Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

20

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш динамикаси ёхуд Transparency International ташкилоти нигоҳида Ўзбекистон


Мамлакатимиздаги коррупция, унинг динамикаси ҳақида гап кетганда, “у билан қандай курашиш мумкин?” деган оғриқли ўй келади ҳаёлимизга албатта.

Дарвоқе, Ўзбекистон коррупцияга қарши курашда узоқ муддатли ижобий динамикани намойиш этувчи 16 та давлат қаторига кириши кўпчилигимизга маълум. Асрлар, йиллар давомида яшаб келаётган бу нобакор, қора иллатнинг умумий тушунчаси, Ўзбекистонда унга қарши курашиш ҳамда халқаро майдондаги ўрнимиз ҳақида сўз юритсак.

Коррупция деганда, умумий маънода, шахсий бойлик орттириш ва шахсий манфаати йўлида шахсга ишониб топширилган лавозимини қасддан ва ноқонуний суиистеъмол қилиш тушунилади (гарчи миллий қонунчилигимиз, жумладан Жиноят кодексида унга кенгроқ таъриф берилган бўлсада). Бу эса ўз навбатида коррупция контурлари ва оқибатларини ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг

3-моддасида эса “Коррупция - шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш” деб таъриф берилган.

БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясида эса “Коррупция шахсий наф кўриш мақсадида давлат ҳокимиятини суиистеъмол қилишдир” дея нисбатан қисқа лекин кенг қамровли таъриф берилган.

 Коррупцияда доим камида икки томон иштирок этади: бунда бир томондан ноқонуний йўл билан бойлик орттираётган (ўзи ёки учинчи шахс учун) мансабдор шахс ва бошқа томондан мансабдор шахсдан актив ёки пассив усулда унинг манфаатини кўзловчи қарор қабул қилинишини кутаётган шахс.

 Коррупция ҳаракатларига:

 -амалдор, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, суд, солиқ, божхона, таълим, тиббиёт ёки маъмурий муассасалар, шунингдек, ҳар қандай хусусий корхонанинг мансабдор шахсига пора бериш,

 - маҳаллий ёки чет эл амалдори ва халқаро ташкилот амалдорини пора бериш орқали сотиб олиш,

 -давлат мансабдор шахси томонидан мулкни талон-тарож қилиш, ғайриқонуний ўзлаштириш ёки ундан мақсаддан ташқари фойдаланиш,

 - шахс томонидан шахсий бойлик орттириш ёки учинчи шахснинг бойиши мақсадида ўз обрўси ёки хизмат мавқеидан фойдаланиш,

 - ошна-оғайнигарчилик ёки уруғ-аймоқчилик мисол бўла олади.

 Қисқа қилиб айтганимизда, коррупция мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ иллат десак адашмаймиз.

 Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш борасида махсус қонун қабул қилинган, шунингдек, мамлакатимиз томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2003 йил

31 октябрдаги Коррупцияга қарши конвен­цияси ратификация қилинган. 2008 йил 7 июлда ушбу Конвенцияга қўшилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган.

 Ўзбекистон Республикаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги 2017 йил

3 январдаги Қонуни билан коррупцияга қарши кураш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

 Ўзбекистон Президенти 2017 йил 3 январда имзолаган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатиб берилган.

 Буларга:

    - аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

 -давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;

 -коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш киради.

Шукурки, кеч бўлсада, янги давлат раҳбари бошчилигида Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишда “compliance control“ тизими жорий этилиши бошланди.

Унга кўра коррупция “ботқоғи”даги соҳалар “тозаланиши” ҳамда давлат хизматчиларининг мол-мулки декларация қилиниши белгиланди.

Шунингдек, олий таълим ва қурилиш соҳасини коррупциясиз соҳаларга айлантириш бўйича ҳужжатлар тайёрланди, бунинг натижаси ўлароқ 2019 йил 1 августдан капитал қурилиш ва олий таълим тизимида тажриба тариқасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга ошириш бошланди. Зотан, ҳар қандай ислоҳотнинг муваффақияти биринчи навбатда фақат ва фақат таълимга боғлиқдир. 2020 йил 1 апрелдан бошлаб эса, лойиҳани бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий қилиш бошланиши лозим эдики, пандемия даврида бу қандай кечмоқда тез орада ўз натижасини берса ажаб эмас.

“Нима учун қурилиш ва олий таълим соҳаси” деган ўринли савол туғилади. Боиси, бу икки соҳалар коррупцияон майдонда ўзаро пойга ўнаётгандек назаримизда.

Биргина олий таълимни олиб қарайдиган бўлсак, маълумотларга кўра коррупция ҳолатлари, асосан, сўнгги икки йилда тизимдаги 326 нафар ходим таълим жараёни билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгарликка тортилган, уларнинг 220 нафари коллеж ва лицейларга, 106 нафари олий ўқув юртларига тўғри келмоқда.

Олий таълим муассасаларининг жиноят содир этган ходимларидан 3 нафарини ректорлар, 5 нафарини проректорлар, 15 нафарини декан ва декан ўринбосарлари, 62 нафарини ўқитувчилар ташкил этади. Коллеж ва лицейларда эса, 34 нафар директор, 31 нафар директор ўринбосари, 94 нафар ўқитувчи жиноятга қўл урганлиги қайд этилади маълумотда.

Юқоридаги ҳолатлар таълим тизимимиздаги фожиа десак хато қилмаймиз.

Сўз якунида Transparency International ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан 1995 йилдан буён “дунёнинг коррупция ҳақида тасаввури” бўйича эълон қилиниб келинаётган маълумотларга эътиборингизни қаратсак.

Ўзбекистонда аниқланган коррупцион ҳуқуқбузарликлар давлат корхоналари ва муассасалари, ички ишлар органлари ва банклар энг коррупциялашган соҳалар эканлигидан далолат беради. Ушбу жойларнинг аксарияти аҳоли томонидан сўров давомида аниқланган жойларга тўғри келади. Шу билан бирга, мансабдор шахслар томонидан 2013 йилдан 2017 йилгача содир этилган коррупцияга оид жиноятлар 43 фоизга камайган, айнан прокуратура органлари томонидан 2015 йилдан 2017 йилгача турли коррупцион жиноятлар учун 14 171 шахсга (2015 йил – 6853, 2016 йил – 4524, 2017 йил – 2794) қарши 8572 та жиноят иши қўзғатилган (2015 йил – 3778, 2016 йил – 2860, 2017 – 1934).

2020 йил бошида эълон қилинган 2019 йилги коррупцияни қабул қилиш индексини (Corruption Perception Index) маълумотларга назар солсак, уларга кўра Ўзбекистон ушбу индексда ўрнини бироз яхшилаб, 25 балл тўплаган. Мамлакат 180 давлат ва ҳудудлар орасида 153-ўринни эгаллади (ўтган йилги кўрсаткич - 158-ўрин).

Ташкилотнинг ушбу маълумотларидан коррупциялашган, унинг ҳиди деярли барча соҳаларда уфириб турган  давлатлар салмоғи иқтисодий ривожланиш даражаси паст, қашшоқ ҳудудларга тўғри келишини кўришимиз мумкин.

Маълумот учун, “Коррупцияни тасаввур қилиш” индекси 1995 йилдан бошлаб дунёнинг барча мамлакатларида давлат секторида коррупсия даражасини аниқлаш бўйича экспертлар ва тадбиркорлар баҳолари асосида 0 (энг юқори) 100 (энг паст) шкала бўйича баҳоланади. Шунингдек, ушбу индекс Жаҳон банки, World Justice Project, Африка тараққиёт банки, Economist Intelligence Unit ва бошқа мустақил ва таниқли институтлар томонидан ишлаб чиқариладиган коррупцияга оид маълумотларининг турли манбаларини йиғиш орқали баҳоланади.

Ва бизни хурсанд қиладиган жиҳати шуки, Transparency International халқаро ташкилотининг халқаро коррупцияга қарши барометридаги маълумотларга кўра бир неча йиллардан бери мамлакатимизда коррупция динамикаси ижобий баҳоланиб келинмоқда, шу учун бўлса керакки, ташкилот Ўзбекистонни коррупцияга қарши курашда узоқ муддатли ижобий динамикани намойиш этувчи 16 та давлат қаторига киритган.

Зеро, Transparency International халқаро ташкилотининг коррупцияни идрок этиш индекси маълумотлари бўйича Ўзбекистон 2010 йилдан бери ҳар йили ўз мавқейини яхшилаб келмоқда. Бинобарин, 2010 йилда Ўзбекистон 16 балл билан 180 давлат ичида 172-ўринда турган бўлса, 2019 йилда эса у 25 балл билан 180 давлат ичида 153-ўринни эгаллади.

Ҳурматли азиз ўқувчи, келинг, ушбу ўринга эътибор қаратмасдан, ҳар бир фуқарони коррупцияга қўл уришдан сақлаб қолиш учун аввало ўзимизда ушбу иллатга қарши тура оладиган кучли қурол ҳосил қилишга одатланайлик. Шундагина мамлакатимизда коррупцияга ўрин қолмайди, бинобарин улар шунчаки сонлардир, барчамиз коррупциясиз натижаларни, бошқача айтганда, ҳақиқий ҳолатни реал ҳаётимизда ҳис этсак бўлгани.

Вобкент туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Зоҳид Ҳалимов