Янгиликлар
Оила –муқаддас қўрғон!
15 май куни жаҳон миқёсида Халқаро оила куни сифатида нишонланади. Ушбу кун БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1993 йил 20 сентабрдаги Халқаро оила йили тўғрисидаги резолюциясига мувофиқ 1994 йилнинг 15 майдан буён мунтазам равишда нишонланиб келинади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида Оила институтини мустаҳкамлаш консепцияси тўғрисида”ги
қарорига мувофиқ 15 май ҳар йили Халқаро оила куни сифатида Республика бўйлаб кенг нишонланиши белгилаб қўйилган.
Дарҳақиқат, Халқаро оила кунини ўтказишдан асосий мақсад Жаҳон ҳамжамияти диққатини оилавий қадриятларга ва оила институти билан боғлиқ муаммоларга қаратишдир. Демократик жамиятда инсонларнинг қанчалик маънавиятли ва маданиятли бўлишлари тарбия олган оиласига ва ташқи мухитга боғлиқ эканлиги деярли аксиомага айланиб бўлган. Оилалар мустаҳкамлиги учун давлатимиз томонидан кўплаб ислоҳотлар амалга оширилиши доимий тусга кирган ёш оилаларни ижтимоий мухофаза қилиш мақсадида замонавий типдаги уй-жой қурилиши дейсизми ёки никохланувчи ёшларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш чоралари буларнинг барчаси соғлом ва мустаҳкам оилани дунёга келтириш учун йўлга қўйилган. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳам юртимизда тинч ва мустаҳкам оилаларни ташкил қилишда муҳим ўрин эгалламоқда.
Зеро, инсоннинг юксак марраларини қўлга киритиб комиллик чўққисига эришишида оиланинг роли катта. Давлатимизнинг бирдан-бир мақсади ҳам шу инсонларнинг тинчлигини ва келажак авлоднинг соғлом ҳаёт кечиришини таъминлашдир. Давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳам замирида халқимиз тинчлиги ва оилаларимизнинг фаровонлиги ётибди. Оилада камол топаётган келгуси авлод вакиллари тарбияси ҳам долзарб масала бўлиб, улар келажакда бир оила бунёдкорлари ҳисобланадилар. Абдулла Авлоний айтганидек Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё ҳалокат, ё фалокат, ё жаҳолат, ё нажот масаласидир.
Шу ўринда яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчимиз, ҳар биримиз оиламиз мустаҳкамлигини таъминлаш орқали ёрқин келажакни барпо этиш борасида бирдек масъулдирмиз!
Қоракўл туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Д.Бўриев