Янгиликлар
Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида меҳнат қонунчилигининг айрим муносабатлари
Ўзбекистон Республикаси томонидан Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Ушбу чора-тадбирлар меҳнат қонунчилиги муносабатлариниўз ичига олган. Бу муносабатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йил 25 март кунидаги “Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи билан “Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
Бу Низом коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирларини амалга ошириш вақтида давлат органлари ва мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ходимларини масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартибини белгилаб беради.
Масофадан иш деганда, ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилган меҳнат мажбуриятларини иш берувчининг жойлашган ҳудудидан ташқарида, бевосита ёки билвосита назоратида бўлган доимий иш жойи, ҳудуд ёки объектдан ташқарида бажариладиган иш усули тушунилади.
Ходимни масофавий ишга вақтинчалик ўтказишда иш берувчи томонидан вақтинчалик ишга ўтказиш ҳақида муддати кўрсатилган буйруқ чиқарилади.
Ходимни масофавий ишга вақтинчалик ўтказиш тўғрисидаги буйруққа иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасига киритилган ўзгартиришлар асос бўлади.
Иш вақти режимининг ўзгариши, шу жумладан ишнинг бошланиши ва тугаш вақти, шунингдек тўлиқсиз иш вақтининг ўрнатилиши меҳнат шароитининг ўзгариши ҳисобланади ва иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Ходимни мослашувчан иш графигига вақтинчалик ўтказиш тўғрисидаги буйруққа иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасига киритиладиган ўзгартиришлар асос бўлади.
Ходимнинг хоҳишига кўра ва иш берувчининг розилиги билан ходим вақтинчалик уйда ишлаши учун уй меҳнати шароитига ўтказилиши мумкин.
Уйда ишлаш тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ ходим яшаш жойи бўйича ёки унга ёхуд унинг оила аъзоларига тегишли бўлган бошқа биноларда иш берувчининг буюртмалари бўйича товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишни англатади.
Ходимни вақтинчалик уйда ишлашга ўтказиш тўғрисидаги буйруққа иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасига киритиладиган ўзгартиришлар асос бўлади.
Жондор туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Ифтихор Эргашев