Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

20

КОРРУПЦИЯ - ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ


Коррупция бутун дунё мамлакатларининг энг оғриқли ва энг жиддий муаммоларидан бири ҳисобланади. Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. У фуқароларнинг ижтимоий адолатга, давлат органларига нисбатан ишончини сусайтиради, мамлакатнинг иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатади, қолаверса жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитнинг бузилишига олиб келади.

Ушбу иллатга қарши курашиш борасида мамлакатимизда соҳага оид халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш билан бир қаторда, коррупцияга қарши курашиш бўйича қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу зарарли ҳодиса мавқеи, ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва бошқарув тизимидан қатъий назар барча мамлакатларда учрайди.

Хўш, ривожланган давлатлар коррупцияга қарши  қандай курашмоқда?  Келинг, ушбу масалани нафақат Осиёнинг балики жаҳоннинг етакчи давлатлари мисоли кўриб чиқсак. 

Масалан, Япония давлатида коррупцияга қарши кураш соҳасида амалга оширилаётган айрим ишлар хусусида тўхталадиган бўлсак, барчамизга маълумки, Япония иқтисодий ривожланиш даражаси юқори бўлган мамлакат бўлиб, унинг коррупцияга қарши сиёсати давлат бошқаруви тизимида ушбу салбий иллатга қарши механизмларни такомиллаштириш йўлларини топишга асосланган. “Transparency International” халқаро коррупцияга қарши кураш ташкилотининг 2018 йил якунлари бўйича эълон қилган рейтингга кўра, Япония 180 та мамлакат орасида энг юқори 20 таликка кирганлиги ушбу давлатда коррупцияга қарши сиёсатнинг самарали амалга оширилаётганлигидан далолат беради.

Коррупцияга қарши курашишда Японияда таълим-тарбия жараёни муҳим роль ўйнайди, япон тилида коррупция сўзи “ифлос иш” деб таржима қилинади. Aгар японлар коррупцияда айбланадиган бўлса, нафақат айбдор шахс, балки унинг бутун оиласига тушадиган энг катта шармандалик ҳисобланади.

     Қадим замонлардан бери Японияда шахсий манфаатларни қурбон қилиш қобилиятини умумий манфаатларга қурбонлик сифатида қадрланган. Кунчиқар юрт Конституцияси талабларига кўра, ҳокимият органларининг барча мансабдор шахслари бутун жамиятнинг хизматчилари ҳисобланади ҳамда шахсий манфаатлардан юз ўгириш – бу амалдорларнинг йўлидир.

    Бугунги кунда Япониянинг ҳуқуқий сиёсати, жиноий қонунчилиги ва жиноятчиликка қарши кураш тизимининг самараси ўлароқ ушбу мамлакат узоқ вақтдан бери дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири ҳисобланади.

   Япония Жиноят кодексига мувофиқ пора олиш, талаб қилиш ёки олдиндан олиш учун хавфлилик даражасига қараб турли муддатларга мажбурий жисмоний меҳнатга жалб қилинган ҳолда озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилади. Кодексда нафақат мансабдор шахс томонидан пора олиш, балки учинчи томонга бериш, воситачилик учун пора олганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Японияда сиёсатчилар ва ходимларнинг ўз хизмат мажбуриятларини бажаришда уларнинг ахлоқий хатти-ҳаракатларига катта эътибор берилади. Жумладан, “Парламент тўғрисида”ги Қонунида “касбий этика” бобининг мавжудлигини ёки “Давлат хизматчиларининг этикаси тўғрисида”ги Қонун амал қилаётганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Унда ходимларнинг ахлоқ қоидалари, касбий фаолияти билан боғлиқ ҳолда совғалар олишга ва кўрсатилган хизматлар натижаларини қабул қилишга тақиқ ва чекловлар мавжуд бўлиб, ушбу қоидалар ва меъёрларга риоя этилиши устидан назорат қилишнинг қатъий тартиби белгиланган.

Японияда коррупция билан боғлиқ барча материаллар, агар улар миллий хавфсизлик тизимига таъсир қилмаса, кенг жамоатчилик учун очиқ ҳисобланади. Бундан ташқари, ушбу давлатда давлат ҳокимияти органларининг аҳолига ҳисобот бериш амалиёти самарали йўлга қўйилган.  Шунингдек, коррупция билан боғлиқ ишларни кенг оммага етказиб бориш мақсадида 2001 йилда Японияда ахборотни ошкор қилиш тартибини назарда тутувчи қонун қабул қилинган. Ушбу ҳужжат фуқароларга давлат органлари томонидан сақланадиган маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқини, шу билан бирга агар ҳукумат муайян маълумотларни ошкор қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилган бўлса, у ҳолда маълумотларнинг ошкор этилишини назорат қилиш кенгашига мурожаат қилиш имкониятини кафолатлайди.

Бундан ташқари, агар мансабдор шахслар коррупция нуқтаи назаридан бирон нарсани яширишса ва фуқаро амалдорни обрўсизлантирадиган нарсани билса, у ҳукуматдан обрўсизлантирувчи фактларни ошкор қилишни талаб қилишга ҳақли. Шундай қилиб, давлат хизматчилари ўртасида коррупцион ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли чоралар кенг жамоатчиликнинг босими ҳамда самарали жамоат назоратининг амал қилаётганлиги боис ҳам ушбу салбий иллатга ўзининг натижасини бермоқда.

       Кадрлар сиёсати Японияда коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирларнинг асосий йўналишларидан биридир. Катта табиий ресурсларга эга бўлмаган ушбу Осиё мамлакати кўп жиҳатдан самарали кадрлар сиёсатининг амалга оширилаётганлиги туфайли инновацион технологик тараққиётга эришмоқда. Японияда ёш авлодда маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялашга катта эътибор берилмоқда. Тўрт ёшли болаларга яхшиликни ёмондан ажратишга, оптимист бўлишга ўргатилади. Aнъанага кўра, япон мактабларида кўпроқ тарбияга эътибор қаратилади. Жумладан, бошланғич ва қуйи ўрта мактабларининг ўқув дастурларида “дотоку кеику” – ахлоқий тарбия каби махсус фанлар ҳам мавжуддир. Шубҳасиз, кунчиқар юрт ноёб ва замонавий демократик, иқтисодиёти ривожланган мамлакатдир.

Хулоса қилиб айтганда, Японияда коррупцияга қарши курашишнинг устувор йўналишлари сифатида ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, давлат хизматини ислоҳ қилиш (муносиб иш ҳақи, рағбатлантириш тизими, меритократия принципи), фуқаролик ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари томонидан ижтимоий-ҳуқуқий назорат ва сиёсатчиларга маънавий таъсир кўрсатиш тизимининг амал қилаётганлигини ҳамда бу борада ижобий тажрибалар мавжудлигини эътироф этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

1965 йил мустақилликка эришгунга қадар Сингапур замонавий коррупциялашган мамлакатлардаги манзарани эслатувчи вазиятга тушиб қолганди. Мамлакат ўта оғир иқтисодий кунларни бошдан кечирар, жамиятда қонунсизлик ҳукм сурарди. Бир томондан қонунчилик узоқ Англиядан, яъни Британия мустамлакачилари томонидан импорт қилинган, иккинчи томондан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уюшган жиноятчиликка курашиш қобилиятига эга эмасди. Амалдорларнинг аксарияти эса коррупция ботқоғига ботиб бўлганди. Аҳолининг кўпчилиги саводсиз бўлиб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилолмасди. Мамлакат раҳбарлари коррупция ва ўзибўларчиликни илдизи билан қўпориб ташлаш кераклигини, бусиз мамлакатнинг келажаги йўқлигини тушуниб етди. Бу эса қатъийлиги ва изчиллиги билан ажралиб турувчи бутун бир чоралар тизимини қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилди. Амалдорларнинг ҳаракатлари йўлга солинди, бюрократик тўсиқлар бартараф этилди, юқори ахлоқ-одоб стандартларига риоя этиш устидан кучли назорат таъминланди. Мазкур чораларни ҳаётга татбиқ этган ва ўз ваколатларини бугунгача сақлаб қолган орган – коррупция ҳолатларини тергов қилувчи махсус Бюро иллатни маҳв этишда улкан роль ўйнади. Фуқаролар Бюрога давлат хизматчиларининг ҳаракатлари устидан шикоят билан мурожаат қилишар ва зиённи ундириб беришни талаб қиларди.

        Бир вақтнинг ўзида коррупция ҳаракатлари учун жиноий жазо кучайтирилди, суд тизими мустақиллиги оширилди, судьяларнинг маошлари кескин оширилди, уларнинг ижтимоий мақоми таъминланди, пора берганлик ёки коррупцияга қарши терговда иштирок этишдан бўйин товлаганлик учун сезиларли иқтисодий жазо жорий этилди. Кўплаб давлат ташкилотларида барча ходимларни ишдан ҳайдашгача бўлган қаттиқ чоралар кўрилди. Ушбу чоралар давлатнинг иқтисодиётга аралашувини камайтириш, амалдорларнинг маошини ошириш, малакали маъмурий кадрларни тайёрлаш орқали амалга оширилди. “Фоиз”, “тақдирлаш”, “бакшиш” – маҳаллий жаргонда коррупцияни қандай аташмасин, у осиёча турмуш тарзининг кўринишларидан биридир. Вазирлар ва амалдор шахслар эҳтиёжлари талаб қилаётган даражада маошларига яшай олмайди. Мансаби қанчалик юқори бўлса, уларнинг уйлари ҳам шунча кўп. Бу ҳам етмаганидек, уларнинг хотинлари, жазманлари кўп. Эрларининг мансабларига қараб тилла тақинчоқлари ҳам қимматбаҳо. Бундай мамлакатларда бизнес қилувчи сингапурликлар ярамас одатларни уйга олиб кирмасликлари керак, деб ёзган эди мамлакат бош вазири, Сингапурдаги ислоҳот ташаббускорларидан бири Ли Куан Ю.

Ҳозирги пайтда кучли авторитар бошқарувли давлат - Сингапур коррупция кўлами камлиги, иқтисодий эркинлик ва тараққиёт даражаси бўйича жаҳон рейтинггида етакчи ўринда бормоқда. Атиги 4 миллион аҳоли истиқомат қилаётган Сингапур тажрибаси сиёсий ирода, самарали антикоррупцион қонунчилик ва пулга сотилмас мустақил агентлик эвазига атиги бир неча йилда коррупцияни жуда паст даражага тушириш мумкинлигини намойиш этди.

Табиий бойликлардан маҳрум Сингапур 1959 йилдан 1990 йилгача кўплаб ички муаммоларини ечишга, учинчи дунё мамлакатидан, аҳолиси фаровон, саноати юксак ривожланган давлатлар сафига қўшилишга муваффақ бўлади.

Сингапур мустақилликка эришгунига қадар қашшоқ бўлиб, ҳатто чучук сув ва қурилиш учун мўлжалланган қумни ҳам хориждан келтирган. Қўшни мамлакатлар нодўстона кайфиятда бўлса, аҳоли орасида социалистик ғоялар оммалашиб кетганди. Мамлакат Британия колонизаторларидан нобоп ҳукуматни, корруциялашган жамиятни мерос қилиб олганди. Амалдорларнинг кўпчилиги порахўр бўлгани, қонунчилик самарасиз бўлганлиги сабабли жиноятга далил топиш ўта мураккаб эди. Давлат амалдорлари тижорий сектор ходимларидан ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиши, аҳоли саводхонлигининг паст даражаси, ҳуқуқий маданиятнинг етишмаслиги курашни қийинлаштирди. Натижада пора мақсадга эришишнинг ягона усулига айланди. Масаланинг яна бир мураккаб томони шунда эдики, инглизлар даврида ташкил этилган Коррупция ҳолатларини тергов қилувчи Бюро хизматчилари маҳаллий полициядан иборат бўлиб, улар руҳий жиҳатдан ушбу иллатга қарши курашга тайёр эмасди.

Мамлакат жуда оғир аҳволга келиб қолганини тушунган ҳукумат жамиятда очиқлик ва тозалик муҳитини яратишга, коррупцияни ижтимоий номақбул ҳодиса деб талқин этилишига эришиш учун қатъий қарор қилди. Ўз ишининг асосига “тоза ва сотилмас бўлиб қолиш” принципини устувор қўйди. Стратегия муаллифлари коррупция устидан назорат миллий тараққиёт учун муҳимлигига ишонишарди. Ли Куан Ю ҳукумати ўз олдига Сингапурни Жануби-Шарқий Осиёнинг молиявий ва савдо марказига айлантириш, шунингдек, мамлакатга хорижий сармоядорларни жалб этиш мақсадини қўйганди. Раҳбарларининг сиёсий иродаси ва кучли антикоррупция қонунчилиги ҳисобига Сингапур порахўрликни енгишга ва жаҳоннинг иқтисодий етакчилари қаторидан жой олишга эришди. Биринчи навбатда коррупцион ҳаракатлар содир этиш имконияти қисқартирилди. 1960 йилда коррупцияга қарши кураш стратегияси коррупция олдини олиш ва коррупция тергови бўйича Бюрони алоҳида ваколатлар билан таъминлаш тўғрисидаги қонунда мустаҳкамлаб қўйилди.

Мустақил Бюро ҳокимиятнинг энг олий эшелонларида порахўрликка қарши кураш олиб борди. Тергов Бош вазир Ли Куан Юнинг ҳатто энг яқин қариндошларига нисбатан ҳам олиб борилди. Коррупцияга алоқадор қатор вазирлар турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди ёки ўз ҳаётларига суиқасд қилишди ёки мамлакатдан қочиб кетишди. Улар орасида Ли Куан Юнинг қадрдон дўстлари ҳам бор эди.

Демак, ҳамма нарсадан кўра қонун устуворлигини афзал кўриш, жамиятда ҳамманинг қонун олдида тенглиги принципини тарғиб қилиш ва унга амал қилиш, бу йўлда юқори мартабали амалдорлар ва қариндошларини ҳам аямаслик Сингапурда коррупцияни бартараф этиш ишига хизмат қилди.

Албатта биз биз ҳам бошқа давлатларнинг ижобий тажриба ва ютуқларини ўрганиб, уларни ўзимизда жорий қилиш чорларини кўришимиз лозим.

Коррупцияга қарши курашда миллий қонунчилигимиз анча такомиллаштирилиб, бу борада “Коррупцияа қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ва Президентимизнинг бир қатор ҳужжатлари ҳам қабул қилинди. Бу албатта масаланинг нечоғлик долзарблиги билан боғлиқ. Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашда коррупцион жиноятларга тайинланадиган жазолар муҳим роль ўйнаши аниқ.

Мисол тариқасида, Финляндиянинг Жиноят кодексида давлат хизматчилари бўлган шахсларга коррупция жиноятини содир этганликлари учун жаримадан тортиб 2 йил озодликдан маҳрум этишгача бўлган турли жазо чоралари белгиланган. Шу билан бир қаторда у шахслар эгаллаб турган лавозимларидан озод этиладилар, жазони енгиллаштирадиган ҳолатлар бўлса 2 ойдан 4 йилгача маълум бир фаолият билан ёки маълум бир лавозимни эгаллашлари тақиқланади.

Осиё мамлакатларида эса, корупцияга қарши курашда энг кескин чоралар кўрилади. Хусусан, Хитойда пора олганлиги учун бемалол ўлим жазосига маҳкум қилинади. Хитойнинг жиноят кодексида бундай кескин чоралар 1980 йилларнинг бошларида белгиланган. Отиш ошкора равишда амалга оширилади. Бундай ҳукмлар бир йилда бир неча мингни ташкил этиши мумкин, бу ҳукм асосан йирик корпорацияларнинг менежерлари ва йирик амалдорларга нисбатан кўпроқ қўлланилади. Порахўрлиги учун қўлга тушган хитой амалдорларини қўлларини чопиб ташлаш ҳолатлари ҳам тез-тез учраб туради. Хитой ҳукумати амалдорларга давлат тизимларидан ишдан кетганидан кейин нуфузли лавозимларга ишга ўтишга келишиш, кўчмас мулк ва автомобилларни шубҳали кўринган паст нархларда харид қилиш, биржа акцияларини совға сифатида қабул қилишни тақиқлаб қўйган. Коррупцияга қарши курашдаги энг қатъий охирги чоралар бу хитойликлар пора олишга ҳавас қилмасликка қарши қандай курашиш лозим эканлигини ўргатувчи махсус курсларга қатнайдилар. Шунингдек, амалдорларнинг оилалари билан ҳам профилактика ишлари олиб борилади. Давлат хизматчилари, уларнинг рафиқалари ва фарзандлари учун пора олганлар жазоланаётган қамоқхоналарга экскурсиялар ташкил этилади. Жазоланганларни қатл этиш учун у қатл этилганидан кейин унинг қариндошлари фойдаланилган патрон (ўқ) учун ҳисоб (пул) олишади.

Куба давлатида ҳам порахўрлик учун қатл этиш чораси қўлланилади.

Араб амирлигида ўғирлиги учун коррупционер-порахўрларнинг қўллари чопиб (кесиб)ташланади. Порахўрлик бу демак ўғриликдир, қачонки амалдор сизнинг чўнтагингизга пул учун тушишни хоҳладими, демак бу ўғрилик-порахўрликдир.

Юқоридагилардан шуни хулоса қилиб айтиш мумкинки, дунё давлатларида коррупция ҳолатлари учун қандай чоралар кўрилмасин, ҳамон коррупцион жиноятлар мавжуд. Бу эса, тайинланадиган жазо билан коррупцияга қарши курашишда ижобий факторга эришиш қийинлигини англатади. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, коррупцияга қарши курашиш жараёни аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўп жиҳатдан боғлиқ.

        Демак, одамлар онгида ҳуқуқий тушунча, тасаввур, баҳолаш, фикр юритиш каби жараёнларгина шаклланиб қолмасдан, балки ҳуқуқий тизимнинг турли соҳалари яъни ҳуқуқ ижодкорлиги, ҳуқуқий амалиёт, суд, суд жараёни, жазо тайинлаш, адлия органлари хизмати, прокуратура ва бошқалар ҳақида ҳам тушунчалар бўлиши зарур. Шу билан бирга, қонунларга итоат эмас, авваломбор қонунларга ҳурмат руҳи шаклланиши лозим.

         Шундагина ҳуқуқий билимларни ҳаётга татбиқ этиш, қонунга риоя этишни шакллантириш, ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасизликка эришилади. Айнан шунинг учун ҳам шахс ҳуқуқий онгини шакллантириш орқали мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар ва ислоҳотларни тўғри англаши ва уларга мослашиши мумкин бўлиб, пировард мақсадимиз бўлган ҳуқуқий демократик давлат қурилишига эришилади.

   Абдураҳимхўжа БАФАЕВ,  Бухоро шаҳар адлия бўлими бошлиғи