Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

01

Давлат тили - давлат рамзидир.


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритишга доир қонунчилик талабларига риоя этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик киритиш тўғрисида қонун лойиҳасини қонун лойиҳасии regulation.gov.uz порталида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Эътибор берадиган бўлсак, лойиҳада қандайдир талаблар кенгайтирилиб, тилдан фойдаланишда янги чекловлар киритилмаган, балки амалдаги қонуннинг қоида ва талабларига аҳамият берилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасига мувофиқ, Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тилидир. Бу Ўзбекистон бўйича давлат тили сифатида амал қилишининг конституциявий мақоми бўлса, иш юритишда, давлат органларига мурожаат қилишда ўзбек тилининг мавқеини юқори даражада қайд этган 1989 йил 21 октябридаги сўнгра, 1995 йили давлат тили ҳақидаги янги таҳрирдаги бош қонунда қайд этилганига қарамасдан тил меъёрлари қўпол равишда бузилиб келингани барчамизга аён.

Шу боис, бугунги кунда муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси ўта долзарб ва айни вақтда халқ ва миллат тақдирининг ҳуқуқий ечими: эртанги куннинг дадил қадами, қонун ижросининг янги ва қатъий талаби бўлиб тарихга кириши айни ҳақиқатдир.

Эътибор берсак, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 9-моддасига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилинади, дейилган.

Мана орадан яна йигирма беш йил ўтмоқда — қонуннинг бу талаблари ҳозиргача ҳам тўлиқ бажарилмаяптику: Ўзбекистондаги деярли барча корхона, ташкилот ва муассасалар расмий ҳисоб-китобни рус тилида юритиш,  кўпинча ҳукуматнинг муҳим қарорлари фақат рус тилида эълон қилиниб келингани, қарор иловаларининг ўзбекча таржималари расмий манбаларда чиқмай келгани, ҳатто ҳуқуқий ҳужжат лойиҳа матнларининг рус тилида эълон қилиниши халқимизнинг эътирозига сабаб бўларди.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур қонун лойиҳасида мансабдор шахсларнинг қонун талабларига риоя этиши бўйича масъулиятини ошириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ишида давлат тилидан тўлақонли фойдаланилиш масалалари, ҳар бир мансабдор шахснинг давлат тилининг нуфузини ошириши давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритиши лозимлиги қайд этилган.

Шунингдек, қонун лойиҳаси давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини қамраб олиб, қонун қабул қилинган тақдирда тегишли равишда маъмурий жавобгарлик фақатгина мазкур давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан қўллаш мумкинлиги белгиланганки, демак, ҳар бир ўзини ҳурмат қилган шахс давлати тилининг ҳуқуқий мақомига эътибор қаратиши ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини англайди. Зеро, “Давлат органлари ва ташкилотларидаиш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, – мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, деб қайд этилмоқда.

Бундан ташқари, давлатимизнинг миллатлараро тотувлик ва бирдамлигининг ҳуқуқий асоси қонун лойиҳасида ҳам акс этган бўлиб, унга кўра, ҳеч қандай йўл билан республика ҳудудида истиқомат қилаётган миллат ва элатларнинг она тилидан фойдаланиши, миллатлараро мулоқот ва таълим олиш тилини ўз хоҳишига қараб танлаши, ўз тилида давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилишга доир конституциявий ҳуқуқлари ҳимоя қилинади. Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 9-моддасига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилиниши таъминланади. Демак, юртимизда яшаётган барча фуқароларнинг она тилидан фойдаланиши ҳуқуқи поймол қилинмайди.

Хорижий мамлакатларда Давлат тилининг ўрни қай даражада?
Хорижий мамлакатларнинг Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига эътибор қаратадиган бўлсак бу каби нормаларни кўришимиз мумкин.

Масалан, Россияда“Давлат тили тўғрисида”ги Россия Федерал қонунига кўра, мулкчилик шаклидан қатъи назар, Россия ҳудудида фаолият юритувчи ҳар қандай ташкилот давлат тили (рус тили) да иш юритиши, ташкилотни номлашда ҳам давлат тилидан фойдаланиши белгиланган. Россияда 190 дан ортиқ миллат ва элатлар яшайди. Қонунни бузиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

Германияда “Маъмурий амалиётлар тўғрисида“ги қонунга кўра, маъмурий амалиётлар учун расмий тил сифатида немис тили белгиланган. Агар масъул идорага немис тилидан бошқа тилда мурожаат қилинса, орган дарҳол унинг немис тилига таржимасини талаб қилиши керак. Немис тилидан бошқа тилда мурожаатлар кўриб чиқилмайди.

Туркияда эса барча ёзишмалар, ёзув ва ҳисоб-китоблар ҳеч қандай истисноларсиз турк тилида олиб борилиши талаб этилади. Ушбу талабга риоя қилмаганлик маъмурий жаримага тортилишга сабаб бўлади. Турк юридик шахслари ўртасида тузилган турк тилида бўлмаган шартномалар бекор қилинади.

Хулоса қиладиган бўлсак, ҳар бир мустақил давлатнинг давлат рамзлари каби Давлат тили ҳам тўлақонли амалда бўлиши табиий ҳолдир. Давлат тилига оид қонуний меъёрларни бузган мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик белгилаш тўғрисидаги Қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаш фуқаролик бурчимиз саналади. Зеро, кейинги авлодларга бой она тилимизнинг ҳуқуқий асосини қолдириш ҳам бебеҳо қадриятдир.

Вобкент туман адлия бўлими бошлиғи Жамшид Қандов