаёт учун муҳим бўлган муҳим тиббий маълумотларни яшириш ҳолатига учраган Тайвань қўшни мамлакатда юзага келаётган ҳар қандай муаммоларни жиддий қабул қилишни ўрганди.

Канада

     Канада қўшни АҚШга қараганда кенг кўламда оммавий тест ўтказган мамлакатдир. Январь ва февраль ойларидаёқ Канада ҳукумати тест ўтказиш ва контактларни назорат қилиш тизимини шакллантира бошлади.

     Мамлакат 2003 йилдаги атипик пневмония эпидемияси тажрибасидан келиб чиқиб, бу чора-тадбирларни қўллашни бошлади (Ўша вақтда Канада янги вирусдан ўлим ҳолати қайд этилган, Осиёдан ташқаридаги ягона мамлакат бўлган эди).

     Ҳозирги вақтда Канада соғлиқни сақлаш тизими жуда яхши молиялаштирилган ва коронавирусга қарши тест олиш имкониятлари АҚШдан кенгроқ. Мамлакат сўнгги 20 йилни айнан шундай вазиятга тайёрланиш билан ўтказди. Натижада, вируснинг кенг тарқалиши олдини олиб, унинг эпидемияси хуружини жиловлаб келмоқда.

Россия Федерацияси

      Мамлакатда пандемия шароитида ҳукумат томонидан энг сўнги амалга оширилган чора тадбирлар қуйидагилардан иборат.

      Коронавирусга чалинганлар билан ишловчи мутахассисларга апрелдан бошлаб 3 ой давомида қўшимча ҳақ тўланиши белгиланди. Шифокорлар учун бу тўловлар ойига 80 минг рублни, ўрта бўғин тиббий ходимлари учун 50 минг рублни, кичик бўғин тиббий ходимлари учун 25 минг рублни ташқил қилади. Тез ёрдам шифокорлари ойига 50 минг рублдан, фелдшерлар ва ҳайдовчилар 25 минг рублдан қўшимча ҳақ оладилар. 3 ёшдан 7 ёшгача фарзандлари бўлган оилаларга тўловлар июлдан эмас, июндан берила бошланади. Бу тўловлар нафақат эҳтиёжманд оилаларга берилади, уни коронавирус оқибатида ишини йўқотган кишилар оилалари ҳам олиши мумкин. Ишини йўқотган кишилар оилаларидаги ҳар бир балоғатга етмаган болага ойига 3 минг рублдан тўланади. Ишини йўқотганлар ва 1 майгача бандлик марказларига мурожаат қилганларга энг кам иш ҳақи миқдори (12130 рубль) баробарида нафақа тўланади. 

    Кичик ва ўрта бизнес корхоналарига суғурта жамғармаларига ижтимоий бадаллар тўловини ярим йилга қолдирилди. Корхоналарнинг тўловларни кечиктириш натижасида вужудга келадиган қарздорлиги корхона уни секин-аста уза олиши учун бир йилдан кам бўлмаган муддатга реструктуризация қилиниши кераклиги белгиланди.

    Ҳукумат топшириғига кўра ҳудудларга тиббий муассасалар юқори шайлигини таъминлаш, жумладан янги қурилмалар билан ишлай оладиган мутахассислар бригадаларини шакллантириш белгиланди.

    Молия вазирлигига коронавирусга қарши кураш учун келиб тушган маблағларни ўз ихтиёрига кўра тақсимлай олиши учун ҳудудларга талабчанликни бўшаштириш вазифаси топширилган.

     Ҳудудларга фаолияти юқори хавф мавжудлиги сабабли чекланиши керак бўлган ташкилотлар рўйхатини тузиш топширилади, қолган корхоналар санитар талабларга амал қилган ҳолда ишини давом эттира олади. Ҳар бир субъектда ҳудуднинг ҳаётини таъминлашда муҳим роль ўйновчи корхоналар рўйхати шакллантирилади.

     Ҳукумат ва Марказий банк 5 кун ичида бизнесни қўшимча қўллаб-қувватлаш бўйича дастурни тайёрлаши керак бўлади. Бу ёрдам биринчи навбатда бандликни сақлаб қолувчи корхоналарга тақдим қилиниши керак. 

      Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда шуни таъкидлаш керакки, бизнинг мамлакатимизда ҳам ҳукуматимиз томонидан коронавирус эпидемиясини жиловлашда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилиб, мазкур чора-тадбирлар жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ички имкониятларга асосланган ҳолда амалга оширилаётганлиги, юртбошимизнинг оқилона сиёсати олиб бораётганликларининг яққол намоён қилади.   

Бухоро шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси Асад Абдуллаев