Янгиликлар
Япония: коррупцияга қарши кураш тажрибаси
Бизга яхши маълумки, Ўзбекистон БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига аъзо давлат сифатида юртимизда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси фаолият юритмоқда. Мазкур соада Президентимиз томонидан илгари сурилган “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашиш бўйича изчил иш олиб бормоқдалар. Бироқ мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш тизими фаолияти самарадорлиги аҳволига назар солар эканмиз бу борадаги ишлар ҳали етарли маслигини гувоҳи бўлишимиз мумкин. Хусусан, Transparency International Халқаро коррупцияга қарши кураш ташкилотининг Коррупцияни аниқлаш индекси (Corruption Perception Index)даги рақамларга эътибор қаратсак, 2019 йил давомида 100 баллик индекс бўйича 25 балл билан 180 давлат орасидан 153-ўринни эгаллади ҳамда юртимизда “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан коррупция бўйича ўтказилган сўров натижаларига кўра қатнашганларнинг 66,5 фоизи мамлакатда коррупциявий ҳолатлар борлигини, 17 фоиз иштирокчи коррупция ҳамма жой ва соҳаларни қамраб олганлигини, 29 фоиз респондент эса мансабдорларнинг ҳар иккинчиси коррупционер деб ҳисоблашлари фикримизнинг яққол исботидир. Бу эса, ўз навбатида, коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонунчилик натижадорлиги тўла ўзини оқламаётганидан ҳамда агар коррупцияга қарши курашиш борасида хорижий давлатларнинг тажрибасидан фойдаланишимиздан далолатдир.
Хориж тажрибасини кузатар эканмиз, кунчиқар мамлакат бўлмиш Япония 2019 йилда Коррупцияни аниқлаш индексига кўра 180 давлат орасидан 73-балл билан 20-ўринни қайд этганини кўришимиз мумкин. Тарихга назар соладиган бўлсак, Японияда Меижи инқилобидан кейин (19-асрнинг 3-чораги) япон ижтимоий-сиёсий тизими ғарбий услубда тикланди. Коррупция муаммоси янада авж олди. Урушдан кейинги Япониянинг қайта тикланиши ва Япониянинг иқтисодий мўъжизаси давлатнинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилди. Кўпгина ҳолларда, у қонунлар ёрдамида ҳам емас, норасмий раҳбарлик ва аралашувлар ёрдамида ҳам амалга оширилди. Йигирманчи асрнинг 90-йилларига қадар амалдорлар бизнесга ёзма буйруқлар орқали емас, балки оғзаки кўрсатмалар орқали таъсир кўрсатган ва бу одат тусига кирган бўлиб, бу ишбилармонлар ва амалдорлар ўртасида алоҳида муносабатларнинг шаклланишига олиб келди.
Японияда давлат хизмати тизими 50 ёшга тўлганда мартаба секинлашиши ва нафақага чиқишга тайёргарликни англатади. Одатда бу коррупциянинг яна бир омили сифатида қаралади, чунки эрта нафақага чиққанидан кейин амалдорлар ўзлари назорат қиладиган хусусий секторлардаги компаниялар раҳбарияти билан яхши алоқаларни ўрнатиб, кейинчалик хусусий секторларда яхши иш жойларига - маслаҳатчи ёки раҳбар ўринбосарлари сифатида жалб қилинадилар. Давлат хизматидан хусусий компанияларда ишлашга ўтиш бу Aмакудари деб номланади. Таржимаси "Осмондан тушган" деган маънони англатади. Баъзи експертларнинг фикрига кўра, ушбу тизим, аксинча, коррупциядан ҳимоя қилади - келажакдаги ўтиш амалдорни ўзини қонунчиликка мос равишда ўзини тутишга мажбур қилади. Бошқа мутахассислар буни коррупцияга қарши курашиш учун замин деб билишади. Яқин вақтгача ушбу ўтиш жараёни салбий ҳодиса деб ҳисобланмади, чунки давлат хизматчиларининг иш ҳақи даражаси хусусий компаниялар ишчиларига нисбатан 30-50% паст бўлади ва шунга мос равишда "Амакудари" хизматдаги қийинчиликлар учун адолатли мукофот сифатида қабул қилинади.
Японияда сайловолди ташвиқоти, табиийки, жуда қимматга тушадиган жараён бўлиб, парламентга номзодлар давлат хизматчилари, хусусий бизнес ва ҳатто якузалар ўртасида алоҳида муносабатлар ўрнатиш учун асос бўлиб, ғолиб чиққан номзод миннатдорчилик билан ўзига ҳомий бўлган компанияларни турли йўллар билан мукофотлайди - масалан, унинг сайловига ҳомийлик қилган компанияга фойдали буюртмалар олиш учун шароит яратиб беради.
Японияда пора бериш шакллари ҳам турлича бунда нафақат нақд пул кўринишида, балки елита клубларига аъзолик, қиммат ресторан ва барларга ташрифлар учун тўлаш ва бошқа хизматларни тақдим етиш шаклида ҳам мавжуд.
Юқоридаги айтиб ўтилган коррупциоген ҳолатлар Японияда ўтган асрнинг охирларига қадар давом этди, аммо Бош вазир Шинзо Aбе даврида Японияда коррупцияга қарши кураш борасида қуйидаги ишлар амалга оширилди:
- "Амакудари" ни чеклаш борасида қонун қабул қилинди
- 100 доллардан ошиқ бўлган барча харажатларни назорат қилиш, 2008 йилдан сайловолди ташвиқоти пайтида ортиқча харажатлар тўғрисидаги ҳужжатлар назорат органларига топширилиши керак бўлди.
- коррупцияга қарши шаффофликни яратиш мақсадида 2001 йилдан бошлаб фуқароларнинг давлат идоралари томонидан сақланадиган маълумотларга ега бўлишини кафолатлайдиган ахборотни ошкор қилиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Aгар ҳукумат ёки муассаса сўралган маълумотларни эълон қилишдан бош тортса, ҳар қандай фуқаро мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатларига нисбатан шикоят қилиши мумкин бўлди. Бироқ ушбу қонунга мувофиқ нашр етиш тақиқланган маълумотлар ҳам мавжуд.
- Пора бериш ва пора олиш учун ҳамда воситачилик учун ҳам тегишли жиноий жавобгарлик белгиланди. Ваколатларини суиистеъмол қилганлик учун жазо икки йилгача қамоқ жазосидир.
Айни пайтда Японияда коррупция билан боғлиқ масалаларнинг матбуотда ёритилиши учун ҳуқуқий асос яратиб берилган бўлиб, бу коррупцияга қарши самарали кураш олиб борилаётганининг ҳақиқий белгисидир. Ҳозирда аксарият японлар бировнинг ҳаққига хиёнат қилишдан жуда қўрқади. Бировнинг ҳаққи деганда фақат моддий мулк (пул ёки буюм) эмас, балки ўзганинг вақти, ўзганинг меҳнати, ўзганинг навбати, ўзганинг кайфияти ва ҳ.к.лар ҳам тушунилади. Шу сабабли ҳам японлар коррупция, пора деган нарсаларни ҳазм қила олишмайди.
Бизнинг жамиятда ҳам ана шундай одат шаклланиши, фуқароларнинг онгида бировнинг ҳаққидан ҳазар қилиш туйғусини шакллантиришимиз даркор. Зеро бу хислат бизга бегона эмас, ислом таълимотида Аллоҳ ҳамда бошқа инсонларнинг ҳаққи – ўғрилик, порахўрлик, ёлғон, зулм кабилар гуноҳ саналиши кўрсатиб ўтилган. Айнан шу турдаги гуноҳларнинг тавбаси оғир экани, қиёматда мазлум бандаси рози бўлмагунча, Аллоҳ ҳам кечирмаслиги айтилган. Шундай экан ҳар биримиз жамиятда коррупцияга қарши курашиш устувор вазифамиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Бекзод Нишонов, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи