Янгиликлар
ОИЛА- БАХТ ҚАСРИ, ФАРОҒАТ ҚЎРҒОНИ!
Оила табиатнинг шоҳ асарларидан биридир дейди доноларимиз. Ҳақиқатан ҳам оила инсон ҳаётига тўкислик бағишлайди, оила бахт келтиради. Энг муҳими, оила давлат аҳамиятига эга бўлган қутлуғ ишдир. Оила деганда меҳрибон она-ю, қаттиққўл ота, дуогўй онахон-у, мўйсафид отахонларимиз ҳамда қувноқ ва бир-биридан ширин болажонларимиз кўз олдимизга келади. Оила -муқаддас даргоҳ. Оила тинч бўлса, маҳалла ва юрт тинч бўлади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг алоҳида бир боби оилага бағишланган бўлиб, унинг 63-моддасига кўра, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган ва бу ҳеч қайси бир давлатда йўқ.
Қадимдан Шарқда, хусусан жонажон Ватанимизда ҳам оилага катта эътибор ва аҳамият қаратлшган. Чунки, фарзандларнинг тарбияси бевосита оиладан бошланиб, оиланинг мустаҳкам бўлиши, ундаги муҳитнинг соғлом бўлиши жуда муҳим.
Инсоний фазилатлар, инсонни улуғлайдиган фазилатлар энг авввало оилада камол топади. Оилада туғилган ҳар бир фарзанднинг соғлиғи, жисмонан етук бўлиши ва бошқа талаблар эътиборга олиниши шарт. Фарзанд ўғил бўлсин, қиз бўлсин ота-она учун Аллоҳ таоло томонидан берилган улкан бир неъматдир. Бу неъматни авайлаб-асраб вояга етказиш ота-онанинг энг катта бурчи. Унинг тарбиясини нотўғри йўлга бошлаш ота-оналар Яратган ва жамиятнинг олдида ҳам жавобгардир.
Энг муҳими, қон-қонимизга сингиб кетган бир мақол бор. “Қуш уясида кўрганини қилади...” Ота-онанинг фарзанд олдидаги яна бир муҳим бурчи – бу фарзандларни ҳалолликка ўргатиши, уларни ҳалол таом билан таомлантирмоғи зарур. Чунки ҳаром еб ўсган боладан ҳеч қачон яхшилик кутиб бўлмайди.
Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда оилага алоҳида эътибор қаратилиб, унинг ҳуқуқий асосларини белгиланиши, унинг ҳимоя қилиниши бежиз эмас албатта. Айниқса, Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5938-сонли Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилиши фикримизнинг ёрқин далилидир.
Ҳозирда, оила институти ва оилавий қадриятларни янада мустаҳкамлаш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Илгари тилга олишга уялганимиз “камбағал оила” тушунчалари ҳам ҳаётимизга кириб келиб, унга қарши курашиш ва ундан халос қилиш давлат даражасидаги вазифаларга айланди. “Ёш оила” вакилларига эса, қонунчилигимизда бир қатор афзалликлар ва имтиёзлар белгилаб берилди, “Оилавий корхона” тарзидаги тадбиркорлик субъектлари вужудга келдики, буларнинг барчаси оила деган муқаддас риштага асосланади ва оилаларни қўллаб-қувватлашни назарда тутади.
Оилада бир-бирини тушуниш, ҳурмат қилиш, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилишга ҳаракат қилиш лозим бўлиб, бунда албатта садоқат ва муҳаббат муҳим роль ўйнайди. Лекин, кейинги пайтларда оилалар орасидаги ажримлар ва бу борада ажримларнинг олдини олиш мақсадида, ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини кесимида кенг жамоатчилик вакилларининг таъсирчан кучидан фойдаланишдаги ҳаракатларни алоҳида эътироф этишимиз лозим.
Оила бевосита никоҳни англатиб, томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади. Шунга қарамасдан, кейинги вақтларда оммавий маданият кўриниши сифатида айрим ривожланган Ғарб давлатларида кузатилаётгандек бир жинсли оилаларнинг авж олиб, ҳатто давлат томонидан рўйхатдан ўтказилаётганлиги кишини ташвишга солади. Шу муносабат билан оиланинг муқаддаслиги, оилавий муносабатларнинг катта масъулият талаб этиши ва ўзимизнинг миллий урф-одатларимиз асосида қонунчилигимизга мувофиқ бўлиши лозимлиги ҳақида масала ҳозирда ҳам долзарб саналади.
Дунёга юртимизни танитган Имом ал Бухорий, Ибн Сино, Берунийдек машҳур аждодларимизнинг барчалари оилада таълим-тарбия олиб, шунинг натижасида юксак илм чўққиларини эгаллаганлар. Доим, оила ва юртларига содиқ қолганлар...
Дарҳақиқат, фақат соғлом ва тинч оиладангина Ватанига, миллатига, элу юртига ва ота-онасига хизмат қиладиган фидойи фарзандлар етишиб чиқади. Шундай экан, оилани муқаддас билиб, уни кўз-қорачиғимиздек асраб-авайлашимиз, унда камолга етаётган ширин-шакар дилбандларимиз тарбиясига жиддий эътибор беришимиз лозим бўлади.
Бугун Халқаро оила куни. Ватан остонадан бошланади дейишади. Остоналар эса оиладан бошланади. Оила чинакам бахт қасри, фароғат қўрғони бўлиб қолсин. Юртимизда бахтли оилалар сони, бахтиёр оила эгалари кўпайсин!
Абдураҳимхўжа БАФАЕВ, Бухоро шаҳар адлия бўлими бошлиғи