Янгиликлар
Адлия органлари инсон манфаатлари йўлида
Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Б.Н. ноқонуний равишда ишдан бўшатилганлигидан норози бўлиб, вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилган.
Мурожаат адлия ходимлари томонидан батафсил ўрганиб чиқилганда мурожаат муаллифи Когон туман ДСИ бошлиғининг буйруғига асосан ишга қабул қилинган бўлсада, буйруққа асос сифатида кўрсатилган ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат шартномаси бугунги кунга қадар белгиланган тартибда расмийлаштирилмаганлиги, яъни мурожаат муаллифи томонидан имзоланмаганлиги, шунингдек, тузилган меҳнат шартномаси Когон туман давлат солиқ инспекцияси томонидан 17.04.2020 йилда буйруқ асосида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-қисм билан бекор қилинган бўлсада, меҳнат дафтарчасини олиб кетиш тўғрисида 23.04.2020 йилда огоҳлантириш хати тайёрланган ва фуқаро яшаш манзилига 24.04.2020 йилда почта алоқа воситаси орқали юборилган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 82-моддасида ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилиши ва буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлиши, 74-моддасида меҳнат шартномаси ходим ва ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг имзолари билан мустаҳкамланиб, имзоланган муддати қайд этиб қўйилиши, 83-моддасида қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилган меҳнат шартномаси у имзоланган пайтдан бошлаб кучга кириши, шунингдек, мазкур кодекснинг 108-моддасида меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шартлиги белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномада меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шартлиги, иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланиши, ходим ишдан бўшаганда меҳнат дафтарчасини олганлиги тўғрисида шахсий варақасига ва ходимлар бўлимидаги ҳисобот китобига имзо қўйиши, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим ишда бўлмаган тақдирда, иш берувчи ўша куниёқ унга почта орқали меҳнат дафтарчасини олиб кетиш тўғрисида огоҳлантирувчи хабарнома жўнатиши кўрсатиб ўтилган.
Шунга кўра аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари, унинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан Когон туман ДСИга белгиланган тартибда тақдимнома киритилиши таъминланди.
Туйғун Азимов, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи