Янгиликлар
Ҳар бир оила фаровонлиги миллий қонунчилигимиз билан кафолатланган.
15 май куни - Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1993 йил 20 сентябрдаги Халқаро оила йили тўғрисидаги резолюцияга мувофиқ 1994 йилнинг 15 майидан буён мунтазам равишда нишонланиб келинади.
Шундан буён бутун дунёда, жумладан юртимизда ҳам “Халкаро оила куни” кенг нишонланиб келинади. Ўтган йиллар мобайнида юртимизда оила тушунчаси, унинг мазмун-моҳияти, жамиятда тутган ўрни масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, барча ҳуқуқий асослар яратилганини таъкидлаш лозим.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-3808-сон қарорига мувофиқ, 15 май ҳар йили Халқаро оила куни сифатида республика бўйлаб кенг нишонланиши белгилаб қўйилди.
Ўтган давр мобайнида Республика ҳукумати томонидан жамият ва оилада соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳит ҳамда тинчлик, тотувлик ва осойишталикни таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари тубдан ислоҳ қилинди.
Жумладан, ҳукуматимиз томонидан сўнгги йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва бунёдкорлик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бандликни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури амалга оширилиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида мутасадди идоралар томонидан тизимли амалий ёрдам кўрсатилди ва жойларда оилавий тадбиркорликка кўрсатиладиган хизматлар кўламини тубдан кенгайтириш, тадбиркор оилаларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари савдосини ташкил қилувчи бозор инфратузилмаси объектлари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари барпо этилди.
Айниқса, аёллар ва болалар манфаатлари, саломатлигини ҳимоя қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Бундан ташқари, Ўзюекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5938-сонли Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4602-сонли Қарорлари асосида Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил қилиниб, вазирлик зиммасига оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик ўрнатиш вазифаси юклатилди.
Бундан кўриниб турибдики, оила институти ҳамиша мамлкатимиз ижтимоий ва сиёсий ҳаётининг диққат марказида бўлиб қолаверади.
Зеро, оила – жамият таянчи, оила соғлом экан - жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакатимизда тинчлик, фаровонлик, тўкинлик ва барқарорлик абадий давом этади.
Когон туман адлия бўлими бошлиғи; Ҳ.Қорёғдиев.