Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

01

Коронавирус инқирози даврида кўрилаётган чоралар.


Ҳозирги кунда коронавирус пандемияси COVID-19 жаҳон ҳамжамияти учун энг катта муаммолардан бирига айланиб улгурди. Кўплаб мамлакатлар томонидан вируснинг тарқалишини олдини олиш мақсадида ўқув муассасалари, ишлаб чиқариш объектлари ва бошқа бир қатор масканлар ёпилиб, номаълум муддатга карантин эълон қилинди. Муҳим бўлмаган корхона ва ташкилотлар фаолияти вақтинча тўхтатилиб, одамларнинг уйда қолишлари талаб этилмоқда. Бу эса энг йирик иқтисодиётга эга мамлакатларда ҳам ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқариши, глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларининг издан чиқиши, дунё молия бозорларида хом ашё товарлари нархининг пасайиши ва конъюнктуранинг ёмонлашувини келтириб чиқарди. Бундай оғир шароитда аксарият мамлакатлар томонидан аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик вакилларини қўллаб-қувватлаш доирасида солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсати соҳаларида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилиб, давлатнинг қўллаб-қувватлаш механизми муҳим роль ўйнамоқда.

         Хусусан, Ўзбекистонда ҳам давлатнинг қўллаб-қувватлаш механизмининг дастлабки қадамларидан бири сифатида аҳоли ва иқтисодиётни COVID-19 таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида 10 трлн. сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди ва мазкур маблағлардан фойдаланишнинг асосий йўналишлари белгиланди.

         Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахсларга бир қатор имтиёз ва преференциялар тақдим этилди.

         Жумладан, тижорат банклари томонидан туризм тармоғи корхоналарига, шунингдек, ташқи савдо операцияларига жорий этилган чекловлар туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган кредитлар бўйича умумий суммаси 5 трлн. сўмлик қарздорликларни тўлашни 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктиришга рухсат берилди. Чунки, карантин шароитида инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритилиши ва баъзи бир корхоналарнинг фаолиятини вақтинчалик тўхтатилиши тижорат банкларига босимни кучайтирмоқда ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик вакиллари кредит тўловлари бўйича муаммоларга учрамоқда.

         Жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан 2020 йил апрель-сентябрь ойларида сўндирилиши лозим бўлган 4,7 трлн. сўм миқдоридаги кредитлар муддати узайтирилди.

         Шунингдек, банклар хусусий секторга айланма маблағларни тўлдириш учун 30 трлн сўмгача қайта тикланадиган револьвер кредитлар тақдим этади.

          Ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилиши белгиланди.

         Туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар, «Uzbekistan Airways» АЖ ва унинг таркибий бўлинмалари, «Uzbekistan Airports» АЖ ва «Ўзаэронавигация маркази» ДУК юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинди ва ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида тўлайди.

         Шунингдек, 2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш тўхтатилди.

         Ҳозирги мушкул даврда юртбошимиз раҳнамолигида нафақат республикамиз ҳудудида истиқомат қилаётган фуқаролар балки, хорижий мамлакатларда тирикчилик мақсадида меҳнат қилаётган ватандошларимизни ҳам қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

         Жумладан, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенкога мактуб йўллаб, Россия Федерациясида ҳозирги мураккаб шароитда ишсиз, маблағсиз қолган фуқароларимиздан карантин тугагунча ва меҳнат бозори тўлиқ тиклангунига қадар патентни қайта расмийлаштириш, бекор қилиш, жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқнинг тўлаш муддатини кечиктириш имкониятини кўриб чиқиш масалаларини тезкорлик билан ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатишни сўраган. Мазкур мактубга жавобан Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши махсус Қонунни маъқуллади. Унга мувофиқ патент муддати тугаган бўлса, 90 кун мобайнида уни қайта расмийлаштирмасдан фаолият юритишга рухсат берилади.

         Бундан ташқари, Россия Федерацияси Президентининг хориж фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, хусусан, меҳнат мигрантларига истисно ва имтиёзлар берувчи янги қарори эълон қилинди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ 2020 йил 15 мартдан 15 июнгача бўлган даврда қуйидагилар белгиланган:

         чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россия Федерациясида вақтинча бўлиш, вақтинча ёки доимий яшаш, яшаш жойида рўйхатда турган муддатларининг юқорида кўрсатилган вақт давомида тугаши кўзда тутилган бўлса, ушбу муддатларни тугатмаслик;

         Россия Федерациясидан маъмурий тартибда чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатдан ихтиёрий чиқиб кетиш, депортация қилиш муддатларини жорий йилнинг 15 июнига қадар узайтириш;

         юқорида белгиланган вақт давомида амал қилиш муддати тугайдиган вақтинча яшаш учун рухсатнома, яшаш гувоҳномаси, амал қилиш муддати кўрсатилган миграцион карта, ишлаш учун рухсатнома, патент, чет эл ишчиларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш учун рухсатнома каби ҳужжатларнинг муддатини тўхтатмаслик.

         Шунингдек, мазкур қарорга мувофиқ иш берувчиларга короновирус тарқалиши муносабати билан мамлакатда жорий этилган чекловлар ва санитария-эпидемиологик талабларни таъминлашга қаратилган бошқа чораларнинг бажарилиши шарти билан чет эл фуқароларини патентга эга бўлмаган тақдирда ҳам ишга жалб қилишга рухсат берилган.

         Бундан ташқари, ушбу пандемия даврида хорижий давлатлар томонидан ҳам аҳоли ва бизнес вакилларини турли хил қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.

         Жумладан, Россия Федерациясида ишбилармонлик фаолиятининг пасайиши шароитида қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган жисмоний шахслар – қарз олувчиларга кредит тўловларини 6 ойгача кечиктириш орқали кредит таътилларидан фойдаланиш имконияти берилди. Россия Думаси 2020 йил 1 апрель куни тегишли Қонун қабул қилди. Шунингдек, кичик ва ўрта бизнес вакилларига қўшимча қиймат солиғидан ташқари барча солиқ тўловларига 6 ойга кечиктириш ҳуқуқи тақдим этилди.

         Франция президенти Макрон томонидан COVID-19 билан боғлиқ вужудга келган вазиятни юмшатиш учун бир қатор чора-тадбирлар эълон қилинди. Жумладан, солиқ тўловларини тўлаш муддати узайтирилди, солиқ имтиёзлари жорий қилинди, кичик корхоналар учун ижара, сув, газ ва электр тўловлари кечиктирилди ва ҳар бир кичик корхонага 1500 Евро атрофида ёрдам жорий қилинди. Шунингдек, карантин вақтида жисмоний шахсларга ва корхоналарга ёрдам қарзлари учун умумий ҳисобда 300 миллиард евро миқдорида маблағ ажратилди.

         Италия ҳукумати томонидан қабул қилинган асосий чора-тадбирлар пакети доирасида баъзи уй-хўжаликлари ва кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун кредитларни тўлашга, шу жумладан, ипотека ва овердрафтлар бўйича қарзларни қайтаришга мораторий эълон қилинди. Кичик ва ўрта бизнес субъектларига бериладиган кредитлар бўйича давлат кафолатлари тақдим этилмоқда. Молия ва номолия компанияларга солиқ тўловларини кечиктириш шаклида имтиёзлар берилди.

          Қозоғистонда 23 март куни ҳукумат фавқулодда ҳолат давомида чакана қарз олувчилар учун кредитларни қайтаришни тўхтатиб туришга буйруқ берди.

         Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, албатта бундай қийин вазиятда нафақат ер юзидаги ночор аҳоли қатлами балки йирик тадбиркорлик субъектлари ҳам давлат кўмагига муҳтож. Айни шу дамда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари олдидаги жавобгарлиги ва масъулияти ўн карра ошади. Бошга кулфат тушганда узатилган ёрдам қўли-ҳар бир инсоннинг ўз ватанига бўлган ғурур ва ифтихор туйғусини янада кучлироқ жўш уришига замин яратади.

       Қолаверса, бугун аҳолининг ижтимоий-иқтисодий таъминоти учун сарфланган маблағ эрта иқтисоднинг қайта тикланиши ва тезроқ оёққа туришида жуда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиятини 

ўрганиш бўлими бош маслаҳатчиси Анвар Раҳманов