Янгиликлар
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуани бошқариш бўйича махсус марказ ташкил этилади
“Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” Ҳукумат қарори (254-сон, 25.04.2020 й.) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуани бошқариш бўйича махсус марказ ташкил этилади.
Карантин марказининг асосий вазифаларидан бири коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни қабул қилиш, сақлаш ва карантин мажмуасидан чиқаришни ташкил этиш ҳисобланади.
Карантин маркази Тошкент шаҳар ҳокимлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган давлат унитар корхонаси шаклидаги таркибий бўлинмаси ҳисобланади.
Карантин маркази директори Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда Тошкент шаҳар ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
Карантин мажмуасига тегишли мутахассис, ходимлар ва ҳарбий хизматчилар бириктирилиб, улар меҳнат ва хизмат фаолиятини асосий иш жойидан ажралган ва ойлик иш ҳақи (пул таъминоти) сақланган ҳолда олиб боради. Тегишли вазирлик ва идоралар томонидан уларни қўшимча моддий рағбатлантириш чоралари кўрилади.
Қарор билан мазкур мажмуада эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш вақтинчалик тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, чегара божхона постларидан ўтаётган йўловчилар дастлаб санитария-карантин пунктларида тиббий-санитария кўригидан ўтказилгандан сўнг чегара ва божхона хизматлари назоратидан ўтказилади.
Шунга кўра, чегарадан ўтаётган шахслар рўйхати шакллантирилади ва электрон алоқа воситалари орқали марказга юборилади.
Марказ шу рўйхат асосида карантинга олинадиган шахсларни жойлаштириш учун карантин мажмуасида уларнинг сонига мувофиқ тегишли хоналар ажратилишини таъминлайди.
Низом билан карантин мажмуасига жойлаштириш тартиби белгиланди.
Карантинга олинган шахслар карантин мажмуасида 14 кун давомида ёки карантинга олинган шахснинг соғлиғи ҳолатига кўра соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгилаб берилган муддат давомида сақланади.
Карантинга жойлаштирилган шахсларга тегишли бўлган мобиль телефон, аудио ва видео воситалар, кредит карталар ҳамда бошқа ахборот ташувчи буюмлар вақтинча олиб қўйилади.
Карантинга олинган шахслар ташқаридан ҳар қандай кўринишдаги почта жўнатмалари, посилка ва бандероллар қабул қилиши тақиқланади, бундан қуйидаги жўнатмалар мустасно:
сурункали касаликка чалинган карантинга олиган шахслар учун дори-дармон воситлари;
даволовчи шифокор тавсиясига кўра махсус парҳез маҳсулотлари;
болаларга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур гигиена маҳсулотлари;
қўшимча гигиена воситалари, кийим-кечаклар ва адабиётлар.
Карантин мажмуасида сақланаётган шахсларни назорат қилиш ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари ҳамда карантин мажмуаси ходимларидан иборат таркибда ташкил этиладиган навбатчилик гуруҳлари томонидан амалга оширилади.
Уй шароитида карантинда сақлаш тартиби белгиланди
Шунингдек, Ҳукумат қарори билан Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни уй шароитида карантинга жойлаштириш ва сақлаш вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди
Низомга кўра, коронавирус инфекцияси билан касалланган шахс аниқланганда санитария-эпидимиологик осойишталик марказлари ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари ходимлари томонидан дарҳол коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан мулоқотда бўлганларнинг рўйхати шакллантирилади.
Ички ишлар органлари Миллий гвардия органлари билан ҳамкорликда дарҳол мулоқотда бўлган шахсларнинг рўйхатида кўрсатилган шахсларни уй шароитида карантинга жойлаштирилиши ва сақланишини таъминлайди.
Мулоқотда бўлган шахслар 14 кун давомида ёки уларнинг соғлиғи ҳолатига кўра соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгилаб берилган муддат давомида уй шароитида карантинга олинади.
Мулоқотда бўлган шахс уй шароитида карантинга олинганда у билан бир уйда яшовчи барча шахслар карантинга олинади.
Уй шароитида карантинга олинган шахсларнинг карантин муддати давомида уйларни тарк этишлари қатъиян ман этилади, уларга кечиктириб бўлмайдигар тез тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ ҳоллар бундан мустасно.
Уй шароитида карантинга олинган шахс билан бир уйда бўлган бошқа шахслар орасида коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда, қолган шахслар учун карантин муддати қайтадан бошланади.
Уй шароитида карантинга олинган шахслар карантин муддати давомида тиббиёт ходимлари томонидан ҳар куни 2 маҳал кўрикдан ўтказилади. Бунда биринчи кўрик соат 9:00 гача, иккинчи кўрик 16:00 гача амалга оширилиши лозим.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ҳафтада бир маротаба карантинга олинган уйнинг (хонадоннинг) теварак-атрофида дезинфекция тадбирлари ўтказилиши таъминланади.
Уй шароитида карантинга олинган шахсларда карантин муддатида коронавирус инфекцияси аниқланмаса, уларни уй карантинидан чиқариш бўйича соғлиқни сақлаш органлари томонидан қарор қабул қилинади.
https://t.me/huquqiyaxborot