Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

04

COVID-19 пандемияси шароитида имконият ва тўсиқлар ёҳуд вирусни жиловлашда Туркияда амалга оширилаётган тадбирлар.


Мамлакатимизда коронаврусга чалинишнинг илк ҳолати жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган бўлса, Туркияда 11 март куни қайд этилганди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Туркияда илк ўлим ҳолати рўй берди ва 23 март куни коронавирус бутун мамлакат бўйлаб ёйилгани маълум қилинди.

Айни пайтда жорий йилнинг 28 апрель ҳолатида 83 миллион аҳолига эга Туркияда вирусга чалинганлар сони 112 мингдан ошган, 2900 киши вафот этган. Халқаро манбаларга кўра 600 дан ортиқ шифокорлар касалланган.

Озиқ-овқат, айниқса нон маҳсулотлари ва дори-дармонлар етказиб бериш хизматларининг узлуксиз ишлаши йўлга қўйилиб, 11 апрель кунидан бошлаб компаниялар ўз ходимларини яқин 3 ой давомида ишдан бўшата олмаслиги қонунан белгилаб қўйилди. Иш берувчи истагига кўра, ходим ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилиши мумкин, бироқ бундай ҳолатда унга кунига 5 доллар миқдорида суғурта пули тўлаб борилиши шарт. Туркия меҳнат ва оила вазирлиги мамлакатдаги 1,1 миллион фуқарога 30 доллардан бир марталик ёрдам пули беришга киришди. Бу кишиларнинг даромади камбағаллик чегарасидан ҳам паст деб баҳоланмоқда.

Пандемия шароитида шифокорлар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зўравонлик ва қўполликларга дучор бўлишлари мумкинлигига эътибор қаратилиб, Парламент тиббиёт ходимларининг зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда.

Туркиянинг қудратли соғлиқни сақлаш тизими, ниқоблар, махсус ҳимоя воситалари, дезинфекция воситалари ишлаб чиқарувчи саноати ва касалликларга қарши курашишнинг замонавий инфратузилмаси яратилганига қарамай, кутилмаганда келган ушбу фожиа олдида барча бирдек ожиз бўлиб қолмоқда.

Коронавирусга чалинишнинг илк ҳолати қайд этилгандан сўнг мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Хўжа баёнот билан чиқиб, Туркиянинг вирусга қарши курашдаги калит сўзи “14 қоида” эканини маълум қилганди.

Коронавирусга қарши 14 қоида: қўлларни тез-тез сув ва совун билан ювиш, инсонлар билан орани энг камида 3-4 метр масофа қўйиш, қўл бериб кўришиш, қучоқлашиш каби яқин алоқалардан тийилиш ва бошқалар ҳақида бўлиб, бу Туркия нашрларида мунтазам тарғиб қилиб келинмоқда.

Туркия Европанинг бир қатор мамлакатларидан фарқли ўлароқ коронавируснинг олдини олиш учун нисбатан эрта ҳаракат бошлади. Жумладан, 24 январдан эътиборан аэропортларда термал камералар ўрнатилди. Хитой ва вирус кенг тарқалган бошқа мамлакатлардан келган йўловчилар қўшимча текширувлардан ўтказила бошлади. Инфрақизил сканерлаш, божхона ҳудудларини дезинфекция қилиш, бепул ниқоблар ва йўриқномалар тарқатиш йўлга қўйилди. Хитойнинг Уҳан шаҳридаги Туркия фуқаролари олиб келинди.

Февраль ойи бошида эса Хитойдан келувчи барча рейслар тўхтатилди. Эрон билан чегара ёпилди, рейслар бир томонлама графикка ўтказилди. Ироқ ва Эрон чегараларига яқин ҳудудларда дала шифохоналари ташкил қилинди.

Март ойи бошидан эътиборан баъзи вилоятлардаги жамоат жойлари ва жамоат транспортларида дезинфекциялаш ишлари бошланди. Хусусан, Истанбулдаги шаҳар метробус станцияларига қўлни дезинфекциялаш воситалари ўрнатилди. Кейинчалик баъзи жойларга махсус дезинфекция туннеллари ўрнатилди.

Туркияда 16 мартдан эътиборан бошланғич ва ўрта мактаблар учун                1 ҳафталик, университетларга эса 3 ҳафталик таътил эълон қилинди. 23 мартда эса таълим телевидение ва интернет орқали масофавий таълим шаклида давом эттирилиши маълум қилинди.

Масофавий дасрлар муҳокама мавзусига айланган бир пайтда Черкезкўй туманидаги ўрта мактабнинг турк тили ўқитувчиси Мелике Буюк Динчер ўз уйидаги овқатланиш столидан мактаб доскаси сифатида фойдаланган ҳолда ўқувчиларига дарс ўтгани сабабли ижтимой тармоқларда олқишларга сазовор бўлди.

Эпидемия шароитида Туркияда бир қатор чекловлар жорий этилди, яъни 27 март кунидан барча чет эл парвозлари тўхтатилиб, шаҳарлараро транспорт ҳокимият изнига ўтказилди, армия сафига қабул қилиш ишлари ҳам вақтинча тўхтатилди, 65 ёшдан юқори ва сурункали касаллиги бўлган инсонларнинг кўчага чиқиши тақиқланди, 3 апрель оқшомида президент Ражаб Тоййиб Эрдўған коронавирус масаласида миллатга мурожаат билан чиқиб, 30 та катта шаҳар ва Зонгулдак шаҳри маълум истиснолар билан транспорт воситалари кириш-чиқиши учун ёпилди, бозор ва савдо дўкони каби одамлар кўп тўпланувчи жойларда ниқоб тақиш мажбурий этиб белгиланди, 20 ёшдан кичик барча ёшларнинг кўчага чиқиши тақиқланди, шунингдек мамлакатда лимон экспортига чеклов қўйилди.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон раҳбариятининг қатъий саъй-ҳаракатлари ва сиёсий иродаси ҳамда мамлакатимизнинг Истанбулдаги бош консуллиги ва Анқарадаги элчихонаси амалий ишлари билан мингга яқин ватандошларимиз ўз она юртимизга қайтарилди ҳамда карантинга жойлаштирилди.

Бугун тиббиёт ходимлари ўз ҳаётини гаровга қўйиб, бор тажрибаси асосида туну-кун беморлар қошида қолаётган бир пайтда бизлар ҳам лоақал ўрнатилган тартиб қоидаларга риоя этиш орқали ўз кўмагимиз ва ҳиссамизни қўшайлик.


Ғиждувон туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Ж.Нурматов