Янгиликлар
Коррупцияга қарши курашиш давр талаби
Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат тушунчасини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда. Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар эканини уқтирилмоқда. 2017 йил 3 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни коррупцияга барҳам бериш учун барча асосларни яратиб берди десак муболаға бўлмайди. Қонунда "Коррупция" тушунчаси келтирилган бўлиб, шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, Қонунда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар:
- аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;
- давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;
- коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш белгилаб берилган.
Мазкур қонун ижроси тўлиқ ва самарали таъминланиши учун 2017 йил 2 февралда давлатимиз раҳбарининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Коррупцияга қарши кураш борасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинаётган бўлсада, мазкур жараён ҳамон глобаллигича қолмоқда, чунки ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, нафси ва кўзи оч амалдорлар жамиятда учраб турибди. Бундай салбий иллатнинг айрим давлат бошқарув органлари мансабдор шахслари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан содир этилиши энг аянчли ҳолатдир. Бундайларда ҳар доим қачондир ва қаердадир нафси ҳакалак отиб кетиш хавфи бўлади. Бу иллатни даф қилиш учун жамиятда қонун устуворлиги асосий масала бўлиши лозим.
Халқаро тажрибадан маълумки, давлат хизматчилари учун стандарт тақиқлашлар, чеклашлар ва низомлар барча ривожланган мамлакатлар қонунларида мавжуд. Қуйида Мексика давлатида коррупцияга қарши курашиш борасидаги чора ва услублари ҳақида тўхталсак. Мексикада жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш юзасидан бир қатор чоралар кўрилган бўлиб, мамлакатнинг Монтеррей шахрида 2018 йилдан буён янги саёҳат йўналиши – Коррупцион тур очилган бўлиб, маҳаллий амалдорлар суратлари, пул тўла халталар билан турган костюм кийган чўчқа ва калламушлар суратлари ёпиштирилган битта автобусга йўловчилар (амалдорлар, депутатлар, талабалар ва оддий аҳоли вакиллари) жойлашиб, шаҳарнинг энг қолоқ, йўллари бузилган, деворлари тўкилиб ётган ва бошқа солиқ тўловчиларнинг маблағлари ноқонуний ишлатилган ёки ўзлаштирилган жойларга олиб борилади. Шу билан бирга, ушбу йўналишга кам таъминланган ва шароити оғир оилалар яшайдиган мавзеларга олиб борилади. Бунинг мақсади, айнан кимлар юқори лавозимларга тайинланиши ёки сайланиши борасида маҳаллий аҳолини ўйлантиришдир ҳамда амалдорлар, депутатларни ҳар бир босаётган қадами қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигига ўз кўзи билан гувоҳ бўлишидир.
Ҳозирги кунда, тегишли интернет нашрлари томонидан доимий равишда мамлакатимизнинг барча худудларида мавжуд камчиликлар, таъмирсиз мактаблар, бузилган кўприклар, огоҳлантиришсиз уй бузилишлар, сув босган ер тўлалар ва бошқа оғир мисоллар келтирилмоқда ва буларнинг аксарияти шу иллатнинг асорати десак муболаға бўлмайди.
Мексикада қўлланилаётган чоралар бизнинг мамлакатимизда ҳам муайян даражада қўлланилган тақдирда, балки жамиятда порахўрлик иллати камайган бўлар эдими?! Хусусан, амалдорларни тегишли худудларидаги умуман газ, электр энергияси бўлмаган энг чекка қишлоқларга, энг чекка овулларга юбориб, юборганда ҳам асфальт кўрмаган йўллар орқали, бузилиб кетган кўприклар орқали соатлаб олиб бориб, ўша жойда муайян муддатда яшашини белгилаб, коррупция қандай оқибатларга олиб келаётганлигини ўз кўзи билан кўрган тақдирдагина, келгуси фаолиятида хулоса қилар эди.
Қоровулбозор туман адлия бўлими бошлиғи Миршод Пўлатов