Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Адлия аралашгач


Бухоро туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.С. жорий йилнинг 17 апрель куни Бухоро вилоят адлия бошқармасининг "Ишонч телефони"га мурожаат қилиб, унда бола парвариши таътилида бўлсада, вилоят Асакабанк томонидан асоссиз равишда ишдан бўшатилганлигидан норози бўлиб, ушбу масалада амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Мурожаат адлия ходимлари томонидан батафсил ўрганиб чиқилганда мурожаат муаллифи ташкилот бошқарувчисининг буйруғига асосан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-банди билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ва бугунги кунга қадар иш берувчи томонидан мурожаат муаллифининг меҳнат дафтарчаси ва меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги буйруқ нусхаси билан таништирилмаганлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 107-моддасида меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилиши ва буйруқ билан расмийлаштирилиши, охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланиши ҳамда мазкур кодекснинг 108-моддасида меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шартлиги белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномада меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шартлиги, иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланиши, ходим ишдан бўшаганда меҳнат дафтарчасини олганлиги тўғрисида шахсий варақасига ва ходимлар бўлимидаги ҳисобот китобига имзо қўйиши, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим ишда бўлмаган тақдирда, иш берувчи ўша куниёқ унга почта орқали меҳнат дафтарчасини олиб кетиш тўғрисида огоҳлантирувчи хабарнома жўнатиши кўрсатиб ўтилган.

Шунга кўра аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига даъво ариза ва “Асака” акциядорлик тижорат банки Бухоро вилоят филиалига белгиланган тартибда тақдимнома киритилиши таъминланди.


Туйғун Азимов, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи