Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

01

Ҳаёт учун курашаётган куррайи замин аҳли.


Инсоният тангрининг нодир мўжизаси бўлиб, ҳаёт унга тақдим этилган бебаҳо неъмат. Азал-азалдан ибтидоий даврлардан буён одамзод ўзига тақдим этилган ушбу неъматни асрашга ҳаракат қилиб келади. Бугунги кунларда ҳам башарият ҳаёт қадрига ҳар доимгиданда кўпроқ англамоқда. Чунки бутун дунё аҳли коронавирус аталмиш тождор газанда билан курашиб келмоқда. Айни дамда ер шари аҳолисининг ягона глобал муаммоси ҳам айнан шу-вирус. Дарҳақиқат, уйда ўтириб ОАВда бирор-бир давлатда фуқаролар мазкур касалликдан фориғ бўлганлиги ҳақидаги хабарни эшитсак худди ўзимиз ёки яқин қариндошларимиз тузалгандек хурсанд бўламиз. Ёхуд касалликдан вафот этганларни сонини эшитсак ҳавотирга тушиб қайғурамиз. Бахтли кунларнинг мусаффо осмонимизнинг тинч осойишта дамларининг қадрини кўпроқ ич- ичимиздан туямиз ва беихтиёр оллоҳга шукрона айтамиз.
Жаҳондаги эпидемиологик вазият ҳақиқатдан ҳам инсонни ваҳимага соладиган даражада эди. Биргина кўҳна давлат Италияда коронавирус сабаб бир суткада 300 киши ҳалок бўлиши, қудратли АҚШнинг деярли барча штатларининг касаллик исканжасида бўлиши, ривожланган Испания, Франция, Буюк Британия давлатларида ҳам аҳвол ҳавас қиларлик даражада эмас. Аммо бизнинг юртбошимиз ва давлатимизнинг оқилона сай ҳаракатлари натижаси ўлароқ мамлакатимизда карантин режими эрта қабул қилиниб, вазият анча қўлга олинди. Қисқа фурсатлардаги самарали чора-тадбирлар ва айниқса шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари эвазига кундан-кун ҳаётимиз ўз измига тушиб бормоқда. Касалликдан тузалиб чиқаётган ватандошларимизни кўриб, бутун халқимизда улкан умид ва эртанги кунига яна ишонч қайтганини кўряпмиз. Ҳақиқатдан ҳам юртбошимиз таъбири билан айтганда “Биз синовли кунларни бошимиздан кечиряпмиз барчамиз бирлашиб бир ёқадан бош чиқариб ушбу вазиятдан чиқиб кетамиз, ваҳимага тушишга асло асос йўқ”. 
Коронавирус инфекциясининг қисқа муддат ичида глобал миқёсда тарқалиши деярли барча мамлакатлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатнинг ёмонлашувига олиб келди десак муболаға бўлмайди. Айниқса карантин даврининг асосан жорий йилнинг II чорагига тўғри келиши ва шу даврда иқтисодий фаолликнинг сезиларли пасайиши Давлат бюджети барқарорлигига, энг асосийси ижтимоий-иқтисодий тармоқларнинг барқарор фаолият юритишига салбий таъсир кўрсатди. Бироқ юртбошимизнинг халқпарварлиги эвазига халқ саломатлиги барчасидан юқори қўйилиб, хориж давлатларидан чартер рейслар орқали фуқароларимиз ватанга қайтарилди, жамоат жойларида доимий равишда дизинфекция ишлари амалга оширилди, карантин мобайнида ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам учун ташкил этилган саховат ва хайрия кўмаклари ва бошқа бир қатор амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, фуқароларимизнинг ҳар бири карантин қоидаларига риоя қилса, давлатимиз ва мутахасисларимиз айтаётган тавсияларга ўз вақтида амал қилса, шак-шубҳасиз барчамиз касалликни енгишда биргалашиб ҳаракат қилиб, албатта кўзлаган мақсадимизга етамиз. Шундай экан ҳурматли фуқаролар уйда қолинг, ҳозирча заруриятсиз кўчага чиқманг! Зеро уйда қолиш орқали ўзингиз ва яқинларингизни соғлигини асранг!

   Қоракўл туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Дониёр Бўриев