Янгиликлар
БУЮК БРИТАНИЯДА СOVID-19 ТАЛВАСАСИ.
Жорий йилнинг 26 апрель ҳолатида Буюк Британияда COVID-19 вируси билан касалланганлар сони 148377 та бўлиб, вафот этганлар сони 20319 та ёки 13.7 фоизни, касалликдан тузалганлар сони 437 тани ташкил қилмоқда.
Европа давлатлари ичида тиббиёт тизими илғорлиги меъзонида ҳам пешқадамлик қилиб келган Буюк Британияда тиббий-техник заҳира ва госпитал етишмовчилиги ҳолати кузатилиб, беъморларни фақат оғир вазиятларда госпитализация қилиш мумкин (www.rbc.ua).
Хўш, оқибат нима сабабдан бундай тус олди, Британия ҳукумати пандемияни жиловлаш, унинг оқибатларини юмшатиш ишларини қай тарзда йўлга қўйди?
Қироллик бош вазири Борис Джонсон карантин эълон қилингунига қадар айнан Англияда пайдо бўлган Чарлз Дарвин таълимотига ишора қилиб, ҳукумат карантин даврида аниқ бир чораларни кўрмаслигини, кимгадир пандемия оғир оқибатлари кузатилса, демак бу тақдир эканлигини таъкидлаган (www.1tv.ru) бўлсада, орадан кўп вақт ўтмай, қолаверса Джонсоннинг ўзида инфекция аниқланиб қаттиқ карантин жорий қилинган эди.
Ёки карантин даврида қироллик фуқароларининг карантин қоидаларига риоя қилмаганликлари бундай оқибатларга сабаб бўлганми? Зеро, эпидемиологик вазиятларда эълон қилинган карантин тадбирларининг самараси бевосита шахсга боғлиқ бўлиб, айни чоғда барчадан уйда қолиш талаб қилинаётганлиги энг тўғри ва оқилона йўлдир.
GOV.UK нинг расмий маълумотларига кўра, COVID-19 пандемиясига оид ҳукумат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, мазкур ҳужжатларга асосан катта йиғилишлар, тадбирлар, диний маросимлар ва бошқа, қайсики кишиларни яқин масофада жамловчи ҳар қандай воқеалар, сабабсиз яшаш уйини тарк этиш тақиқланган, туристик фаолият тўхтатиб қўйилган.
Ҳукуматнинг пандемияга қарши кураш чораларидан норозиликлар эълон қилинган www.bbc.com веб сайтига хабар берган Glasgow госпитали врач-терапевти Сандеш Гулхани 4 ҳафтада биринчи бор дам олиш кунига чиқаётганлигини, ҳукумат томонидан тиббий ниқоб ва тест синамалари билан таъминланмаётганликларини, яроқлилик муддати 2016 йилда ўтиб бўлган ниқоблардан фойдаланишга тўғри келаётганлигини, айрим касалхоналарда эса умуман тиббий ниқоблар мавжуд эмаслигини, короновирусга чалинган беъморлар ниқобсиз даволанаётганликлари таъкидлаган.
Ҳукумат портали GOV. UK да давлат томонидан кўрилаётган қатор чора-тадбирлар кўрсатилган, жумладан:
- барча нашрлар орқали огоҳлантирувлар;
- короновирус сабабли ишлашдан бош тортган ҳолда иш берувчи томонидан 80 фоиз иш ҳақи тўлаб берилиши кафолати;
- суғурта компаниялари ва пенсия фондидан бадалларини қайтариб олиш;
- короновирусга оид тезкор мулоқот канали NHS га мурожаат қилиш;
- Қироллик асосий ишчилари ва уларнинг оила аъзоларини инфекцияга тест қилиш;
- Британия фуқароларини чартер рейслар орқали ватанга қайтариш;
- озиқ-овқат маҳсулотларини занжирли етказиб бориш;
- дезинфекция тадбирлари ва бошқалар.
Британия ҳукумати тотал кўринишида карантин эълон қилган бўлсада, ҳар бир Британия фуқаросининг “I could die from an infection” қўрқуви мамлакатдаги СOVID-19 талвасаси нақадар оғир кечаётганлигини англатиб, кишида шукроналик ва жуда эҳтиёткорлик ҳиссини уйғотади.
Яратганга шукрлар бўлсинки, Ўзбекистон Республикасида СOVID-19 пандемияси ҳақиқатда жиловланиб, инфекция билан зарарланиш ва оғир оқибатлар динамикаси ижобий томонга ўзгариб бормоқда. Аҳолининг турмуш тарзи ва ҳаёт хавфсизлиги ҳукумат ва тиббиёт ходимларимизнинг мантиқий жиҳатдан асосли ва шиддатли тадбирлари натижаси ўлароқ яхши аҳволда.
Хулоса ўрнида, СOVID-19 пандемияси устидан эришилаётган ютуқларга маҳлиё бўлмасдан, карантин қоидаларига қаттиқ риоя қилиш лозимлигини эътироф этиб, фуқароларни карантин қоидаларига риоя қилишга, соғлиқларига ҳар қачонгидан-да кўпроқ эътибор беришларини таъкидлаш жоиз.
Ғиждувон туман адлия бўлими бошлиғи Д.Нарзуллаев